Табиий иммунитет манбаи
Она сути билан эмизиб боқиш чақалоқни турли инфекциялардан асрайди
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг берган маълумотларига кўра кўкрак сути билан эмизиш орқали йилига 1,5 миллион гўдак ўлимининг олдини олиш мумкин. Гўдакни фақат кўкрак сути билан эмизиш гўдаклик давридаги ўлимни 58-87 фоизга қисқартиради. Бундан ташқари тадқиқотчиларнинг таъкидлашича чақалоқни кўкрак сути билан эмизиш она ва бола ўртасида бутун умрга сақланиб қоладиган узилмас руҳий ришта пайдо қилади.
Бу борада Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, ЮНИСЕФ ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотларининг Ўзбекистондаги ваколатхоналари билан ҳамкорликда республикамиздаги кўплаб она ва болага тиббий хизмат кўрсатишга ихтисослаштирилган муассасаларда болани кўкрак сути билан эмизишни қўллаб-қувватлаш ҳамда кенг тарғиб қилиш ишларини олиб бормоқдалар. Бу боланинг кўкрак сути билан эмизиш бўйича ЮНИСЕФ ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсияларига мос бўлган 10 та тамойилни амалиётга самарали тадбиқ қилишда муҳим аҳамиятга эга.
Ҳозирда республикамизда болани кўкрак сути билан эмизиш борасидаги ишлар янада мувофиқлашган ва мақсадли тарзда амалга оширилмоқда. Республикамизда “Болага дўстона муносабатда бўлган муассаса” сертификатига эга бўлган шифохоналар кўпаймоқда. Оналар ўз фарзандларини қандай парваришлаш ва тўғри эмизишга доир саволларга жавоб топишида тиббиёт ходимларининг маслаҳат ва тавсиялари муҳим саналади. Туғруқ мажмуалари ва бошқа соғлиқни сақлаш муассасалари (болалар поликлиникалари, ҚВПлар ва оилавий поликлиникалар)да шифокорларнинг бу борада жонбозлик кўрсатиши гўдаклар касалланиши ва ўлими кўрсаткичи камайишида катта ахамиятга эгадир.
Эмизиб боқиш онани турли хавфли ўсма касалликлари ривожланишидан асрайди. Гўдакни эса турфа хил юқумли касалликлардан муҳофаза қилади. Унда табиий иммунитетни шакллантиради.
Ҳар йили глобал, миллий ва ҳудудий даражада кўкрак сути билан озиқлантириш жаҳон ҳафталиги нишонланади. Бу билан болалар ҳаётида кўкрак сути билан озиқлантиришнинг муҳим ҳаётий жиҳати ва фақат она сути билан озиқлантиришни оммалаштиришнинг жиддий аҳамиятига эга эканлиги яна бир бора эътиборга олинади.
Мамлакатимизда бу йилги ҳафталик “Кўкрак сути билан озиқлантириш: Ҳаёт учун ғалабага элтувчи йўл!” мавзусига бағишланди. Бу билан Кўкрак сути билан озиқлантириш ва Минг йиллик ривожланиш мақсадларига эришиш дастури ўртасидаги алоҳида муҳим боғлиқлик таъкидланди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига асосан болалар ўлими ҳолатининг 800 мингтаси ҳар йили кўкрак сути билан озиқлантиришнинг нотўғри амалга оширилиши туфайли содир бўлади. Кечиктирмасдан кўкрак сути билан озиқлантириш – чақалоққа туғилиши билан бир соат ичида она кўкрагини бериш неонатал (чақалоқлик) даврдаги ўлим ҳолати даражасини сезиларли даражада камайтиради. Бу гўдакларни парваришлаш ва унинг сифатига оид муҳим масала ҳисобланади.
Фақат кўкрак сути билан озиқлантирилган болаларда гўдаклар ўлими ҳолати она сути билан боқилмайдиган болаларга нисбатан 14 баравар кам учрайди.
Жорий йилдаги Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва ЮНИСЕФ билан ҳамкорликда ОАВ ходимлари иштирокида пойтахтда ўтказилган анъанавий ҳафталик (1-7 август кунлари жаҳонда она сути билан эмизиб боқишни тарғиб қилиш жаҳон ҳафталиги) эмизикли оналарни қўллаб-қувватлаш борасидаги даъватларга йўналтирилди.
Гулчеҳра ШИРИНОВА тайёрлади