ТАОМГА ТАЛПИНГАН ГЎДАК

унга қўшимча озуқа зарур

Кўкрак сути гўдак ҳаётида энг қимматли ва алмаштириб бўлмайдиган ноёб маҳсулот ҳисобланади. Шунинг учун Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти биринчи олти ойликда гўдакни фақатгина кўкрак сути билан озиқлантиришни ва кейинчалик қўшимча озуқа киритилганда ҳам кўкрак сути билан озиқлантиришни давом эттиришни тавсия этади. Бу борада олий тоифали болалар шифокори Умида Юлдашевага бир неча саволлар билан мурожаат қилдик:

Болаларга нима сабабдан қўшимча озуқа-бўтқалар бериш тавсия этилади?

Боланинг соғлом бўлиб ривожланиши учун 6 ойгача фақат она сути билан эмизиш тавсия қилинади. Она сути таркибидаги оқсил, минерал тузлар, йод, витамин, макро ва микро элементлар, углевод каби моддалар боланинг ривожланиши учун етарли даражада мавжуд. Гўдакга олти ойдан бошлаб қўшимча овқатлар берилади. Бунинг асосий сабаби она сути энди кичкинтойни керакли миқдорда қувват ва озуқавий моддалар билан таъминлай олмайди. Унинг таркибидаги нафақат микроэлементлар, шунингдек витаминлар ва бошқа моддалар ўсиб бораётган бола организми эҳтиёжини қондира олмайди. Айниқса, чақалоқ вужудининг рух ва темир моддасига бўлган эҳтиёжларини энди она сути тўлдира олмайди.

Болада чайнаш кўникмаси (чайнаш болаларни тиш чиқишига тайёрлайди) ва шунингдек меъда-ичак тизими ҳаракатини ривожлантиради.

Болага қўшимча овқат зарурлигини қандай билиш мумкин?

Ҳар бир чақалоқ ўзига хос (индивидуал) равишда ривожланиб боради. Кичкинтойга қўшимча овқат зарурлигини болалар шифокори гўдак ривожланишининг қуйидаги белгиларига қараб аниқлаши мумкин:

Миттивой катталарнинг кўмаги билан ўтиради ва бошини дадил тута бошлайди, унинг вазни туғилганидан икки баробар ортади. Бола 8-10 марта эмганидан ёки аралашма ичганидан сўнг ҳам оч қолади.

Болага қўшимча равишда мева ва сабзавотлардан тайёрланган бўтқа (пюре) бериб кўринг. Агар пюре гўдакнинг оғзидан бутунлай қайтиб чиқса ҳали болага қўшимча овқат беришга эрта ҳисобланади. Агар бола тилини чиқармасдан пюрени ютса, демак унинг таомномасига қўшимча озуқа киритиш мумкин.

Болага бўтқа тавсия қилинди дейлик, уни қайси маҳсулотдан бошлаган маъқул?

Қўшимча озуқани витамин ва минераллар билан бойитилган қутисида бир бошоқли дон сурати солинган глютенсиз бўтқадан бошланса мақсадга мувофиқ. Одатда биз гуручли бўтқаларни тавсия қиламиз. Гуручли бўтқа болани организми ўрганиши ва қайт қилмаслиги, ич кетиши каби салбий ҳолатлар бўлмаслиги учун енгил ҳазм бўлувчи бўтқа турига киради. Кейинчалик эса глютенли (буғдойли ёки жавдарли) бўтқалар тавсия этилади.

Яна ўқинг:  ХАЛҚ ТАБОБАТИ УСУЛИДА ДАВОЛАШ

Глютенли ва глютенсиз бўтқалар қайси жиҳатлари билан фойдали?

Глютен – бу баъзи болалар учун ҳазм қилиш қийин бўлган ўсимликларга мансуб оқсил. Масалан:

Гуруч – организм ривожланишида муҳим рол ўйнайди,тез ҳазм бўладиган глютенсиз углеводлар, калий, В гуруҳидаги витаминлар ва аминокислоталар манбаи ҳисобланади.

Гречка – глютенсиз ёрма таркибида кўп углеводлар, ўсимлик оқсиллари,клечатка, В1, В2, В6, РР витаминлари, минераллар мавжуд.

Буғдой – организмни қувват билан таъминлайди ва А, В,С,D, Е витаминлари ҳамда, тўйинмаган ёғ кислоталари унинг ҳимоя кучини мустаҳкамлайди.

Жавдар – аминокислоталар, минерал тузлар, В,Е,РР гуруҳи витаминлари, темир, микро ва макроэлементлар, клечатка каби кўплаб фойдали моддаларга эга.

Сўнгги пайтларда бўтқалар рекламасида “ВL бифидобактерияларга эга” деган сўзларга кўзимиз тушади. ВL бифидобактериялар ўзи нима? Унинг бола ривожланишида қандай аҳамияти бор?

Биз биламизки, катта одам ва гўдак ичагида миллиардлаб турли бактериялар яшайди. Улар ҳазм қилиш жараёнида қатнашади. Организмни таом ёки ташқи муҳит орқали кирадиган зарарли бактериялардан сақлайди. Ичакдаги тирик бактериялар бола иммунитетини ривожлантиради ва фаоллаштиради. Кичкинтой учун асосий фойдали бактериялар бифидо– ва лактобактериялар ҳисобланади. Бу бактерияларни бола она сути орқали олади. Кўкрак сутини гўдак эммаган тақдирда уларни пробиотикли болалар аралашмаси орқали олиши керак. Қўшимча озуқалар киритилиш пайти келганда бола ҳар куни оддий эмас, балки, бифидобактериялар билан бойитилган бўтқа истеъмол қилиши ҳақида оналар қайғуришлари керак. Бу эса боланинг ичакларида соғлом микрофлора ва мустаҳкам иммун тизими ривожланишига ёрдам беради.

Қандай турдаги бўтқалар болаларга тавсия этилади?

Бола туғилганидан 6 ойгача бўлган вақт оралиғида “NAN”, “Малютка”, “Бебизан” каби аралашмалар энг кўп тавсия қилинадиган ва ичиш учун мўлжалланган аралашмалар қаторига киради. 6 ойдан кейин эса “Nestle”, “Малыш” каби бўтқалар ва мева– сабзавот шарбатлари берилади. 7-8 ойликдан кейин қатиқ, тухум маҳсулотлари бериш мақсадга мувофиқ. Сабаби она сути билан озиқланмаган болада кальций моддаси етарли даражада бўлмайди. Бўтқалар эса доим берилмайди. Улар қўшимча овқат турига кирганлиги боис кунига 2-3 марта берилади.

Хуршида ҲУСЕНОВА

суҳбатлашди

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: