ЭНДИ ҲАР БИР БОЛАДА “НЕКСИЯ” БЎЛАДИ

Бир куни укам мактабгача таълим муассасасидан ҳар доимгидан ҳам қувноқ кайфиятда кириб келди. Сабабини билсак, дадам янги ўйинчоқ автомашина олиб берган экан. У ҳаммамизга янги овунчоғини мақтанди. “Қани, мен ҳам кўрайчи?”, дея қўлимга олгандим, кўзларимга ишонмай укамдан ҳам кўпроқ севиндим. У худди дадам ҳайдаб юрган “Нексия”нинг миттигина кўриниши эди. Ўзи кичик бўлса-да оғир, сифат даражаси мукаммал ишланган!

Оммавий ахборот воситаларида “Миллий машиналаримизнинг ўйинчоқ нусхаларини ишлаб чиқариш қачон йўлга қўйилар экан?” деган мазмунда қатор мақолалар ёритилган эди. Изланувчан тадбиркорларимизнинг саъй-ҳаракатлари натижасида аста-секинлик билан бозорларимизда миллий автомобилларимизнинг ўйинчоқ нусхалари ҳам ортиб бормоқда.

Юртимизда тадбиркорлик соҳасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганини тадбиркорларимиз эришаётган муваффақиятлар мисолида кўришимиз мумкин. Хусусан, якка тартибдаги тадбиркор Бахтиёр Юсуповнинг самарали фаолияти таҳсинга сазовор. У болаларга қувонч улашиш асносида миллийлик руҳини берувчи авто ўйинчоқларни хорижлик ҳамкорлар билан биргаликда ишлаб чиқаришни йўлга қўйди.

Аниқроқ маълумот берадиган бўлсак, 2013 йил Хитойнинг “WELLY” корхонаси билан шартнома имзолаган Бахтиёр Юсупов ўзбек автоларининг митти нусхаларини ишлаб чиқаришга буюртма берди. Эзгу мақсадлар амалга ошиб, ўйинчоқларнинг илк нусхалари сотувга чиқарилди. Айни кунларда, юртимизнинг барча ҳудудларида мазкур ўйинчоқ автомобилларни учратасиз.

Ташаббускор тадбиркор томонидан амалга оширилаётган мазкур лойиҳанинг тафсилотлари билан яқиндан танишиш мақсадида пойтахтимизнинг “Ўрикзор” савдо мажмуасига бордик. Бу ерда Бахтиёр аканинг харидорлар билан гавжум ўйинчоқ дўконлари кичкинтойларга қувонч улашиш учун доимо очиқ. Дўконларнинг бирига кирганимизда бунга ўзимиз ҳам гувоҳ бўлдик. Болажонлар ва уларнинг ота-оналари томонидан “Нексия” автомобилининг ўйинчоқ нусхасига бўлган талаб кескин ортиб кетган.

– Исмим Аброр, менинг ўйинчоқ машиналарим жуда кўп. Уйимда турли русумдаги хориж автомобиль ўйинчоқлари бор. Лекин, мана бу машина менга чинакам қувонч бахш этди. Чунки, дадам бошқараётган “Нексия” энди менда ҳам бор.

Дарҳақиқат, ўйинчоқ машиналар ҳақиқийсидан асло қолишмайди. Мустаҳкам металлдан тайёрланган. Эшиклари очилади. Ғилдираклари тез айланади ва узоқ масофагача ўзи юради. Ўйинчоқни болага иккиланмасдан олиб берса бўлади, сабаби у бутунлай зарарсиз, ҳамма томони силлиқланган. Санитария-гигиена ва халқаро сифат талабларига тўлиқ жавоб беради.

– Кўпинча ўғлим менга ҳам машина олиб беринг, деб хархаша қиларди. Ўйинчоқ дўконларини айланганимда эса яхши автомобиллар жуда қиммат, бундайроқларини эса олиб бергим келмасди, – дейди харидор Рустам Пўлатов. – Аммо, бугун олганимиз “Нексия” автомобилининг сифати ҳам, нархи ҳам кишини хурсанд қилади. Энг муҳими, ўғлимнинг ҳам кўнгли тўлди.

Яна ўқинг:  ТАЛАБАЛАРНИНГ СЕВИМЛИ МАСКАНИ

Албатта, бола тарбиясида ўйинчоқлар катта аҳамиятга эга. Айниқса, глобаллашув жараёнида турли оқимлар, “оммавий маданият” эпкинлари бутун дунё бўйлаб эсиб турган бир пайтда эътибордан четда қолдирилган кичик нарсалар ҳам катта муаммоларни юзага келтириши мумкин. Шу оддийгина ўйинчоқ ҳам болада ватанпарварлик туйғуларини шакллантиришга хизмат қилади. Миллий қаҳрамонларимиз ўйинчоқларини ўйнаб, улар ҳақидаги ҳикояларни тинглаб улғайган бола келажакда, албатта, ўзи ҳам шундай яхши сифатларга эга бўлишга ҳаракат қилади. Ёки миллий автомобилларимиз ўйинчоқларини олсак. Уни ўйнаш жараёнида болада мазкур ўйинчоққа ва унинг аслига, ўз юртига нисбатан меҳр тушунчаси шакллана боради. Ва натижада бола келажакда ўзига ҳам миллий автомобиллардан олишга интилади. Бу эса, ўз навбатида, унинг тарбиясига ижобий таъсир кўрсатибгина қолмай, балки миллий ишлаб чиқариш маҳсулотларимизга бўлган талабнинг ҳам янада ортишига замин ҳозирлайди.

Шундай экан ўйинчоқларнинг нафақат сифатига, балки, ижобий таъсир кучига эга эканлигига ҳам эътибор қаратган маъқул.

– Тадбиркорлик билан шуғулланишни бошлаганимдан буён бир қанча бизнес лойиҳалар ишлаб чиқдим, – дейди Бахтиёр Юсупов. – Энг аввало, кичкинтойлар учун ҳар томонлама зарарсиз ва санитария-гигиена талабларига жавоб берадиган ўйинчоқлар билан савдо қилишни кўзлаганман. Мамлакатимизда болаларнинг ҳар томонлама етук, баркамол, ватанпарвар, комил инсон бўлиб улғайишлари учун қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Мен ҳам шу юртнинг фуқароси сифатида ана шу эзгу мақсадларга ўз ҳиссамни қўшмоқчиман. Ўзбек автоларининг ўйинчоқ нусхаларини электрон ҳолатда хитойлик ҳамкорларимизга жўнатдим. Уларга бу жуда ҳам маъқул келди ва ишни бошлаб юборишди. Мазкур кичик автоларни сотувга чиқарган пайтимиздан бошлаб айни вақтгача 11 минг донага яқин ўйинчоқлар сотилди. Уларни мириқиб ўйнаётган болаларни кузатиб меҳнатим самарасидан мамнунман. Келгусида мазкур ўйинчоқларни юртимизда ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқчиман.

Ҳа, бола улғайган сари орзулари осмон қадар парвоз қилади. Аввалига ўйинчоқ автомобиль ўйнаб юрган кичкинтой улғайиб, ҳақиқийсини сотиб олади. Вақт ўтиб ўзи ҳам машина ишлаб чиқаришни бошлайди. Дунё кезиб, янги ҳамкорлар жамлайди, ўзбек модели асосида яратилган янгидан-янги автоларни бутун оламга намойиш этади. Эзгу орзулар оғушида, мусаффо муҳитда ўсган бола ана шундай буюк ишларни бажара олади.

Яна ўқинг:  Мактабгача таълим тизимига мустаҳкам пойдевор зарур

Тез орада Янги йил байрами ҳам кириб келади. Бу эса болажонлар учун совға-салом улашиладиган асосий айёмлардан бири. Шу сабабдан буни инобатга олган ҳолда, яқинлашиб келаётган 2015 йил “Нексия”, авто ўйинчоқлари қаторидан “Матиз”, “Лассети” ўйинчоқлари ҳам ўрин олиши кўзда тутилган. Бунинг учун буюртма берилиб, ишлаб чиқариш ниҳоялаб қолган. Бахтиёр Юсупов сингари жонкуяр, фидойи тадбиркорларимиз сафи кенгайиб борар экан, юртимизда ривожланиш барқарор давом этади.

Дилдора ҚАРШИБОЕВА,

“Sog‘lom avlod” мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: