АКЦИЯ ДАВОМ ЭТМОҚДА
(ОИВнинг олдини олиш – муҳим вазифа)
Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда мамлакатимизда ОИВ инфекциясининг олдини олиш долзарб масалалардан бирига айланган. Жумладан, бу хавфли касалликнинг олдини олиш мақсадида Тошкент шаҳрининг водий автомашиналар тураргоҳи ва бошқа такси паркларида (гавжумлиги боис), шунингдек, бир марталик иш билан таъминлаш шохобчалари ҳамда бозорларда ОИВ касаллигининг олдини олишга қаратилган акция давом этмоқда. Яъни ҳайдовчилар ва йўловчилардан, мавсумий иш эгалари, харидор ва сотувчилардан ихтиёрий равишда ўз саломатликлари ҳақида ишончли маълумотга эга бўлишлари учун Тошкент шаҳар СПИДга қарши курашиш маркази мутахассислари томонидан ихтиёрий қон таҳлиллари олинмоқда.
Мақсад, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан чиқарилган 95-95-95 стратегиясига эришишдир.
Инсон саломатлиги сақлашда муҳим аҳамиятга эга бўлган – ОИВ инфекциясини аниқлаш, аниқланган шахсларни ўз вақтида ретровирусга қарши дори воситалари билан қамраб олиш ҳамда қонда вирус юкламаси аниқланмайдиган даражада мақсад сари эришиш олиб борилаётган ишларнинг самарасини белгилайди.
Мазкур акция Президентимизнинг 2023 йил 20 январдаги ПҚ-14-сонли қарорига асосан, аҳоли ўртасида 2023-2027 йилларга мўлжалланган бўлиб, у аҳолининг барча қатламларига кириб боради. Жорий йилнинг ўзида тахминан 7 мингга яқин аҳолидан ихтиёрий қон таҳлиллари олиниб, ўнга яқин фуқаролар қонида аниқланган мусбат натижали фуқароларнинг ОИТСга ўтиш йўлининг олди олингани олиб борилаётган ишлар натижасидир.
Мунтазам равишда ҳар ойда Тошкент шаҳар СПИДга қарши курашиш маркази мутахассислари томонидан ўтказилиб келинаётган мазкур акция Тошкент шаҳрининг барча йирик бозор расталари ва савдо мажмуаларида, бир марталик иш билан таъминлаш марказларида, касалланиш кўрсаткичи юқори бўлган туманларда, олий таълим муассасаларида чет элдан келиб ўқиётган талабаларда, шунингдек, ҳарбийларимиз ўртасида, йирик автосарой ва такси паркларида ўтказилиб келинаётгани мамлакатимизда инсон омилига эътибор ва инсон саломатлигини сақлашда муҳим аҳамиятга эгадир.
Унутмаслик керакки, ҳар недан қиммат бўлган инсон саломатлигини асраш ҳар биримизнинг бурчимиз ва огоҳлигимизни талаб этади. Чунки саломатлиги бўлган одамгина жамиятга фойда келтиради, оиласининг, фарзандларининг саломатлигини таъминлай олади.
Дилшод АБДУРАҲМОНОВ,
Ташкилий бўлим санитария врачи ёрдамчиси