ҚОМУСИМИЗ – БАХТИМИЗ

Жамият тараққиётини таъминловчи асосий омиллардан бири – қонун устуворлигидир. Чунки қонунларга оғишмай амал қилиш, уларда белгилаб қўйилган талабларни сўзсиз бажариш ижтимоий ҳаётдаги барқарорликни таъминлайди. Шу маънода Асосий Қонунимиз – Конституциямизнинг ўрни ва аҳамияти беқиёсдир.

Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси – тенглар ичида тенг давлат, мустақил диёрнинг мустақиллигини ёрқин намоён этувчи асосий ҳужжат, бахтимиз қомуси, халқимизнинг ору номуси. Негаки, унинг ҳар бир моддасида, ҳар бир бандида халқаро ҳуқуқ меъёрлари ҳам, миллий бағрикенглик тамойили ҳам акс этиб туради. Эркин ва обод жамият ҳамда, ҳуқуқий-демократик давлат барпо этиш ғояси Қомусимизнинг асосий мазмунини ташкил этади. Бинобарин, 4-моддада қайд қилинганидек, “Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ўзбек тилидир. Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ва анъаналари ҳурмат қилинишини таъминлайди, уларнинг ривожланиши учун шароит яратади”.

Одатда, ҳар қандай нарсанинг моҳияти бошқа бирор нарса билан таққосланганда, уни нима биландир қиёслаганда билинади. Инчунин, бошқа мамлакатлар конституциялари билан солиштирганда ҳам Ўзбек Қомусининг нақадар инсонпарварлик руҳи билан йўғрилгани маълум бўлади. Масалан, 40-моддада белгилаб қўйилганидек, “Ҳар бир инсон малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқига эга”.

Маълумки, илм-маърифатни эгалламасдан туриб, бирор-бир ютуқни қўлга киритиш, туб маънодаги ислоҳотлар ўтказиш, ёш авлод тарбиясида маълум бир муваффақиятга эришиш мумкин эмас. Айни шу ҳақиқат Асосий Қомусимизда рўйи-рост акс этган. Буни “Шахсий ҳуқуқ ва эркинликлар” деб номланган VII бобда ҳам, “Иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқлар” деб номланган IX бобда ҳам аниқ-равшан кўриш мумкин. Жумладан, 41-моддада қуйидагилар кафолатланган: “Ҳар ким билим олиш ҳуқуқига эга. Бепул умумий таълим олиш давлат томонидан кафолатланади. Мактаб ишлари давлат назоратидадир”. Мазкур моддада белгилаб қўйилган қоидаларга эътибор берилса, қуйидагиларга амин бўламиз. Аввало, бизда ҳар бир фуқаро билим олиш ҳуқуқи билан кафолатланмоқда, миллатидан қатъий назар барча фуқароларга бу борада чеклаш йўқ. Давлат томонидан бепул умумий таълим олиниши мустаҳкамлаб қўйилган. Айни пайтда мактаб-маориф ишларининг давлат назоратида эканлиги қатъий тарзда белгилаб қўйилган. Назаримизда, 1997 йилда қабул қилинган “Таълим тўғрисида”ги Қонун ва “Кадрлар тайёрлаш миллий дастури”нинг асл замини ҳам Конституциямиздаги айни шу моддалар эканлиги, шубҳасиздир.

Яна ўқинг:  MAKTABGACHA TA’LIM MUASSASASI – san’at, madaniyat va sport maskani

Конституция бизга фақат ҳуқуқ ва эркинликлар бериб қолмасдан, қатор бурч ва масъулиятларни ҳам юклайди. Бу ҳақда алоҳида боб (XI боб) ажратилган бўлиб, у “Фуқароларнинг бурчлари” деб номланган. Мазкур бобдаги 6 модданинг ҳар бирида фуқароларнинг маълум бир бурчлари аниқ ва равшан кўрсатиб ўтилган. Жумладан, 49-моддада маданий ва маънавий мерос масалалари қамраб олинган: “Фуқаролар Ўзбекистон халқининг тарихий, маънавий ва маданий меросини авайлаб-асрашга мажбурдирлар. Маданият ёдгорликлари давлат муҳофазасидадир”. Ёхуд 52-моддада белгилаб қўйилганидек, “Ўзбекистон Республикасини ҳимоя қилиш – Ўзбекистон Республикаси ҳар бир фуқаросининг бурчидир. Фуқаролар қонунда белгиланган тартибда ҳарбий ёки муқобил хизматни ўташга мажбурдирлар”.

Мамлакатимизда ҳар бир йилнинг маълум бир ном билан аталиши анъанага айланган. Жумладан, 2012 йилнинг “Мустаҳкам оила йили” деб номланиши ҳамда олиб борилаётган чора-тадбирлар негизида ҳам Асосий Қонунда белгиланган ҳуқуқий асослар ётади. Чунки Конституциямизнинг XIV боби “Оила” деб номланиб, унга бошқа бирор мамлакат конститутциясида бу қадар эътибор берилмаган, халқимиз турмуш тарзининг ўзига хослигини акс эттирувчи оилага бағишланган. 4 моддадан ташкил топган ушбу боб жамиятимизнинг маънавий негизларини аниқ акс эттиради, десак муболаға бўлмайди. Дарҳақиқат, 64-моддада қайд қилинганидек, “Ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурдирлар. Давлат ва жамият етим болаларни ва ота-оналарнинг васийлигидан маҳрум этилган болаларни боқиш, тарбиялаш ва ўқитишни таъминлайди, болаларга бағишланган хайрия фаолиятларини рағбатлантиради”. Айни пайтда фуқароларнинг ота-оналар олдидаги масъулияти ҳам қатъий тарзда белгилаб қўйилган: “Вояга етган, меҳнатга лаёқатли фарзандлар ўз ота-оналари ҳақида ғамхўрлик қилишга мажбурдирлар”.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг ҳар бир моддасини алоҳида шарҳлаш, изоҳлаш, кундалик ҳаётий масалалар бўйича хулосалар чиқариш мумкин. Асосий мақсад эса, Конституция – Асосий Қонун сифатида жамиятнинг ҳар томонлама камол топишида дастуруламал эканини англаб етишдир. Бинобарин, Қомусимиз – номусимиз экани, фуқаролар нафақат эркинликларга, балки қатор бурчларга ҳам эгалиги ҳис этиб борилмоғи зарур. Айниқса, ёш авлод тарбиясида, ҳуқуқий-демократик давлат қурилаётган бир пайтда Конституцияни чуқурроқ ўрганиш ва кундалик фаолиятимизда оқилона қўллай олиш барча учун ҳам фарз, ҳам қарздир.

Равшан ЖОМОНОВ,

филология фанлари номзоди, доцент

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: