Барчамиз бирдек масъулмиз

Мустақил Ўзбекистонимизнинг эртаси ўсиб-улғайиб, камолга етаётган фарзандларимизга, ёшларимизга боғлиқ. Шу боис, юртимизда ёшлар ва ўсмирларнинг безавол камол топиши қонунлар билан кафолатланган. Баркамол фарзанд тарбиялаш умумхалқ ҳаракатига айлантирилган мамлакатимизда келажак тақдири ҳар биримиздан катта масъулият талаб қилади. Шунингдек, вояга етмаган болалар билан ишлашни ташкил қилиш ички ишлар ходимларига ҳам катта масъулият юклайди.

Тошкент шаҳри Миробод туман ички ишлар бошқармаси бошлиғи, подполковник Шавкат Мавлоновга “Соғлом бола йили”да вояга етмаганларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини ошириш борасида амалга оширилган ишлар хусусида бир неча саволлар билан мурожаат қилдик.

Мамлакатимиз Президенти жорий йилни “Соғлом бола йили”деб эълон қилганидан сўнг анъанага биноан давлат дастури ишлаб чиқилди. Унда тегишли ташкилотлар олдига вазифалар қўйилди. Ҳар бир муассаса дастур асосида ўз режасини белгилаб олди. Ушбу ҳужжат асосида ўтган олти ойда туман ички ишлар бўлими томонидан қандай тадбирлар амалга оширилди?

– Дастурдан келиб чиқиб туман ички ишлар бўлими ҳам ўз вазифаларини қайта кўриб чиқди ва самарали тадбирлар белгиланди. Зеро, жиноятчиликнинг олдини олишда ва унга қарши самарали курашишда кенг қамровли тадбирларнинг аҳамияти жуда каттадир.

Тумандаги ёшлар ва вояга етмаганлар билан ишлаш гуруҳи ходимлари жиноят ва ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш, диний экстремизмнинг моҳиятини англатиш, гиёҳвандлик ҳамда кашандаликнинг инсон саломатлигига салбий таъсири, ОИТС касаллиги, одам савдосининг мудҳиш оқибатлари каби мавзуларда 288 та тадбир ўтказиб, мутахассислар ёрдамида жонли суҳбат ва маърузалар уюштиришди. Уларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини ошириш мақсадида фильмлар намойиш этилди.

Рақамларга мурожаат қилсак, ўтган олти ой давомида туманимиздаги 6 та олий ўқув юртларида 10 та тадбир уюштирилди. Шунингдек, туманимиз ҳудудидаги 5 та академик лицей, 7 та касб-ҳунар коллежида ҳам турли ташкилот ва мутахассислар ёрдамида 49 та маъруза ва учрашувлар ташкил этилди. 17 та мактабда эса 27 та тадбир бўлиб ўтди. Унинг 11 таси оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликда уюштирилди.

“Бир болага етти маҳалла ота-она”, дейди халқимиз. Шундан келиб чиқиб айтсак, ички ишлар ходимларининг маҳаллалар билан ҳамкорлиги ўта муҳим вазифадир…

– Дарҳақиқат, фарзандлар тарбиясига қўни-қўшни, маҳалла-кўй, қўйингки, барча масъул бўлиши лозим. Милиция таянч пунктларининг маҳаллалар қошида жойлашгани, ушбу йўналишдаги ишлар самарадорлигида жуда қўл келяпти. Улар маҳалла фаоллари ёрдамида ҳар бир оилага кириб боришга, улар билан танишишга интилишади. Ўтган олти ойда туман ички ишлар бўлимининг тергов бўлими ходимлари, профилактика инспекторлари, жиноят бўлими ходимлари тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда маҳаллаларда 83та тадбир уюштирди.

Яна ўқинг:  Ажрашаётган эр-хотиннинг мулки қандай тақсимланади?

Ёшлар ўртасидаги жиноятларнинг олдини олишда турли ташкилотлар ва ота-оналар билан ҳамкорликни тўғри йўлга қўйиш муҳим аҳамиятга эга. Бунинг учун ўқув юртларида, маҳаллаларда турли қизиқарли тадбирларни ташкил этиш лозим. Маълумотларга қараганда, вояга етмаганлар ҳуқуқбузарлигининг кўпчилиги айнан ота-онанинг фарзандлари тарбиясига салбий таъсири ёки бефарқлиги, болаларнинг қаровсиз қолиши натижасида содир бўляпти.

– Фикрингизга тўла қўшиламан. “Қуш уясида кўрганини қилади”, дейди халқимиз. Болаларни тарбиялашда, қизиқишларини тўғри йўлга солишда маҳалла билан бирга, ота-онанинг ҳам роли катта. Лекин, айрим маҳалла оқсоқолларининг оилаларга эътиборсизлиги туфайли кўнгилсиз ҳодисалар содир бўляпти. Улар фақат маданий-маърифий ишлар эмас, балки қонунбузарликнинг олдини олиш ишларига ҳам бош-қош бўлишлари лозим. Нотинч оилалар билан профилактик ишларни талаб даражасида олиб бориш, фарзандлар тарбияси билан шуғулланмайдиган ота-оналарни жавобгарликка тортиш масалаларига лоқайд қараб бўлмайди. Боши берк кўчага кирган ўқувчиларни педагоглар ва ота-оналар иштирокида муҳокама қилиш ҳам яхши самара беради.

Президентимизнинг бир ҳикматли сўзи бор: “Гўдак она сути, ота намунаси, боболаримиз ўгитлари ҳисобига улғаяди”. Шундай эмасми?

– Ҳа, ҳужжатларга қарасак, ёшлар томонидан жиноят содир этилганлиги маълум. Бироқ, жиноятни амалга оширган болаларнинг келиб чиқишига қарасак, уларнинг кўпчилиги нотинч оилавий муҳитда улғаяётган оилаларнинг фарзандларидир. Булар бари болаларни боши берк кўчага кириб қолишига олиб келади. Аслини олиб қараганда давлатимиз тараққиётига ҳисса қўшишни ўйламасдан мақсадсиз, бебош яшаётган катталар кичикларнинг феъл-атворига салбий таъсир ўтказади. Болалардаги салбий оқибатлар катталарнинг шахсий намуна бўла олмаганлигидандир, деган фикрингизга тўла қўшиламан.

Ўтган йилнинг шу даврига нисбатан бу йил қотиллик, оғир тан жароҳати етказиш содир бўлмади. Талончилик, безорилик ва бошқа жиноятлар ҳам камайди. Агар вояга етмаганлар томонидан биттагина жиноят содир этилса ҳам биз эҳтиёт чораларини кўришимиз керак.

Тошкент шаҳрида вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш маркази ишлаб турибди. Ушбу марказ тарбияси оғир болаларга ҳуқуқий ва руҳий ёрдам бериб келяпти. Мазкур муассаса билан ҳамкорлик борасидаги тажрибангиз қандай?

– Бу йил профилактик тизим янада кучайтирилди. Ўтган олти ойда 53 нафар мактаб ўқувчисининг ҳуқуқий онгги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш мақсадида Тошкент шаҳар Ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига жойлаштирилди. Касб-ҳунар коллежларидан эса 112 болани у ерга йўлладик.

Яна ўқинг:  Суд-ҳуқуқ ислоҳотлари: жабрланувчининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш йўлида

– Болаларнинг интернет кафеларда тунги вақтларда, яъни миллий қонунчилигимизда таъқиқланган вақтларда ҳам ўтирганларини кам бўлса ҳам учратиш мумкин.

– Туманимизда бугунги кунда 42 та интернет кафе бор. Барини назоратга олганмиз. Шу йилнинг ўтган олти ойида 14 марта рейд ўтказдик. Рейд натижасида интернет кафе раҳбарларидан тўрт нафарига чора кўрилди. Дарс пайтида ва тунги соат ўндан кейин у ерда ўтирган болалар аниқланиб, тегишли ўқув муассасаларига, ота-онасига ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларга 37та тақдимнома жўнатилди.

Вояга етмаганлар орасида турли жиноятларнинг олдини олишда уларнинг бўш вақтларини тўғри ташкил этиш ҳам катта аҳамиятга эга. Болаларнинг ёзги дам олиш оромгоҳларига ички ишлар органлари ҳам жалб этилган. Бу борадаги ишлар хусусида ҳам тўхталиб ўтсангиз?

– Туманда 154-, 94-, 125-сонли умумтаълим мактабларида болалар оромгоҳи ташкил этилган. Уларда 1300 нафар бола дам олиши белгиланган. Ҳар бир мактабга биттадан профилактика инспектори бириктирилган. Ушбу гуруҳга тажрибали ходим, ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш бўлими бошлиғининг ўринбосари, майор Рауф Қаюмов раҳбарлик қилади. Биз ушбу оромгоҳларда турли тадбирлар уюштириб турамиз.

Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат.

Жавлон САЪДУЛЛАЕВ суҳбатлашди

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: