Ўхшасам, онамга ўхшайман

Ҳилола нега қўғирчоғингни кўтариб олдинг, биттасини ўйнасанг бўлмайдими? Қўлингдан тушиб кетса, кўйлакларини кир қилиб қўясан, – дея кўчага отланаётган синглисига танбеҳ беради Озода.

Йўқ, биттасини Каримага бераман, бугун ақлли қиз бўлмоқчиман. Ойижоним анув кун арқонимни Лолага бермаганим учун, “ақлли қизлар дугоналаридан нарсаларини қизғанишмайди, сахий бўлсанг ҳамма сени бирдек яхши кўради”, деган эди. Ҳа, айтганча биласизми, кеча ўзи ҳамма мени яхши кўрсин деб, – дазмолимизни қўшнимиз Моҳира опага бергани учун дадамнинг кўйлагини дазмоллай олмади. Шунинг учун эрталаб дадам ишга қовоғини солиб индамасдан кетди. Менимча дадажоним ойижонимнинг қизғанчиқ эмаслигини билмади-да, шундайми, опажон? Мен эса бугундан бошлаб худди ойижоним сингари ҳамиша сахий бўлмоқчиман, – деди Ҳилола дарвоза олдига етиб борар экан.

Бийрон синглисининг жавобидан лол қолган Озода бошини сарак-сарак қилганича унинг орқасидан қараб қолди.

* * *

Шафоат, юзингга қаёқдан қора чаплаб олдинг, қара кўйлагингга ҳам ишқаб олибсан, қиз бола ҳам шундай юрадими? – ойисининг берган танбеҳидан бошини қуйи эгиб олган қизча лом-мим демади. Ҳай, сенга гапиряпман, оғзингга талқон солиб олдингми? – деганича Мастура опа қизининг қўлидан етаклаб, унинг юз-кўзларини ювиб, тоза кўйлагини кийдирди. Шу пайт Шафоат икки қўли билан юзини бекитганича “қиқир-қиқир” кула бошлади. – Нима бўлди? – ойисининг саволи тугар-тугамас Шафоат тилга кирди. – Ойижон чошгоҳда тандирга ўт қалаганингизда бувижоним “ҳай нима бўлди, келин юзингизга қора чаплабсиз, этагингиз ҳам қоп-қора бўлибди”, – деганида оғзингизда талқон бор эдими? Бувимга жавоб бермадингиз. Ўшанда “нима оғзингизда талқонингиз борми”, – деганича бувим ортингиздан қараб қолди. Мен ҳам гапирмасдан сизга ўхшаб олдим. – Бувингга гапирмадимми? – бир муддат каловланиб қолган Мастура опа ўз-ўзидан уялиб кетди.

* * *

Мўътабар, қайчини жойига қўй. Уни нима қиласан? – Анзират буви набирасини койиган бўлади.

Бешикчамга ойимникидай ялтироқ ёпинғич тикмоқчиман, – бижиллайди бувисига жавобан қизалоқ.

Ўзим ўргилай чевар қизимдан, аввал ойингдай катта бўлиб олгин, кейин тикасан, – неварасининг гапидан шодланади бувиси.

Мен каттаман-ку, бувижон, ойи ҳам бўлганман. Қаранг, Сарвиноз қизим бор, – қўғирчоғига ишора қилади набираси Анзират бувига эътироз билдириб.

Бўлмайди, бўйинг паст, бўйинг тикиш машинасига етиши керак, – бир қўли билан оғзини ёпганича ўзини кулгудан зўрға тияди бувиси.

Бувижон тушунинг, кеча сизга ойижоним нима деган эди. Мен битта гапираман, сиз аввал гапни яхшилаб эшитиб олингда кейин хулоса чиқаринг, бўлмаса кулгуга қоласиз, – деган эди. Мен ҳам сизга битта гапираман, ойимнинг кўйлагини кийиб оёғим тагига стулча қўйсам, бўйим ўсиб кетади, кейин хулоса чиқарасиз. Шунда кулгуга ҳам қолмайсиз. Набирасининг айтган сўзларидан Анзират холанинг бир зум қошлари чимирилиб турди-да, билағон набираси борлигидан қувониб, аста-секин ёйилиб кулди.

* * *

Ойижон менга ҳам хамирингиздан зувала узиб беринг, патир қиламан.

Кейинчи, – қизиқиб Шаҳлони сўроққа тутган бўлади ойижони Инобат опа.

Кейин нима бўларди, зуваладан патир ясаб юзига чакич ураман-да ойи бўлиб тандирда ёпиб, худди сиздек қўғирчоғим Маржона билан Нафисаларникига меҳмонга бораман. Улар мени келинг-келинг, – деб ширин шоколадлар билан кутиб олишади.

Кейинчи?

Бувимга ўхшаб ҳадеб “кейинчи”лайвермай ўзингизга ўхшаб, битта-битталаб сўранг.

Мен битта-битталаб сўрарканман-ми, ким айтди?

Ким бўларди, бувижоним-да! Кеча бувимга “Ойижон, нима овқат қилай?, Суюқми қуюқми?, Мастава қилсам ичасизми?, Сизга қатиқ солайми ёки қаймоқ”, – дебсиз. Бувим бўлса қайси бир саволга жавоб беришни билмай, гангиб қолдим деди.

Бувижонинг шундай дедими, энди унча кўп савол бермайман, новвот қизим-ей, – деганича ўзини кулгудан тия олмаган Инобат опанинг ёнида турган Шаҳло ҳам ойисига қўшилиб қиқирлаб кула бошлади.

* * *

Биласизми ойижон, бугун боғча опам мени озода қиз, – дея мақтаган эди, қўшнимизнинг қизи Гуласал бироз хафа бўлди.

У нега хафа бўлади? – ажабланди Назира опа қизи Нилуфарга боқиб.

Нега бўларди, у ўйнаётганимизда ҳамма ўйинчоқларни тартибсиз сочиб ташлайди. Овқат еяётганимизда нуқул кўйлагига тўкиб олади. Соч тўғноғичини эса сочидан олиб қайга қўйганини билмасдан йиғлаб юради.

Вой-бў ўртоғинг билмасдан шунча айб иш қилар экан, ўргатсанг бўлмайдими?, – деди Назира опа қизига синовчан боқиб.

Ҳм-мм-мм, ўргатиб нима қилдим, ўзингиз бировларнинг ишига асло арлашма, дейсиз-ку, ёки биттагина Гуласалнинг ишига аралашсам бўлдими? – ажабланиб ойисига боқади қизалоқ.

Нега бўлмас экан, албатта бўлади, – дея зўрға сўзлаётган Назира опа қизининг тарбияси борасида қилган хатосини бир зум тушуниб етди чоғи, ўзини тутиб олган кўйи бирданига, жон қизим эртага ўртоғингга нотўғри қилаётган ишларини секин тушунтир, сочтўғноғични ҳадеб сочдан олавериш яхши эмаслигини ҳам айтгин, – деди баралла.

* * *

Ассалому-алайкум, ҳорманг ойижон, кир ювяпсизми, келинг мен ҳам қарашиб юбораман, – деганича Лобар опа томон шошиб одимлайди Сурайёхон.

Ваалайкум ассалом, ўзимнинг ғайратли қизимдан, аввал кийимларингизни алмаштириб олинг, кейин ёрдам берасиз, – дейди Лобар опа жилмайиб қизига қараркан. Апил-тапил кийиниб олган қизалоқ кўйлакларини жой-жойига тахлаб қўяр экан, – худди ойиси сингари “ана бўлди”, дея таъкидлашни ҳам унутмайди. Кичкина тоғорачасига бир жуфт пайпоғини солиб, устига илиқ сув қуйиб, сувга обдон ботириб совун сурганича юва бошлайди.

Об-бо чаққоной-ей, бирам уста бўлибдики менинг қизим, шодланиб Сурайёхонни алқайди ойиси.

Ойижон нега бувим кўринмаяпти?, – савол беради қизалоқ чор-атрофга боқиб.

Бувинг амакингникига меҳмонга кетган. Нега бувинг шу тобда керак бўлиб қолди?.

Эй-йй-йй, ойижон, бувим йўқ куни нега кир ювдингиз? Ахир мен бувижонимдан сиз ва дадамга раҳмат олиб бермоқчи эдим.

Бу нима деганинг қизим, – ажабланиб қизига боқади Лобар опа.

Шуниям билмайсизми, бувижоним мени сизга ўхшаб иш қилаётганимни кўриб, тарбия берган ота-онангизга раҳмат, деган бўларди. Ойижон эртага бувим келганида яна кир ювайлик хўпми, – таъкидлайди қизалоқ бир зум ишидан тўхтаб.

Хўп бўлади оппоғим, эртага тағин кир ювамиз, бувингнинг пайпоғини эса албатта сен ювасан, – деганича қизини бағрига босади Лобар опа.

Жамила ҲАЙДАРОВА

Яна ўқинг:  100 граммга шунчами?!

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: