100 граммга шунчами?!
Бугунги кунда бозорларимизга тушган кишининг кўзи қувнайди. Савдо расталарида топилмайдиган маҳсулотнинг ўзи йўқ. Истаганингизни ҳарид қилишингиз мумкин. Афсуски, “гуруч курмаксиз бўлмаганидек” сотувчилар орасида ҳам ўзгалар ҳаққига хиёнат қилаётганлари учраб туради. Яқинда бир онахондан эшитганларимни сиз билан баҳам кўргим келди:
– Гуруч сотаётган ёш бир йигит маҳсулотини тинмай реклама қиларди. Гуруч танлаётганимни кўриб, холажон бир килограмм бўлсаям шу гуручдан олиб кўринг, кейин яна қайтиб келасиз. Мазаси оғзингизда қолади. Айниқса, ошни сайратиб юборади-да, деб роса мақтади. Майли, озроқ олиб кўрайчи деб, икки килограмм торттирдим.
Бошқа растадан икки килограмм майиз олдим. Сумкага жойлаётсам, майизнинг вазни анча оғир кўринди.
Тарозингиз, тўғрими, синглим? Негадир яқинда олган гуручим енгилроқ, майиз эса оғирроқ туюляпти, дедим.
Тарозим тўғри, келинг гуручингизни тортиб кўрамиз. Гуруч ҳам икки киломиди? Одамларни алдаб, мол сотиш гуноҳ, деди-да гуручни тарози посонгисига қўйди.
Нақ ярим кило кам чиқди-я, холажон. Шунчаликка ҳам борадими? Олганингизга кўп бўлмаган бўлса, тезда қайтариб беринг. Килосини тўғри қилиб қайта тортиб берсин, деб аёл гуруч олган жойимга боришга ундади.
Ўғлим, ҳозиргина олган гуручимдан, ярим кило кам чиқди. Онангиз тенги аёлни ҳам алдайсизми? Ярим кило ҳам урадими, дедим. Бўлиши мумкин эмас, беринг-чи қайта тортиб кўрай. Сотувчи йигит гуручни ўлчаркан, хижолат тортган одамдек, узр, холажон, узр деб кечирим сўради. Тарозининг темири бироз қийшайиб қолган экан. Мана, яна қўшиб, тортиб бераман, деб сумкага бир-икки ҳовуч яна гуруч ташлади.
Қайтаётсам, майиз сотувчи аёл тўхтатиб, холажон, бошқатдан ўлчаб бердими, айбини тан олдими, ишқилиб, деб сўради.
Барака топсин, сал хатолик бўлибди, қайта тортиб берди, дейишимга қарамай олдига чақириб олди. Нима бўлгандаям, яна бир ўлчаб кўрайлик, деб тарозисига қўйди. Қаранг, яна 100 грамм кам чиқса денг. Бу сафар ўзимнинг жаҳлим чиқиб кетди. Гуручни олиб сотувчи йигитнинг олдига қўйдим. Пулимни қайтариб бер, ноинсофлик ҳам шунчалик бўлар! Ахир, эртага бунинг жазоси борлигини билмайсанми? Яна 100 грамм урибсан-а? Ёш болага алдангандан кўра, ош емай қўя қолай. Пулимни бер, дедим.
Вой-бўй, бунча майдакаш бўлмасангиз? 100 граммга шунчами? – дейди-я уялмай у. 100 граммдан ураётган юзсиз бу сотувчига бошқа гап ортиқчалик қиларди.
Нилуфар САПАЕВА