“ИХЛОС ХАЛОС”ми?

ёки плацебо самараси нимани англатади?

Плацебо самараси тиббиёт ходимлари томонидан аниқланган бўлиб, шифокорнинг беморга маълум омилнинг (дори-дармон ёки таъсир услубининг) кутилган натижа беришига ишонтиришга асосланади. Ҳолбуки ушбу даво воситаларининг ўзи ҳеч қандай таъсирга эга бўлмасада, беморлар ишончи ҳақиқатдан ҳам мўъжиза ярата олади. Агар бемор ушбу дори унинг саломатлигига таъсир қилишига ишонса, чиндан ҳам унинг аҳволи яхшиланади.

Иккинчи жаҳон уруши даврида плацебо ҳодисасини ўрганишга чуқур киришилган. Фронтлардаги госпиталларда оғриқсизлантирувчи дори воситалари етишмаганлиги сабабли беморларга физиологик эритма юборилган. Шунда анестезиолог Генри Бичер баъзи ҳолларда улар оғриқсизлантирувчи дорининг таъсирини берганини кузатган. Урушдан қайтгач шифокор Гарвард университетидаги ҳамкасблари билан ушбу феномен (фавқулоддаги ҳодиса)ни ўрганишга киришди. Плацебонинг кучли омили шифокорнинг беморда дори кучига бўлган ишончини орттириш ҳисобланади. Ушбу мўъжизавий ҳолатни намойиш қилиш учун кўплаб икки ёқлама тажрибалар ўтказилган. Шулардан бири резерпин дори воситасининг фойдали таъсирини ўрганиш бўйича ўтказилган текширувдир.

1953 йилда психиатр Э.Мендел Пуэрто-Рико ва Виргиния оролларидан келган фуқаролар даволанадиган Вашингтон теварагидаги Сент-Элизабет номидаги психиатрия шифохонасида ишлаган. Бу ерда даволанаётган аксарият беморлар ёвсираш хуружи ва агрессив (тажовузкор) хулқи туфайли шифохонага ётқизилган эди. Баъзи беморлар ўта хавфли бўлгани туфайли уларни махсус шифохона кийимларида сақлашган. Менделни эса шифохона ичида доимо икки нафар ходим қўриқлаб юрган. Беморлар инглиз тилини Мендел эса испан тилини билмагани сабабли улар билан бўлган мулоқот янада қийинлашган. Ўша даврларда янги транквилизатор-резерпин, айнан шундай беморлар тоифасига жуда яхши натижалар бергани туфайли тез орада оммалашиб кетган. Шифохона раҳбарлари ушбу дори воситасини икки ёқлама кўринмас услубда чуқур текширишга қарор қилишди. Беморлар қай бири ҳақиқий дорини, қай бири қалбаки (ширин ҳапдорилар) дорини қабул қилиши ҳақида ахборотга эга эмас эдилар. Шифокорлар эса қайси бемор дори воситасини қабул қилаяптию, қайси бемор уни қабул қиляпман деб тасаввур қилаётганини билишмас эдилар. Мендел беморларга янги дори воситасининг фойдалилигини, тез таъсир қилишини ва ҳеч қандай салбий натижага олиб келмаслигини тушунтириб берди. Ушбу клиник тадқиқотда кимлар иштирок этаётганини беморлар билишар эди.

Клиник текширув бир неча ой давом этди. Тез орада Мендел дори воситаси беморларга ижобий таъсир қилганини кузатди. Беморлар анча тинчланди, уларнинг хулқи ўзгарди ва хушмуомилалик кайфияти уйғонди. Шундан сўнг беморлардан тинчлантирувчи кийимлар ҳам ечиб ташланди. Менделнинг ўзи эса руҳий юксалишни бошидан кечирди. Чунки, у резерпин дори воситаси психиатрияда, айниқса агрессив беморларга нисбатан ижобий натижалар беришига ишонар эди.

Яна ўқинг:  Ўпкадан ташқари сил ҳақида нима биласиз?

Унинг беморлари қалбаки дори воситасини қабул қилганини билганидан сўнг Мендел ҳайратда қолди. Беморлар юзу кўзида пайдо бўлган дўстона табассум, ҳазилнамо ишоралар, шифокор фикрича улар айнан резерпин дори воситасини қабул қилишаётганинг натижаси деб ҳисоблар эди. Барча текширувларни диққат билан таҳлил қилган Мендел беморлардаги ижобий ўзгаришлар, айнан мутахассиснинг уларга нисбатан бўлган илиқ муносабати туфайли юзага келганини тушунди.

Плацебо самараси беморнинг шифокорга бўлган кучли ишончи, ундан нажот топишига англанмаган ҳолдаги ихлоси, ташқи таъсирга берилувчанлик хусусияти билан боғлиқ. Ушбу ҳолат, тиббий дори-дармонларнинг фойдалилигини беморлар онгига таъсир қилишнинг аҳамиятини ўрганиш жараёнида қўлланилади. Бунда бир гуруҳ беморларга ҳақиқий дори берилиб, унинг таъсири таҳлил қилинади. Иккинчи гуруҳ беморларга эса плацебо берилади. Агар дори воситаси ҳақиқатдан ҳам ижобий натижа берса, у ҳолда унинг плацебога нисбатан таъсир фоизи кўпроқ бўлиши керак. Клиник текширувлар жараёнида плацебо ҳодисасининг нисбати ўртача 5-10 фоизни ташкил этади. Текширувларда шунингдек салбий таъсирни ҳам (ноцебо) кузатиш мумкин. Қайсики қалбаки дори воситасидан беморларнинг 1-5 фоизи ноқулайлик (аллергик реакция, кўнгил айниши, юрак фаолиятининг бузилиши) ҳис қилишади. Клиник таҳлиллар шуни кўрсатдики беморларнинг ноцебо ҳодисасини чақириш жараёнида асабий ходимларда ҳам ноқулайлик кузатилган, тинчлантирувчи дори беморларга берилган ҳолларда эса ходимларнинг кўнглида ҳам сокинлик кузатилган. Ушбу ҳодиса “плацебо-рикошет” номини олган. Ўта таъсирчан беморларга аҳволини яхшилаш ва ортиқча дори воситаларини қабул қилмасликлари учун шифокорлар нейтрал дори воситалари буюришади.

Гомеопатик (табиий) дори воситаларининг ижобий таъсири ҳам қисман айнан плацебо ҳодисасини акс эттиради. У нафақат тажрибада, балки маълум бир даволаш муолажасининг имитацияси(бўрттириб кўрсатиш) даврида, суҳбат таъсирида беморнинг психологик ва ички организмнинг захиралари хасталикка қарши сафарбар этилган ҳолларда ҳам ижобий натижа беради. Ҳаттоки ўрганилган ва оммага яхши таниш бўлган дориларни тавсия этишда ҳам шифокорлар плацебони қўллашга ҳаракат қилишади.

Ёрқин ранглардаги йирик таблеткалар ранги бўғиқ ва кичик ҳапдориларга нисбатан яхшироқ таъсир қилади. Ваҳоланки, иккала дори воситасининг кимёвий таркиби ва дори биоэквиваленти бир хил. Шунга қарамасдан машҳур фармацевтика компанияларининг дори воситалари оммага кам таниқли бўлган ишлаб чиқарувчилар дори воситаларига нисбатан яхшироқ таъсир қилади.

Яна ўқинг:  Бола тунда тишларини нега ғичирлатади?

Плацебо ҳодисасининг асоси дори воситасини маълум таъсирга эга эканлигини бемор онгига сингдиришдан иборатдир. Бош мия (дори воситаси таъсирини қисман ўрнини боса оладиган) эндорфин (бахтиёрлик гормони)лар ишлаб чиқариши натижасида, ҳамда иммунитетнинг кўтарилиши, организмнинг ҳимоя кучларини мустаҳкамланиши ҳисобига кутилган натижа олинади. Плацебонинг организмга ижобий ва самарали таъсири, беморнинг онгига сингдириш даражаси, унинг физиологик имкониятлари, керакли кимёвий моддаларнинг пайдо бўлишига ҳам боғлиқ.

Шифокорлар олдиндан плацебо таъсиридан фойдаланиб келишган. XIX асрнинг машҳур терапевти М.Мудров беморларини уч хил номдаги кукунлар билан даволаган. Улар “олтин”, “кумуш”, “оддий” дея аталар эди. Кукунлар худди шу рангдаги қоғозларга ўраларди. Мудров кукунлари жуда кўп касалликларни даволаган ва мўъжизакор таъсир кўрсатган. Шифокор ўлимидан сўнг бу кукунлар оддий майдаланган оқ бўр (мель) бўлиб чиқди. Беморларнинг шифокорга бўлган кучли ишончи, психологик таъсирчанлик уларга шифобахш таъсир кўрсатган. Плацебо тажрибаси ҳақида шифокорнинг ўзи шундай ёзган эди: “Шифокорнинг санъати “кўнгил учун дори” яратишда мужассамланади. Бу дорилар жаҳли чиққанни тинчлантирувчи, сабрсизни овунтирувчи, аламзадани тўхтатувчи, қўрсни қўрқитувчи, уялчангни мард қилувчи, одамовини шинаванда қилувчи, умидсизга ишонч бағишловчи таъсирга эга бўлиши керак.

Плацебо таъсирини шифокорнинг обрў-эътибори янада кучайтиради. Яъни, машҳур шифокорлар томонидан ёзилган дорилар маҳаллий поликлиника шифокори ёзган доридан кўра беморга кучлироқ таъсир кўрсатади.

Тадқиқотларда кузатилишича асосан плацебо самараси ҳаммага бирдек таъсир кўрсатади, лекин экстраверт – эмоционал нотурғун, ташқи таъсирга берилувчан инсонларга кўпроқ таъсир этади. Интравертлар – ҳамма нарсага ишончсиз ва шубҳа билан қаровчилар эса плацебо таъсирига кўп ҳам берилавермайдилар.

Шундай экан тезроқ соғайиб кетиш ва умуман касалланмаслик учун инсон ўзига бўлган ишончини йўқотмасдан доим яхши ният қилиши керак. Қадимда шарқ табиблари ҳам беҳудага “ихлос-халос” демаганлар. “Яхши ният – ярим давлат” дейди доно халқимиз.

Азизлар, атрофимиздаги инсонларга меҳр-муҳаббат билан қарайлик. Ёрдамга муҳтож ва кўнгли яримларни қўллаб-қувватлаш эса руҳимизга ором беради. Кўнглимизда хотиржамлик пайдо қилади. Ҳар кунимиз шукроналикка тўлиғ бўлсин, десангиз савоб ишлар қилинг ва дуо олинг. Шундагина ён-веримизда руҳи шикаста одамлар камаяди. Руҳан ва жисмонан баркамол инсонлар юзидан эса нур ёғилади. Шу илоҳий нур барчамизга насиб этсин.

Яна ўқинг:  Нега ёш болалар орасида пневмонияга чалиниш ҳолатлари кўп учрамоқда?

Шоира ГАЗИЕВА,

Ўқув-даволаш комплекси тиббиёт коллежи ўқитувчиси,

Шайхонтоҳур тумани

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: