Эзгулик ҳамжиҳатликда

Яхшилик ўзгаларга ҳаёт инъом этиш демакдир. Ҳар сафар жамоамиз билан Яккабоғ туманида яшовчи ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга, ёлғиз қарияларга мурувват ёрдамларини етказиб берар эканмиз юқоридаги сўзларнинг нечоғли ҳақ эканига яна бир бор амин бўламиз. Кўнгли ярим инсонларнинг ҳолидан хабар олиш баробарида уларнинг чеҳраларига қувонч, қалбига умид, ҳаётга ишонч ҳиссини ҳам тортиқ этаётганимизни уларнинг юз ифодасидан англаш қийин эмас.

Айтиш жоизки, бу эзгуликларда Президентимизнинг саъй-ҳаракатлари бош омил бўлаётир. Зеро, 1992 йилда Юртбошимизнинг “Ўзбекистон Қизил Ярим Ой жамияти ҳақидаги” фармонига биноан ташкилотимиз мустақил инсонпарварлик жамоат бирлашмаси мақомига эга бўлди. Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистонда истиқлол йилларида меҳр-мурувват кўрсатишнинг мустаҳкам ҳуқуқий базаси яратилди.

Ташкилотимизнинг асосий йўналиши туманимизда фаолият олиб бораётган барча ишчи ходимларни жамиятимизга аъзо қилиб, аъзолик бадалини ёлғиз қарияларга, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолига тарқатиш, фавқулодда ҳолатларга аҳолини тайёрлаш, аҳолини донорликка кенг жалб этиш каби ишлардан иборат. Биргина туманимиз мисолида оладиган бўлсак, ҳозирги кунда Яккабоғ туман Қизил Ярим Ой жамиятининг 4 та бошланғич ташкилоти фаолият юритиб, сўнгги йилларда туман ҳокимлиги, тиббиёт бирлашмаси, касб-ҳунар коллежлари, туман халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлими ёрдами билан фаолиятимизнинг кўрсаткичи вилоят бўйича сезиларли даражада юқорилаб борди. Яхши инсонларнинг кўмаги ва ёрдами билан аҳолининг қуйи қатламига мурувват ёрдами кўрсатилиб борилмоқда. Аммо бу эзгу ишларга бевосита аҳолининг ўзи ташаббус кўрсатиб, жонбозлик қилса айни муддао бўларди.

Саховат, меҳр-мурувват сарҳад билмайди. Унинг ортидан кўплаб дардман кишиларга шифо, муҳтожларга кўмак, кўнгли яримларга далда бўлиш мумкин. Ўйлаймизки, ҳар қандай улуғ ишларда ҳамжиҳатлик, кўплаб эзгу режаларни амалга оширишимизда муҳим пойдевор бўлади.

Шуҳрат ЧОРШАНБИЕВ,

Яккабоғ туман Қизил Ярим Ой жамияти раиси

Яна ўқинг:  ТИНЧЛИК

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: