Саховат САОДАТГА ЭЛТАДИ

Хўжайли ногирон аёллар “Мурувват” уйининг ҳовлиси чиннидек тоза. Супурилган, сувлар сепилган, турфа хил рангдаги гуллар ва муассаса биносига илинган байроқчалар байрам шукуҳини дилингизга бахш этади. Мазкур даргоҳга кириб борар эканман, саранжом-саришталикка эътиборли чор-атрофни байрамона безатаётган чеҳраси очиқ ходимлар беихтиёр диққатимни тортди.

– Хуш келибсиз, – мени Хўжайли тумани ногирон аёллар “Мурувват” уйи директори Манзура Холмуратова қарши олди. Кейин у амалга оширилаётган ишлар билан таништираркан: – Яқинда Мустақиллигимизнинг 23 йиллик байрами муносабати билан муассасамизда тантанали тадбир ўтказдик, – дея гапида давом этди. – Байрам баҳона мазкур меҳр-мурувват даргоҳимизда яшовчи хотин-қизлар томонидан тўқилган гиламлар, ҳар хил пайпоқлар, жемперлар, рассомчилик билан шуғулланаётган имконияти чекланган аёлларнинг чизган расмлари, парвариш қилган гуллари байрам кўргазмасидан жой олди. Кўргазмага “Болаларни ва оилани қўллаб-қувватлаш ассоциацияси”, ЭКОСАН халқаро хайрия жамғармаси, Беруний ва Амударё тумани Хотин-қизлар қўмиталари раислари, “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фондининг Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий филиали жамоаси ҳам қатнашиб, “Мурувват” уйида яшаётган хотин-қизлар учун ётоқ жиҳозлари, сочиқ, кийим-кечаклар, оёқ кийимлари ва гигиеник воситалар топширишди. Байрам иштирокчилари томонидан аёлларнинг қўл меҳнатларига берилган баҳо уларга олам-олам қувонч бағишлади.

1987 йилда ташкил қилинган ушбу муассасада асосан шизофрения, олигофрения ва эпилепсия касаллиги билан оғриган ногирон хотин-қизлар парвариш қилинади. Ҳозирги кунда 176 нафар хотин-қиздан 43 нафари касб-ҳунар ўрганиш билан машғул. М.Холмуратова мазкур даргоҳда яшаётган аёллар ҳаёти билан таништириш мақсадида бизни хоналарга бошлади. Ушбу даргоҳдаги ҳар бир хона ўзига хос безатилган бўлиб, уларнинг бирида столга мукка тушганча мева ва полиз маҳсулотлари расмини чизаётган кичкинагина жуссали аёлга кўзим тушди. Менга меҳрли кўзлари билан боқар экан:

– Сиздан бир нарса илтимос қилсам, майлими, – деди. Ҳа, албатта дедим. У бўлса, – менга расм чизиш учун кўп қоғоз керак. Мумкинми? – деди. Мен унга кейинги келганимда, албатта, қоғоз олиб келишимни айтдим. У эса раҳмат, сизга катта раҳмат дея қайта-қайта миннатдорлик билдирди. Яна бошқа аёллар ранг-баранг иплардан полосчалар, кийим-кечак, оёқ кийимлари ва бошқа нарсалар тўқишарди.

“Мурувват” уйи биносининг ташқарисидаги ҳовлидаги ҳовузларда ҳар хил балиқлар ва ғозлар парваришланмоқда. Ундан ташқари махсус хоналарда чорвачилик моллари ҳамда товуқ, қуён боқилмоқда. “Мурувват” уйида бюджетдан ташқари қўшимча таъминлаш мақсадида туман ҳокимлиги томонидан “Оқ олтин” фермер хўжалиги ҳудудидан 10 гектар ер ажратилган. У ерда сабзи, лавлаги, турп, шолғом, картошка, пиёз, қовоқ каби полиз ва мева-сабзавот маҳсулотлари етиштирилмоқда.

Яна ўқинг:  Ўқув қунт беради, билим шараф-шон

Байрам кунлари ходимлар тандирда иссиқ нон, сомса ёпиб бу ерда яшовчиларни меҳмон қилиб туришаркан.

Ушбу даргоҳда 10 нафар ошхона ходими, 20 нафар ҳамшира, 4 нафар олий тоифали шифокор, 41 нафар тарбиячи, 27 нафар техник ходим, жами 102 нафар ишчи-хизматчилар фаолият кўрсатади. Ширинсўз шифокор Нодира Пирназарова, катта ҳамшира Юлдуз Эрниязова, қўли енгил ҳамшира Гулбаҳор Азелепесова, меҳрибон тарбиячилардан Пердехан Рзамуратова, Шукуржон Уразбаева ҳамда озиқ-овқат омбори мудири Назира Утамбетова жамоада ҳурмат қозонган ходимлардан ҳисобланади. Ҳар йили муҳим саналарга бағишланган байрам тадбирлари ўтказиш ушбу даргоҳда анъанага айланган. Бундай эътибор мазкур даргоҳни ўз оиласи деб билган аёлларга олам-олам қувонч бахш этади.

Хўжайли имконияти чекланган аёллар “Мурувват” уйига “Нукус шаҳар деҳқон бозори”, “Қўнғирот сода заводи”, Абдураҳмон Жомий номидаги дорихона, Уримхон она масъулияти чекланган жамияти, “Хўжайли нон корхоналари” томонидан мунтазам ҳомийлик ёрдами кўрсатилаётгани халқимизнинг мурувватли эканидан далолатдир.

Муҳаббат ХЎЖАМУРОДОВА,

Қорақалпоғистон Республикаси, Хўжайли тумани

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: