ҚЎШҚАНОТ ШИФОКОРЛАР

Ўз даврининг ўқимишли, тафаккури кенг, тиришқоқ ва ташкилотчилик қобилияти анча мукаммал бўлган Бобо ака турли сабабларга кўра соғлиғини йўқотган эди. Шу сабабли шифокорларга кўп мурожаат қилар, дарди аригач бироз муддат тинч-осойишта ҳаёт кечирарди. У ўғли Хушнудни ўрта мактабни тугаллагани билан қутлагач, тиббиёт соҳасида ўқиб, етук шифокор бўлишга даъват этди.

– Мактабда яхши ўқидинг, устозларинг сен ҳақингда анча яхши фикр билдирди, – деди отаси ўғлига. – Энди катта ҳаётнинг бошида турибсан, буёғи ўзингга боғлиқ. Менинг истагим – шифокорлик касбини танласанг. Тиббиёт ходимларига кундан-кунга талаб ошаяпти. Мен ҳам куни бўлмаса, кунора шифокорларга мурожаат қиламан.

Хушнуд отасининг сўзини ерда қолдирмади. Ота истагини бажаришга астойдил киришди. Яхши ниятлар билан Самарқанд давлат тиббиёт институтининг даволаш факультетига кириш учун ҳужжатларини топширди. Тайёргарлик кўрди, тинмай ўқиди, керакли фанларни бир неча бор такрорлаб чиқди. Имтиҳонлардан мувафаққиятли ўтиб, тиббиёт олий ўқув юртининг даволаш факультети талабаси бўлди.

Олийгоҳда серқирра шифокорлик касбининг сир-асрорларини пухта ўрганиш, отаси ишончини оқлаш учун бутун қобилиятини ишга солиб ўқиди. Тиббиёт ўқув юртида таълим олишнинг ўзи бўлмас экан. Қатъий тартиб-интизом, фанларни ўзлаштиришдаги ўта талабчанлик, устозларнинг қаттиқўллиги, дарсликларни ҳижжалаб бир неча бор мутолаа қилишлар – ҳамма-ҳаммаси бўлғуси шифокор учун синов даври эди.

Олийгоҳда курсдоши, бўлғуси турмуш ўртоғи Раънохон билан танишди. Улар нафақат оилада, балки ҳаётда ҳам бир тан, бир жон бўлиб инсонлар саломатлигини тиклаш учун курашдилар.

Хушнуд ва рафиқаси институтни тамомлаб, Хоразм вилояти Ҳазорасп туман тиббиёт бирлашмасига ишга кирдилар. У қулоқ, бурун ва томоқ касалликлари шифокори бўлиб хизмат қила бошлади. Раънохон эса кўз доктори бўлди. Шу касбларда тўрт йил ишлашди. Ҳаёт ёш шифокорларни ҳар тарафлама синовдан ўтказди. Институтда олган назарий билимларини амалда синаб, ўзларининг қобилиятларини ишга солиб, беморларнинг дардига дармон бўлдилар. Аммо назарий билим бошқа, ҳаёт бошқа экан. Кўп ҳолларда тажрибасизлик, тиббиётнинг айрим замонавий усулларини билмаслик кўпинча уларга панд бериб қолиши мумкин эди. Шу сабабли ёш шифокорлар чет элда малакаларини оширишга қарор қилишди.

Замон талабларига жавоб берадиган тажрибали ва малакали шифокор бўлиши учун янада кўп ўқиш, ўз касбининг устаси – машҳур тиббиёт ходимларидан амалиётни ўрганишдек олий мақсад уларни Москвадаги 1-Тиббиёт олийгоҳига бошлади. Х.Қурязова 1972 йилда бу олий ўқув юртининг қулоқ, бурун ва томоқ (лор) касалликлари кафедрасида клиник ординатураси амалиётини ўтаб, уни муваффақиятли тамомлади. Раънохон эса кўз касалликларини даволаш бўйича тажрибасини янада оширди. Ўқиш давомида тажрибали ва маҳоратли шифокорлардан, соҳанинг мутахассисларидан сабоқ олишди, кўп нарсаларни ўрганишди.

Яна ўқинг:  ЖАҲОНДА ЯГОНА АСАР

Юртга қайтган Хушнуд Тошкент давлат тиббиёт институтига ўқитувчи бўлиб ишга кирди. Бу илм даргоҳида бўлғуси ёш шифокорларга сабоқ бера бошлади. Орадан маълум муддат ўтгач Ҳазорасп тумани Марказий касалхонасига бош шифокор лавозимига тайинланди.

Шундай қилиб 1978 йил май ойидан ўзи илк иш бошлаган касалхонада бош шифокор бўлиб ишлай бошлади. Бу лавозимда 1989 йилгача ишлаб, туманда соғлиқни сақлаш ишларининг тубдан яхшиланишига ўз ҳиссасини қўшди.

1989 йилда Хоразм вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармасига бошлиқ этиб тайинланди. Бу лавозимда 1994 йилгача ишлаб, вилоят марказида ва туманлардаги соғлиқни сақлаш тизимлари фаолиятини янада юқори даражаларга кўтаришга, уларда замонавий тиббиёт технологияларини амалда қўлланишига ўз ҳиссасини қўшди.

У 1994 йилдан 2006 йилгача Урганч тиббиёт билим юрти коллежида директор лавозимида ишлаб, вилоятда малакали ёш ҳамширалар тайёрлашдек масъулиятли вазифани бажаришга бошқош бўлди.

Хушнуд Қуриязовнинг турмуш ўртоғи, oлий тоифали шифокор Раъно Холиқова ҳам Хоразм вилоятидаги бир қатор шифохоналарда кўз касалликлари шифокори лавозимида кўп йиллар самарали ишлаб, беморларнинг кўзларига нур бахшида этишга ўз ҳиссасини қўшди.

У ҳозирги кунда қарилик гаштини суриб, фарзандлари, невара-чеваралари даврасида рафиқаси билан умргузаронлик қилмоқда. Хушнуд Қуриязовнинг кўксини безаб турган I даражали “Соғлом авлод учун” ордени, “Соғлиқни сақлаш аълочиси”, “Ўзбекистон Халқ таълими аълочиси” кўкрак нишони унинг эл олдидаги камтарона хизматлари ҳукуматимиз томонидан юксак қадрланганидан далолат.

Истиқлол туфайли мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимида катта ўзгаришлар юз бермоқда, – дейди Хушнуд Қуриязов. – Беморларга тез ва аниқ ташхис қўйиб, сифатли даволаш – бугунги шифокорларнинг бурчи, вазифаси. Ҳукуматимиз уларга барча шароитларни яратиб берган. Беморларга энг юксак даражада хизмат кўрсатиш учун бизда имкониятлар ҳам, етук мутахассислар ҳам етарли.

Устознинг шогирдлари кўп. Улар орасида ўнлаб профессор шифокорлар, моҳир жарроҳлар, малакали врачлар бор. Ҳамон улар билан ўзаро тажриба алмашади, маслаҳатини аямайди. Ҳақиқий шифокор фахрийликка чиқмайди. У ҳамиша олдинги сафда, одамлар ғамида яшайди. Хушнуд Қуриязов ҳам ана шундай фидойи инсонлар сафининг бошида туриб яшамоқда.

Жаббор РАЗЗОҚОВ,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: