ҲАРАКАТЛИ ЎЙИНЛАР – БОЛАЛАР БУЙРАК КАСАЛЛИКЛАРИДА ШИФОБАХШ ОМИЛ

Бугунги кунда юртимизда ёш авлоднинг жисмонан соғлом, маънан етук бўлиб ўсиб-улғайишига катта эътибор қаратилмоқда. Президентимиз раҳнамолигида соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган туб ислоҳот ва янгиланишлар ҳозирда жаҳон ҳамжамияти томонидан кенг эътироф этилаётир.

Ҳозирда урология соҳаси тиббиётнинг бошқа йўналишлари каби Ўзбекистонда – жадал ривожланиб бораётган тиббиёт тармоқларидан биридир. Бу соҳада бугунги кунда малакали кадрлар тайёрлаётган, ўз касбининг фидойи инсонларидан бири бўлган, Ўзбекистонда болалар урологиясига катта ҳисса қўшаётган тиббиёт фанлари доктори, профессор Жуманазар БЕКНАЗАРОВ билан болалар урологияси ҳақида суҳбатлашдик.

– Урологик тизимнинг инсон организмидаги аҳамияти хусусида тўхталиб ўтсангиз. Нефронлар вужудда қандай вазифани бажаради?

– Болалар урологияси деганда пешоб-таносил аъзоларининг пешоб ишлаб чиқариши ва уни организмдан чиқариб ташлаш тизими тушунилади. “Уро” – пешоб (сийдик), “логос” – фан сўзларидан олинган бўлиб, пешоб ҳақидаги фан маъносини билдиради.

Моддалар алмашинуви жараёнида организмда кераксиз моддалар пайдо бўлиб, уларни вужуддан чиқариб ташлаш талаб этилади. Агар мана шу тизим мукаммал ишламаса, заҳарли моддалар организмда кўпайиб кетиши натижасида инсон танаси ҳалокатга юз тутиши мумкин. Пешоб ишлаб чиқариш тизимида, аввало, буйракларнинг аҳамияти катта. Буйраклар 180-200 грамм оғирликда бўлиб, умуртқа поғонасининг икки тарафида жойлашади. Улар худди ловиясимон кўринишга эга қўш аъзодир.

Буйракларнинг асосий ишчи тизими – нефронлардир. Нефронлар орқали қон ўтади ва ундан сўнг қонга ўхшаш суюқлик каналчаларга ўтказилади. Ҳар бир буйракда 1,5-2 миллионта нефрон мавжуд бўлиб, соғлом одамда улар мунтазам ишлаб туради. Ҳатто, заҳирада ҳам бир неча миллион нефрон мавжуд. Нефронлар бир кеча-кундузда катта инсонларда 200-250 литр суюқликни ўзидан каналчалар сари чиқариб юборади. Суюқлик каналчаларга тушгач, қайта сўрилиш жараёни кузатилади. Ана шу жараёнда керакли моддалар организмга сўрилиб, кераксизлари 1,5-2 литр пешоб бўлиб йиғилади. Пешоб буйрак жомига йиғилиб найчалар орқали қовуққа тушади. Ўз навбатида эса қовуқ пешобни ташқарига чиқариб ташлайди. Мана шу жараёнда иштирок этувчи аъзолар умумий урологик тизимга киради.

– Туғма урологик касалликлар пайдо бўлишига сабаб нима? Қандай орттирилган буйрак касалликлари учрайди?

– Маълумки, болаларда касалликнинг икки хил тури учрайди, яъни: туғма ва орттирилган касалликлар. Туғма касалликларнинг икки фоизигина наслга бориб тақалиши мумкин. Қолган қисми орттирилган касалликлардир. Туғма урологик касалликлар асосан онанинг ҳомиладорлик даврида пайдо бўлади. Ҳомила пайдо бўлгандан то уч ойгача бўлган даврга нисбатан дастлабки ҳомиладорлик дейилса, ушбу даврда бўлажак онага катта эътибор қаратиб, уни кучли парваришлаш талаб этилади. Чунки, турли хил руҳий зўриқиш(стресс)лар, жисмоний зўриқишлар, маънавий тазйиқлар авваламбор ўта сезгир бўлган ҳомилага, жумладан, тўппа-тўғри унинг буйрак тизимига таъсир қилади. Натижада, буйрак коптокчалари ёки каналчаларининг қисман, бутунлай ишламаслиги, битта буйракнинг мутлақо бўлмаслиги ёки буйракларнинг меъёрдагидан кўпроқ (3-4 та бўлиши), қовуқнинг олдинги девори бўлмаганлиги сабабли, олдинга чиқиб қолиши каби нохуш ҳолатлар юзага келади. Бунинг олдини олиш учун ҳомиладор онани иложи борича юқорида таъкидлаб ўтилган руҳий ва жисмоний зўриқишлардан ҳимоя қилиш, дастлабки уч ой мобайнида ниҳоятда асраш талаб этилади.

Яна ўқинг:  КАРИЕС ПРОФИЛАКТИКАСИДА МУҲИМ ЧОРА

Орттирилган буйрак касалликларига эса буйрак коптокчаларининг яллиғланиши (гломерулонефрит), буйрак каналчаларининг яллиғланиши (пиелонефрит) ва қовуқнинг яллиғланиши (цистит), буйрак ёки қовуқда туз ва тошларнинг пайдо бўлишини келтириб ўтишимиз мумкин. Ҳозирги кунда юртимиз аҳолиси ўртасида гломерулонефрит ҳамда буйрак-тош касалликлари кўпроқ учрамоқда.

– Буйрак-тош касалликларининг кўпроқ болаларда кузатилаётганининг асосий сабаби нимада деб ўйлайсиз?

– Болаларда учраётган нуқсонлар минг афсуски, сўнгги йилларда 3-4 баробарга кўпайди. Буйрак-тош касаллиги янги туғилган чақалоқларда, 6-8 ойлик гўдакларда ҳам учраётгани жуда ачинарлидир. Бунга асосий сабаб эса буйракларда моддалар алмашинуви жараёнининг бузилишидир. Макроорганизмда сувда эримайдиган моддалар комплекси вужудга келиб, кичкина зарралар шакллана бошлайди. Бу зарралар табобатда – микролитлар деб аталади. Улар кўзга кўринмас бўлиб, буйрак каналчаларининг тизимида ҳаёт кечиришади. Тасаввур қилиб кўришингиз учун бир мисол келтириб ўтаман. Буйрак каналчалари тизими инсон соч толасидан ўн баробар кичик. Ана шу тизимга заррача ўтириб қолса, пешоб димланиб қолади ва натижада унинг таркибидаги тузлар шу ерда қолиб кетади. Тузлар бора-бора тошга айлана бориш жараёнида катталашади. Олдинига зиғирнинг донасидек катталикдаги тош мошнинг донасидек, чигитдек ва ниҳоят бодомнинг данагидек, ҳатто, ундан ҳам катта бўлиб кетади. Ажабланарлиси, тош пешобнинг ичида яшаб, унинг ичида катталашади.

Буйрак-тош касалликларининг олдини олишнинг энг асосий йўлларидан бири бу болага тўғри ва меъёрида овқатланишни ўргатишдан иборатдир. Инсон организмидаги баъзи бир тузлар нордон муҳитда эриса, баъзилари кислотали (ишқорий) муҳитда парчаланади. Агар бола ҳар куни бир хил овқат истеъмол қилаверса, буйракда муҳит ўзгармай қолади. Яъни, кислотали муҳитда эрийдиган туз ва тошлар ҳадеб нордон муҳит тушаверса, муқим қотиб қолади. Ёки аксинча, нордон шароитда эрийдиган тошлар ишқорий муҳитда эрий олмай, катталашаверади. Болангизни турфа хил овқатлар билан озиқлантириб турсангиз, унинг буйрак тизимидаги муҳит тез-тез ўзгариб, туз ва тошлар тўпланишига сабаб қолмайди.

Турмуш тарзининг тўғри йўлга қўйилиши, буйрак-тош касалликларининг пайдо бўлмаслигига омил бўлади. Шунингдек, тўғри ва хилма-хил овқатланишга ҳам эътиборлироқ бўлиш талаб этилади.

– Буйрак-тош касалликларининг олдини олиш, бу касалликни эрта аниқлаш ва даволаш жараёнлари қандай кечади?

– Ҳозирда мамлакатимиздаги соғлиқни сақлаш тизимларида буйракдаги тошларни аниқлаш учун ультратовуш (УТТ) тиббий ускунасидан кенг фойдаланилмоқда. Бу ускуна буйракдаги 2-3 миллиметрлик туз ва тошларни аниқлаб бериш хусусиятига ҳам эга. Агар ота-оналар фарзандларининг келажакда буйрак-тош касалликлари билан касалланишини истамаса, ҳар 4-6 ойда, ҳеч бўлмаганда бир йилда бир марта ультратовуш тиббий ускунаси назоратидан ўтказиб туришлари лозим.

Яна ўқинг:  БАРВАҚТ ТАШХИС САРАТОН ХАСТАЛИКЛАРИНИНГ ОЛДИНИ ОЛАДИ

Ҳажми 0,5 см катталикдаги тошларни дорилар воситасида эритиб юбориш мумкиндир. Агар бу тош тўлиқ тушириб юборилмаса, 0,4 смлик тош тўрт ой ичида 0,8 смга катталашади. Дорилар тошларнинг барча қаватини ҳам тушира олмайди. Бундай ҳолларда фақат операция қилишга тўғри келади.

– Буйракда турли туз ва тошлар учрамаслиги учун тажрибали мутахассис сифатида сиз қандай тавсиялар берасиз?

– Фарзандларимиз болалигидан қанча кўпроқ ҳаракатда бўлса, ўртоқлари билан турли ҳаракатли ўйинлар ўйнаса, уларда ушбу касалликнинг пайдо бўлиш эҳтимоли шунчалик камаяди. Бунинг сабаби болалар ҳаракатда бўлганда, унинг тана аъзолари, жумладан, буйраклари ҳам фаол бўлади. Шу ҳаракат натижасида буйракда эндигина пайдо бўлаётган туз ва тошлар тушиб кетади. Ёки кўп ҳаракат қилгани туфайли бола кўпроқ сув ичади ва ўз-ўзидан буйраклар тез-тез ювиб турилиши натижасида уларда тош ва тузларга ўрин қолмайди. Бу жараёнда овқатланиш меъёри ҳамда спорт билан шуғулланиш бир маромда олиб борилиши қувонарлидир. Спортнинг нақадар соғлом турмуш тарзига бевосита алоқадорлигини мана шу биргина мисол орқали ҳам билиб олиш мумкин.

Шу ўринда таъкидлаб ўтиш жоизки, қишлоқдаги болалар ҳаракатли ўйинларни ўйнаганликлари, жисмоний меҳнат билан кўпроқ шуғулланганликлари боис шаҳарлик тенгдошларига қараганда уларда буйрак-тош касалликлари камроқ учрамоқда.

– Бундан келиб чиқадики, камҳаракатлик буйрак-тош касалликларига олиб келиши мумкин экан-да?

– Тўғри англабсиз. Гиподинамия, яъни камҳаракатлик турли касалликлар(ортиқча вазн, юрак қон-томир касалликлари ва ҳакозо)ни, хусусан, буйрак-тош касалликларини ҳам келтириб чиқаради. Шу боис доимо спорт билан жиддий шуғулланиш, тўғри ва меъёрида овқатланиш, вақти-вақти билан шифокор назоратидан ўтиб туриш соғлом турмуш тарзининг асосий омилларидан биридир.

Давронбек ОРИПОВ суҳбатлашди.

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: