Боламга қандай совға олсам экан?..

Қор ёғаяпти. Осмон бор саховатини заминга нисор этмоқда. Ернинг фарзандлари азим дарахтлар бу ҳаяжонни кўтаролмай бошини эгган. Атрофда болаларнинг шўх қийқириғи, шодон кулгуси жаранглайди. Улар бобони чақиришади. Аммо афсонавий Қорбобо “ҳа” деганда келавермайди. Жажжи қалб эгалари қаердан билсин?! Қорбобонинг манзили ҳам олис-да. У тоғу тошлардан ошиб, Ўзбекистон фарзандларига арзирли совға олиб келиши керак. Бу болалар Темурий қудрат, Алишерий заковат, Бобурий матонатга эга. Улар эркин фикрловчи авлод. Худди катта одамлардек мушоҳада юритади. Кексалар набиралари айтган гапдан ҳайратланиб, “Истиқлол боласида, бурролигини қаранг”, деганча мақтанади.

Дарҳақиқат, Янги йил байрами жажжи қалбларга бир олам қувонч улашади. Уларнинг мўъжизага бўлган ишончини мустаҳкамлайди. Ҳар бир киши борки, болалигида Қорбобо келишини, ундан бир-биридан чиройли ва бетакрор совғалар олишни орзиқиб кутган. Эшикка термулиб-термулиб ухлаб қолганида эрта тонгданоқ уй тўрида безатилган арча остидан бежирим совғаларни олиб қувонган, Қорбободан чексиз миннатдор бўлган.

Ҳа, Янги йил яқинлашган сари ота-оналар фарзандига қандай совға олиш ҳақида бош қотиради. Боласининг қизиқишларини ўргана бошлайди.

– Қорбобо копток совға қилишини жуда истаганман, – дейди оиласи билан байрам олди сайрга чиққан Сарвар Муродов. – Азбаройи бу истак футбол ўйнашга қизиқишим туфайли пайдо бўлган. Гўё Қорбобо менга тўп совға қилса моҳир футболчи бўлиб етишаман, деб ўйлаганман. Ота-онамга ҳар сафар копток олиб беришларини сўрасам, улар буни ўйинқароқликка йўйишган. Бугун ўзим фарзандимга нима совға қилиш ҳақида бош қотираяпман. Ахир, Янги йил совғаси унутилмас бўлиши билан бирга боланинг келажагига ҳам ижобий таъсир қилиши зарур.

Халқимиз урф-одатларни қадрлайди. Миллий менталитетга хос хислатларни боласида ҳам кўришни истайди. Қолаверса, бу анъаналар “суяк суриши” ҳам бор гап. “Қуш уясида кўрганини қилади”, дейди доно халқимиз. Қизалоқлар қўғирчоғини бағрига босиб эркалаши, унга чучук тили билан аллалар айтиши эҳтимол шундандир.

– Қорбобо менга чиройли қўғирчоқ совға қилишини хоҳлайман, – дейди мактаб ёшига етаётган Мухлисахон. – Сочи жингалак, кўзлари мовий бўлса, яна яхши. Мен худди ойижонимдек уни эркалаб ухлатаман. Унга ширин-ширин овқатлар пишириб бераман. Эртаклар айтаман. Кейин дори солинадиган қутича сотиб оламан. У шамоллаб қолса, ўзим даволайман. Шундай қилсам, қўғирчоғим яна оғримайди. Ўзим ҳам катта бўлсам шифокор бўламан. Касал бўлган қўғирчоқларни даволайман.

Яна ўқинг:  OQ ATIRGUL G‘UNCHALARI

Ҳар бир ота-она борки, боласининг камолини кўришни истайди. У эркин улғайиши учун зарур шарт-шароитни муҳайё қилишга ҳаракат қилади. Бу борада ўйинчоқлар масаласига ҳам алоҳида эътибор бериш мақсадга мувофиқдир. Зеро, психологларнинг фикрича боланинг келажакдаги тақдирига кўпроқ илк совға сабаб бўлар экан.

– Айрим ота-оналар фарзандига тўппонча, пластмасса қилич ва шунга ўхшаш ўйинчоқларни олиб беришади, – дейди психолог Зебунисо Аҳмедова. – Бу эса боланинг шафқатсиз бўлиб улғайишига олиб келиши мумкин. Айниқса, “оммавий маданият” жаҳон афкор оммасини ташвишлантираётган бугунги даврда бу каби омиллардан сақланиш зарур. Зеро, бугунги бола эртанги кунимизнинг пойдеворидир. Унинг дунёқараши кенг бўлиши, замон билан ҳамнафас юриши, чуқур билим эгаллашига нафақат ота-она, балки ҳаммамиз бирдек масъулмиз. Шундай экан, болага кўпроқ яхши хислатларни шакллантирадиган совғалар улашиш мақсадга мувофиқдир. Жажжи қалб эгаларининг қизиқиши катталарникидан кўра кучлироқ бўлади. Чунки, у ҳали кўп нарсалардан ҳайратланадиган, ташвишсиз даврда яшайди. Ҳар бир бола орзусини катта воқеадек тасаввур қилади. Шу боис унинг майлларини инобатга олиш, истаган совғаларини имкон қадар олиб бериш керак. Акс ҳолда қизиқишлари сўна бошлайди. Унда ҳар бир ҳодисага совуққон муносабат шаклланади. Фарзандларимизни маънан ва жисмонан соғлом қилиб тарбиялаш бош мақсадимиз. Зеро, келаётган 2014 йилнинг Президентимиз томонидан Соғлом бола йили, деб эълон қилиниши замирида ҳам ана шундай эзгу ғоя мужассам.

Баҳодир ҲАЛИМОВ

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: