МУСТАҚИЛ ЮРТ ФАРЗАНДЛАРИ

хорижий тилларни пухта ўзлаштириши

зарурЮртимизда дунёни янгича идрок этадиган, миллат ғурури ва ҳақ-ҳуқуқи учун курашадиган, ўз тақдирини халқи, Ватани тақдири билан чамбарчас боғлаб, фаолият кўрсатаётган янги авлод шаклланмоқда. Улар ҳам аждодлар маънавий меросини, ҳам умумбашарий қадриятларни баробар ўзлаштирмоқдалар. Салоҳиятли мутахассислар Ўзбекистоннинг эртанги кунини, миллат келажагини белгилайди. Шу боис замон талабларига жавоб берадиган юксак маънавиятли, билимдон ёшларни тарбиялаш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналиши ҳисобланади.

Ана шу устувор вазифаларни бажариш мақсадида Самарқанд давлат чет тиллар институтида ҳозирда 4 та факультет, 15 та кафедра, 14 та тил ва маданият марказлари, минтақавий тил ўргатиш маркази, Таълим сифати таъминоти ва инновациялар маркази, энг замонавий ўқув ва мультимедиа ускуналари билан жиҳозланган Ахборот-ресурс маркази мавжуд.

Институтда 11 та йўналишда бакалаври, 5 та мутахассислик бўйича магистратура, 4 ихтисослик бўйича докторантура фаолият кўрсатмоқда. 350 нафар талабага мўлжалланган замонавий талабалар турар жойи, 250 ўринли ошхона мавжуд. Бакалавриат босқичида бугунги кунда инглиз, немис, француз, итальян, испан, араб, япон, корейс ва хитой тиллари ҳамда таржимонлик мутахассисликлари бўйича кадрлар тайёрланмоқда.

Жорий ўқув йилида институтда бакалавриат босқичида 1 минг 932 нафар, магистратура босқичида 129 нафар талаба, 14 нафар докторант таҳсил олмоқда. Уларга касб сирларини ўргатиш, илмий-педагогик жараённи фаол олиб бориш учун салоҳиятли илмий муҳит мавжуд. Ҳозирда бу обрўли илм даргоҳида 225 нафар профессор-ўқитувчи, жумладан, 13 нафар фан доктори, профессорлар, 58 нафар фан номзоди, доцентлар меҳнат қилмоқда. Шунингдек, институтда 20 га яқин хорижлик мутахассис фаолият кўрсатмоқда.

Самарқанд давлат чет тиллар институти Самарқанд вилоятида таълимга оид ҳукумат қарор ва фармонлари ижросини амалга оширишда етакчи илмий масканлардан ҳисобланади. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 10 декабрдаги “Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш борасида институт педагогик жамоасининг ишлари эътиборга моликдир. Ҳозирда Самарқанд вилоятида халқ таълими тизимидаги 49 та таянч ва 9 та тажриба-синов мактабларида табиий фанларни чет тилида ўқитиш, узлуксиз таълим тизимининг кейинги узвий босқичи бўлган касб-ҳунар коллежларида чет тили таълимини янги сифат босқичига кўтариш борасида Самарқанд давлат чет тиллар институти жамоаси томонидан кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Оқдарё Педагогика коллежида ва Нарпай туманидаги 32-ўрта мактабда ҳамда қатор бошқа таълим марказларида СамДЧТИ ташаббуси билан ташкил этилган семинар ва конференцияларда ўрта мактаб ва касб-ҳунар коллежлари ўқитувчиларига чет тилларини ўқитишда амалий-услубий кўмак бериш, ўқитиш услублари ва мазмунига замонавий педагогик технологияларни жадал ва самарали татбиқ этиш, янги, халқаро стандартларга мос ўқув адабиётларини яратиш ва амалиётда қўллаш, ўрта махсус таълим тизими субъектлари учун нофилологик фанларни чет тилларда олиб борадиган етук мутахассисларни тайёрлаш каби долзарб масалалар муҳокама этилиб, тавсиялар ишлаб чиқилди.

Яна ўқинг:  O‘rigimdan qo‘ymasin

СамДЧТИ хорижий олий таълим муассасалари ва илмий марказлари билан илмий, амалий-педагогик ва техникавий соҳаларда 50 дан ортиқ давлатлар билан ҳамкорлик шартномаларини имзолаган. Икки томонлама шартнома доирасида аниқ йўналишлар бўйича ишчи дастурлар асосида илмий тадқиқотлар олиб борилмоқда. Россия, Германия, Италия, Хитой, Малайзия, Корея, Япония ва бошқа кўплаб давлатлар университетлари билан ҳамкорлик фаол ривожланмоқда.

Ҳар йили институтимизнинг 20 дан зиёд профессор-ўқитувчилари, илмий тадқиқотчилари ҳамда талабалари Европа, Америка ва Осиё давлатларида таҳсил олмоқда. Улар ёзги таътил давомида ишлаб чиқариш жараёни ва янги технологиялар билан танишиб, хорижий университетларда малакаларини ошириб қайтишмоқда.

Институт илмий ходимлари ва талабалари халқаро конференцияларда иштирок этишларига катта эътибор қаратилмоқда. Муассасада соҳавий нашрлар орасида энг нуфузлиларидан ҳисобланган “Хорижий филология: тил, адабиёт, таълим” илмий-назарий журнали чоп этилмокда. Институт республикамизнинг барча олий ўқув юртлари билан бир қаторда хорижий давлатлардан Гёте институти, Гумбольдт университети (Германия), Лондон Метрополитен университети (Англия), Хосео, Хондонг, Чоннам (Корея Республикаси), Сиена (Италия), Ал-Мансура (Миср), Даларна (Швеция), Оулу (Финляндия) каби шаҳарлардаги қатор етакчи олий ўқув юртлари билан самарали ҳамкорликни йўлга қўйган. Ўтган қисқа тарихий вақт ичида Самарқанд давлат чет тиллар институтида ўзига хос тилшунослик мактабларига асос солинди: Герман тиллари ва социолингвистика (профессорлар А.Бушуй, Т.Бушуй), умумий тилшунослик ва матн лингвистикаси (профессор Н.Турниязов): таржима назарияси ва амалиёти, адабиётшунослик, тарих ва маданиятшунослик, хорижий педагогика тарихи илмий йўналишлари жадал ривожланмоқда.

Бугун ана шундай нуфузли олий ўқув юртида меҳнат қилаётганимдан барча жамоадошларим сингари мен ҳам фахрланаман. Тинимсиз изланишларим ўз самарасини берди. Устозларим ва ҳамкасбларим ўртасида ҳурмат-эътибор қозондим. Мамлакатимиз мустақиллигининг 23 йиллиги арафасида мамлакатимиз Президентининг фармонига кўра мамлакатимизда амалга оширилаётган маънавий-маърифий ва ижтимоий фаол иштироки, самарали меҳнати, ёш авлодни она Ватанга муҳаббат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш ишига қўшган ҳиссаси учун мукофотланган ҳамюртларимиз қаторида мен ҳам “Шуҳрат” медали билан мукофотландим. Бу мукофот бутун жамоамиз меҳнатига берилган муносиб баҳо деб биламан.

Гулчеҳра ОБРЎЕВА,

Сам ДЧТИ, инглиз тили фонетикаси кафедраси мудири, доцент

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: