Сизни тушуниши учун СИЗ ҲАМ ТУШУНИНГ
Юлия ЗАМЕЛИТДИНОВА,
психология фанлари номзоди
Болаларимиз билан муомала жараёнида қийинчиликларга кўп учраймиз, баъзида оддий ҳолатларда ҳам хатоларга йўл қўямиз. Аслида, кўзимизга ўжар, қайсар ва гапуқмас бўлиб кўринаётган ўсмир боламиз ҳам ич-ичидан бизга қулоқ солишни, биз билан аҳил-тотув бўлишни истайди. Биз, ота-оналар эса ана шу хоҳиш-истакни англай олишимиз, унга тўғри муносабат кўрсатишимиз керак. Англашилмовчилик ҳолатларида жазо услубини қўллаш фойда бермайди. Хўш, фарзандимиз феъл-атворидаги ёмон хулқ белгиларини қандай қилиб йўқотиш мумкин?
1. Сўз орқали тарбияланг. Бола билан мулоқот қила олиш тарбиянинг муҳим жиҳатларидан биридир. Бунга эришишнинг бир неча йўллари бор:
Олдин муомала ўрнатинг, кейин йўл-йўриқ кўрсатинг. Кичик ёшдаги болангизга бирор муҳим гапни тушунтирмоқчи бўлсангиз, олдин тиз букиб ўтиринг. Кўзингиз унинг кўзи билан тенглашсин. Чунки, кўз орқали ахборот алмашиш катта аҳамиятга эга.
Болангизга исми билан мурожаат қилинг, айниқса, суҳбат бошида.
Қисқа, лўнда гапиринг.
Асосий мақсадингизни сўзингиз бошидаёқ айтинг. Айниқса, айтмоқчи бўлган гапингиз битта бўлса ёки болангизнинг ёши кичик бўлса.
Оддий тилда гапиринг.
Болангиздан айтганларингизни қайтаришини сўранг.
Фарзандингизга рад этиши мумкин бўлган ишни буюринг. Масалан, “Кийиниб олсанг, айлангани чиқамиз”, деб кўринг.
Тасдиқ гапларни ишлатинг. “Пичоққа тегма!” дейиш ўрнига “Пичоқ ўткир, қўлингни кесиши мумкин. Эҳтиёт бўл”, деб огоҳлантиринг.
Қўшни хонада туриб “Овқатга чиқ!” деб бақиргандан кўра, фарзандингиз ўтирган хонага кириб таклиф қилинг.
Таклифли мурожаатлардан фойдаланинг. Масалан, “Бугун қайси кийимимизни киямиз: қизилиними, яшилиними?”
Боланинг ёшига мос гапиринг. Икки-уч ёшли болага “Нимага бундай қилдинг?” ёки “Нимага гапимга қулоқ солмаяпсан?” қабилидаги саволларни берманг. У ҳали бу каби саволларга жавоб бериш ёшига етмаган.
Мулойим бўлинг, боланинг кўнглига ёқадиган эркалатиш сўзларидан фойдаланинг.
2. Фарзандингизни тақдирланг. Бу қимматбаҳо совғалар бўлиши шарт эмас. Масалан, “Нарсаларингни тез йиғиштирсанг, битта зўр эртак айтиб бераман”, деб рағбатлантириш мумкин.
3. Ҳазил-мутойиба қилинг. Бироқ ҳазилингиз ўринли чиқсин, ҳақорат ва аччиқ киноядан холи бўлсин.
4. Фарзандингиз билан шартнома-келишув тузинг. Бу сизнинг ота-оналик мақомингизни пасайтирмайди, аксинча мустаҳкамлайди. Муроса усули билан ижобий натижаларга эришасиз.
5. Оилавий йиғилишлар ўтказиб туринг. Бу оилада ички тартиб ўрнатишга катта кўмак беради. Сиз хотиржам, болаларингиз уқувли-идрокли бўлади. Бу сиз учун ҳам, фарзандлар учун ҳам фикр-мулоҳазаларни айта олиш имкониятидир. Кўтарилган масалаларни ойдинлаштиринг, уларга ечимлар топинг.
Рус тилидан Орифжон МАДВАЛИЕВ таржимаси