ТЎҒРИ ОВҚАТЛАНИШ – ҲАЗМ ТИЗИМИ КАСАЛЛИКЛАРИНИНГ ОЛДИНИ ОЛАДИ

Куз фасли ўзининг тўкинлиги билан кўзни қувонтиради. Аммо унинг жозибаси билан бирга бу фаслда хилтлар ҳам қўзғалиб, сурункали касалликлар беморларни безовта қилади. Ана шундай хасталиклар жумласига ҳазм тизими касалликлари киради. Қуйида биз ушбу касалликлар хусусида маълумот бериб кетамиз.

Ҳазм тизими оғиз бўшлиғидан бошланади. Чунки, бу тизим учун муҳим бўлган сўлак ажралиши шу жойда сўлак безлари ёрдамида амалга оширилади. Овқат оғиз бўшлиғидан ҳалқум орқали қизилўнгачгача тушади. Қизилўнгач ичидан шиллиқ парда, ташқарисидан эса сероз парда билан қопланган мушакли найдан иборат бўлиб овқат луқмасини меъдага ўтказиб беради.

Касаллик ташқи ва ички муҳитнинг жуда кучли салбий таъсирлари туфайли организмнинг меъёрдаги фаолиятининг бузилишидир. Организм ҳимоя кучларини сафарбар этишига қарамасдан унинг мосланувчанлигининг сусайиб кетиши билан характерланади. Ташқи омиллар жумласига инфекцион, механик, физик ҳарорат, кимёвий (ишқор кислота), овқатланишнинг бузилиши, оиланинг ижтимоий ҳолати(кам таъминланганлик), салбий ҳис-ҳаяжонлар, аллергик омил ва ирсият кабилар киради. Масалан, гастрит(меъданинг яллиғланиши)да меъдада овқатнинг туриб, димланиб қолиши, овқатланиш режимининг бузилиши ва яна унга инфекциянинг қўшилиши, аллергик, салбий ҳис-ҳаяжонлар ҳам салбий роль ўйнайди.

Меъда ташқи томондан бириктирувчи тўқимадан иборат сероз парда билан қопланган. Унинг ички девори шиллиқ пардалардан иборат. Меъданинг сероз қоплами ва шиллиқ пардаси ўртасида мушак қатлам жойлашган. Тананинг ўрта чизиғидан кўпроқ чапда жойлашган меъда, унинг давоми-ўн икки бармоқ ичак, меъда ости бези, жигар, ўт қопчаси ва қизилўнгачнинг пастги бўлимига жуда яқин туради.

Меъданинг бошланғич яъни, юқори қисмидаёқ бу ерга қизилўнгачдан тушадиган овқат таркибида хлорид кислотаси бўлган меъда шираси билан аралаша бошлайди. Бу ширани меъда шиллиқ пардасида жойлашган безлар ишлаб беради. Меъда ширасида шунингдек, пектин ферменти бўлиб, у гўшт ва бошқа оқсил моддаларнинг ҳазм бўлишига имкон беради. Меъда безлари фаолиятига асаб толалари импульслари таъсир қилади. Инсоннинг руҳий(эмоционал омил) ҳолати, овқат қабул қилиш вақтидаги шароит ҳазм жараёнида катта роль ўйнайди. Овқатнинг миқдори ва сифати-меъда шираси ажралишини кучайтирувчи ёки пасайтирувчи жиддий омиллардан ҳисобланади. Меъда ости бези ишлаб берадиган панкреатик шира углеводларнинг ҳазм бўлишига имкон беради. У ўн икки бармоқ ичак бўшлиғига махсус йўл орқали тушади.

Панкреатик шира жигар ишлаб чиқарадиган ва ўт қопчасида йиғиладиган ўт суюқлиги билан бирга ёғларнинг ҳазм бўлишига жиддий таъсир қилади.

Яна ўқинг:  УЙИНГИЗДА ГЎДАК ТУҒИЛДИ (давоми)

Яра касаллигида, гастритда оғриқ тўш остида, жигар ва ўт қопчаси касаллигида ўнг қовурғалар остида, ингичка ичак касалликларида киндик атрофларида, йўғон ичак, тўғри ичак касалликларида оғриқ қорин пастки қисмида жойлашади. Иштаҳанинг ўзгариши кўп жиҳатдан меъда секрецияси ва кислоталили даражасига боғлиқ. Иштаҳанинг очилиб кетиши меъда секрецияси ва кислотасининг ошиши билан боғлиқ. Беморнинг айрим озиқ-овқат маҳсулотларидан юз ўгириши эса унинг пасайиши билан боғлиқ.

Оғиздан ёқимсиз ҳид келиши ва таъм бузилиши меъда шиллиқ пардаси яллиғланганида, аччиқ маза-жигар ва ўт қопчаси касалланганда, металл таъми эса овқатдан заҳарланишнинг айрим турларида бўлади. Кўнгил айниши-тўш ости соҳасида ёқимсиз сезги пайдо бўлишидир. Қайт қилиш меъданинг эвакуатор(ўтказиб бериш) ишининг бузилиши натижасида юзага келади. Масалан, кофе қуйқаси аралаш қусиш меъдадан қон оққанда, наҳорда шилимшиқ аралаш қусиш-сурункали гастритда, ўт суюқлиги аралаш қусиш-ўт йўллари патологияси(нуқсонлари)да кузатилади. Кекириш меъдадан қизилўнгачга ҳаво ўтганда пайдо бўлади. Оч қоринга кекириш меъда суюқлигида хлорид кислотаси камайиб кетганда кузатилади. Бундай ҳолатда бемор кекирганда оғзидан палағда тухум (водород сульфид) ҳиди келади. Овқат ейиш вақтида кекириш айниқса, хасталикка тўғри ташхис қўйишда катта аҳамиятга эга. Бу меъданинг овқат массаси ёки суюқликни ўтказиб бериш фаолияти бузилганлигидан далолат беради.

Зарда қайнаши-тўш усти юқори қисмида, ханжарсимон ўсиқ остида ва тўш орқасида (бу қизилўнгачнинг пастки қисмига мос келади) кучли ачишиш сезгиси пайдо бўлиши. Бу нохуш ҳолат кўп ҳолларда меъдадан қизилўнгачга нордон меъда суюқлиги отилишига боғлиқ бўлади.

Қизилўнгачнинг энг кўп тарқалган касалликлари эзофагит-яллиғланиш бошқа патологик ўзгаришлар: спазм(сиқилиш), стеноз(торайиш), чегараланган кенгайиш ҳисобланади.

Унинг спазми одатда функционал бузилишлар натижасида, яллиғланиши-сурункали таъсирланувчилар асосида, масалан мунтазам равишда жуда қайноқ ёки совуқ овқат ва ичимликлар истеъмол қилинганда пайдо бўлади.

Қизилўнгачдан қон оқиши веналарнинг варикоз кенгайишида кузатилиб, бу жигар циррозида ёки қизилўнгач хавфли ўсмадан зарарланганда кузатилади.

Унинг кимёвий (ишқор кислота) зарарланиш ёки термик куйиши натижасида чандиқлар пайдо бўлиб, торайиши (стеноз)га олиб келади.

Кўпинча узоқ вақтгача овқатни кам истеъмол қилиш натижасида меъданинг кичрайиши кузатилади. Бирданига кўп тановул қилиш эса ўткир гастрит ривожланишига сабаб бўлади. Бу хасталикнинг эҳтимол тутилган иккинчи сабаби-уриниб қолган (музлатгичда турган икки-уч кунлик овқат каби)маҳсулотларни истеъмол қилишдир. Туриб қолган овқатда ҳосил бўлган заҳарли моддалар меъда шиллиқ пардаси яллиғланишига олиб келади. Бундан ташқари узоқ вақт сақланган овқатда патоген микроорганизмларнинг ривожланиш хавфи кўпаяди. Улар овқатдан заҳарланишни келтириб чиқариши мумкин.

Яна ўқинг:  ЮКСАК ИМКОНИЯТЛАР НАМОЙИШИ

Тамаки (сигарет), нос чекиш меъда шиллиқ пардасига ниҳоятда зарарлидир. Чекиш жараёнида тамакидан жуда зарарли қатронсимон модда ҳосил бўлади. Меъда шиллиқ пардасига тобига етказиб пиширилмаган овқат (чала пишган ва қовурилган гўшт, жигар, мурч, балиқ) шунингдек, сирка, хантал(горчица), хрен(ерқалампир), қалампирни суистеъмол қилиш ёқимсиз таъсир кўрсатади. Бу зираворлар меъда шиллиқ пардасини, айниқса унинг кичик эгрилиги соҳасида ассептик яллиғланишга олиб келади. Меъдадаги ўткир ўзгаришлар аксарият патоген микроорганизмларнинг организмдаги турли сурункали ўчоқларидан (отит, гайморит, тонзиллит, холецистит, аппендицит, колит ва ҳоказолар.) тушиши оқибатида содир бўлади. Беморлар тўш остидаги ғоят нохуш сезгилар, оғирлик, кўпинча ачишишдан шикоят қиладилар. Оғриқ сабабли оғиз бемаза бўлади ва ундан ейилган овқат ёки палағда тухум ҳиди, ачимсиқ ҳид келади. Зарда қайнайди, ичак фаолияти бузилади (қабзият ёки ич кетиши), ахлатда ҳазм бўлмаган овқат қолдиқларини топиш мумкин. Иштаҳа жуда пасайиб кетади.

Кейинчалик ўткир гастритда, одатда, патологик жараёнга ўт йўллари, жигар, меъда ости бези, ичаклар қўшилади. Ўт суюқлиги (сафро) аралаш қайт қилиш белгилари ана шунга боғлиқ. Касалликнинг бошланиб келиш даврида тилни оқимтир пардали караш қоплаган, киндик юқорисида тўш ости соҳасида ёқимсиз оғриқ, қорин дам бўлиши кузатилади. Бемор эътиборсизлик билан юрса (ёқмайдиган овқатлар ейиш, ичкиликни суистеъмол қилиш, наҳорда сигарет, нос чекиш) гастрит сурункали турга ўтади. Қоринни тўлиб кетганидек ҳис қилиш тўш остидаги оғирлик касалликнинг бошланғич белгиларидан ҳисобланади. Яллиғланган шиллиқ парда ҳар қандай механик таъсирланишлар натижасида (овқат луқмалари) оғриқ манбаи бўлиб қолади. Агар ўн икки бармоқ ичакка меъда шираси билан концентрланган хлорид кислотаси тушса ва у ўн икки бармоқ ичакнинг ишқорий эритмаси билан нейтралланмаса, бу ҳолда шиллиқ парда узоқ вақтгача таъсирланиб эррозия-яра ҳосил бўлишига ҳамда спазм-сиқилиш сабабли кучли оғриққа сабаб бўлади. Меъда касаллигига ташҳис қўйиш беморнинг учун зонд ютишининг аҳамияти катта.

Ахлатда яширин қон борлигини текшириш ғоят муҳим. Бу меъда ва ўн икки бармоқли ичакда яширин қон кетаётганлигини аниқлашга имкон беради. Бемор гастрофиброскопия ёрдамида тўлиқ текширувдан кейин даволанса бўлади.

Ҳар бир бемор учун индивидуал даво тадбирлари тавсия қилинади. Даво меҳнат ва дам олиш ҳамда кун тартибини меъёрга келтиришдан бошланади:

Яна ўқинг:  Анор шарбати кайфиятни кўтаради

Бемор овқатни оз миқдорда нисбатан қисқа вақт оралиқларида (кунига 4-6 марта) маълум соатлардагина ейиши керак. Жисмоний ва руҳий зўриқишлардан сақланиш зарур. Хаста киши уйида овқатдан кейин ўринда ётганича қорнига илиқ грелка қўйиб дам олиши керак. Шифокор меъдани хонаки усулда-зондсиз ювишни тавсия қилади. Бу даво чораси қатор касаллик сезгиларини пайдо қиладиган кўп миқдордаги шилимшиқни меъдадан сунъий қустириш ёрдамида чиқаради. Бунинг учун озроқ натрий карбонатни (ҳар бир стакан сувга 1/2 чой қошиғида) 4-6 стакан қайнаган илиқ сувда эритилади. Бемор 4-6 стакан эритманинг ҳаммасини ичади. Шундан сўнг бармоқлари билан тил илдизини таъсирлантириб қайт қилади. Меъдаси ювилган бемор 5-10 дақиқагача қорнига грелка қўйиб ётиши керак. Уни қоринга тўғридан-тўғри қўймай, икки қават қилиб букланган сочиқ устидан қўйиш керак. Сурункали гастрити қўзиган беморга дастлабки кунларда овқат ейишга рухсат этилмайди.

Гастритда эрталабки нонушта ҳар доимги ейиладиган овқатнинг ярмини ташкил этиши зарур. Шунингдек, бу таом ҳажм жиҳатидан катта бўлмаслиги керак. Чунки, уйқудан кейин ҳазм шираларининг ажралиши бирмунча секинлашган бўлади. Нонуштага яхшиси манний бўтқаси ёки гуручли бўтқа, буғда пишган котлет ейиш, бир стакан қайноқ бўлмаган, суюқроқ кўк чой ичиш керак. Яна картошка ёки сабзили пьюре, буғда пишган оқсилли омлет, ёғсиз қайнатилган маҳсулотлар (балиқ, карам, лавлаги) тавсия этилиши мумкин.

Беморлар кофе ва какао ичмасликлари керак. Чунки, бу ичимликлар меъда шиллиқ пардасига ёмон таъсир қилади. Қалампир, хантал, тузламалар ҳамда саримсоқпиёз ва хом пиёз, сирка таомномадан чиқарилади.

Овқат интоксикацияси(заҳарланиш), саноат ва маиший заҳарланишдан эҳтиёт бўлиш ва ичиш-чекишдан тийилиш ҳам касалликнинг олдини олишда муҳим омилдир. Гастритга даво қилишда оқилона овқатланиш ва парҳез овқатларнинг катта аҳамиятга эга эканлигини унутмаслик керак.

Баҳодир Ҳамидов,

ТошПМИ доценти,

Халқаро инсон ва табиатни экологик хавфсизлиги Илмий академияси мухбир аъзоси, олий тоифали жарроҳ,

Мирмақсуд Норов,

магистратура резиденти

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: