Талабалик тараддуди
Тошкент тиббиёт академияси. Бу даргоҳдан ҳар йили юзлаб малакали кадрлар етишиб чиқади ва яна шунча илм олишни истаган толиблар ўқишга қабул қилинади. Мана, қарийб икки ҳафтадирки, Олий таълим муассасаларида 2014-2015 ўқув йили учун абитуриентларни қабул қилиш комиссияси фаолият олиб бормоқда.
Олий таълим муассасаси дарвозасидан киришингиз билан ўқиш истагида мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан келган минглаб ўғил-қизларни кўрасиз. Уларнинг қалбидаги ҳаяжон, кўнглидаги орзу-умидлари кўзларида акс этиб турибди. Бу йил олдингиларига нисбатан ҳужжат топшираётганларнинг сафи анча кенгайган.
Муҳтарам Юртбошимиз раҳнамолигида ишлаб чиқилган “Таълим тўғрисида”ги қонун, Кадрлар тайёрлаш миллий дастури асосида яратилган, жаҳон тажрибасида “Ўзбек модели” сифатида эътироф этилган, миллий анъаналарга ва илғор хорижий стандартларга асосланган малакали кадрлар тайёрлаш тизими ўзининг кенг қамровлиги билан муҳим аҳамият касб этаётир. Тошкент тиббиёт академиясида яратилган шарт-шароитлар ва сифатли таълим тизими бунинг ёрқин далилидир.
– Мен Навоий вилояти, Учқудуқ тумани, Учқудуқ кончилик касб-ҳунар коллежини тамомлаб, Тошкент тиббиёт академиясига ўқишга кириш мақсадида келдим, – дейди абитуриент Собир Равшанов. – Биласизми, туманимизнинг иқлими иссиқ, қуруқ гармсел шамоли эсиб туради. Бу эса ўз навбатида турли касалликларни юзага келтиради. Мен келажакда шифокор бўлиб, қишлоқдошларимнинг корига ярайдиган, халқим хизматида бўладиган мутахассис бўлмоқчиман. Тошкентга йўл олганимда дадам, аям, бутун маҳалла аҳли дуо қилиб ишонч билдиришди.
Ҳа, қалбида эзгу мақсадларни жамлаб, олға интилувчи ёшлар учун мамлакатимизда барча имкониятлар мавжуд. Тошкент тиббиёт академиясида бу йилги қабул жараёни айни қизғин паллада. Ҳужжат топшириш истагида келаётган ёшларнинг қатори узилмайди. Ҳавонинг анча исиб қолганлиги сабаб ўқув масканида абитуриентлар ва уларнинг ота-оналари учун салқин жойлар, яхна ичимликлар, ошхона, хуллас, қулай шароит яратилган. Олий таълим муассасаси ҳаёти акс этган банерлар, зарурий ҳужжатлар тўғрисида маълумотлар доскаси мавжуд.
– 2014-2015 ўқув йили муассасамизда талабалар учун 655 та ўрин белгиланди, – дейди қабул комиссияси масъул котиби Турдиқул Бобомуродов. – Академиямизда 5 та факультет – даволаш, тиббий педагогика, стоматология, олий ҳамширалик иши, тиббий профилактика факультетлари бор. Айни пайтда абитуриентлар учун профессор устозлар томонидан ўзбек, рус, инглиз тилларида консультациялар ўтилмоқда. Бундан ташқари, очиқ эшиклар куни, фуқароларнинг мурожаатларини қабул қилиш бўлимини ташкил қилганмиз. Қолаверса, академиямизнинг клиникасида абитуриентлар тиббий кўрикдан ўтказилади ва уларнинг ҳужжатлари қабул қилинади. Бу, албатта, соғлом, теран фикрли кадрлар тайёрлашнинг илк босқичидир.
Тиббиёт академиясида таълим сифатининг даражаси кун сайин юқорилаб бормоқда. Президент стипендиясига муносиб, “Зулфия” номидаги давлат мукофоти совриндорлари, халқаро Менделеев олимпиадаси ғолиблари, хуллас иқтидорли талабалар сони кўпаймоқда.
– Тиббиёт академиясида ўқишни тамомлаган ёшларнинг салоҳиятли кадрлар бўлиб етишаётгани барчанинг ҳавасини келтиради, – дейди Жиззах вилояти Бахмал туманидан келган Жамила опа. – Мен ҳам қизимни бу ерга олиб келдим. Бола бошидан деганларидек, қизим Малоҳат болалигидан шифокор бўламан, деб улғайган. У ўз орзу-истакларига эришиш арафасида. Насиб қилса, грант асосида ўқишни ният қиляпти. Биз ёшлигимизда бундай даргоҳларни фақат орзу қилар эдик. Тиббиёт академиясида яратилган шарт-шароитлар билан танишиб, кўнглим хотиржам бўлди. Қизимнинг мана шундай замонавий билим юртида таҳсил олишини ундан-да кўпроқ истайман.
“Фарзандлари соғлом юрт қудратли бўлур” деб Президентимиз бежиз таъкидламаган. Олийгоҳга кириш истагида ўқиб-изланишдан тўхтамаётган ёшларни кўриб, мамлакатимиз келажаги ана шундай тиришқоқ, илмга ташна авлод қўлида эканлигидан фахрланасан, киши.
“Саломатлик – асл бойлик”, дейди доно халқимиз. Инсон манфаатлари биринчи ўринда қадрланадиган юртимизда соғлом турмуш тарзини янада яхшилаш мақсадида малакали кадрларни тайёрлаш давлат сиёсатининг устувор масаласига айланган. Юртимизда олий таълим сифатининг самарадорлигини ошириш учун талабаларга яратилаётган имкониятлар хориж мутахассисларнинг эътирофига сазовор бўлмоқда. Замонавий лаборатория хоналари, кимё, биология амалиёт хоналари, спорт майдонлари, мароқли дам олиш учун боғлар, зарурий адабиётлар жамланган кутубхона талабалар ихтиёрида. Ана шундай шароитлар яратилган олийгоҳлардан бири Тошкент педиатрия тиббиёт институти айни кунларда табобат илмини мукаммал ўрганиш илинжида қўлига “Тиб қонунлари” китобини ушлаган ўғил-қизлар билан лиммо-лим.
– Очиғи, қалбимдан кечаётган туйғуларни, ҳаяжонни сўз билан таърифлай олмайман, – дейди қашқадарёлик Нигора. – Ширин орзулар билан имтиҳон кунини кутяпман. Болалигимдан олийгоҳларда таҳсил олаётган талабаларни кўриб, ўқишга киришни, олима бўлишни орзу қилардим.
Институтда қай бир ўғил-қиз билан суҳбатлашманг катта таасуротлар, чексиз орзулари ҳақида тўлқинланиб гапиради. Осуда юртнинг озод фарзандлари кўзлаган эзгу мақсадларига ана шундай дадил қадамлар, қалблари тўла шижоат билан интилади.
– Педиатрия тиббиёт институтига ҳар йили 3,5 мингдан ортиқ ёшлар ҳужжат топширади, – дейди қабул комиссияси масъул котиби Қаҳрамон Ҳаитов. – Бу йил 410 та ўрин белгиланди. Қабул жараёнида абитуриентлардан кўпроқ бир хил савол берилмоқда, яъни биопаспорт билан боғлиқ масала юзасидан. Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 5 январдаги “Ўзбекистон Республикасида паспорт тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонининг 2-бандига асосан, Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг амалдаги паспорти 2015 йил 31 декабргача ҳақиқий ҳисобланади. Шу сабабли абитурентлар жорий йилда ҳам аввалги кўринишида берилган паспортлар орқали ҳужжат топшира олади.
Мухтасар айтганда, ёшларнинг илм олишлари, ўқиб изланишлари, ҳатто чет элда таҳсил олиши учун ҳам мамлакатимизда етарлича имкониятлар мавжуд. Булардан тўғри фойдалана олиш ўзимизга боғлиқ.
Эслатиб ўтамиз, юртимиздаги олий ўқув юртларига қабул жорий йилнинг 20 июлига қадар давом этади.
Дилдора ҚАРШИБОЕВА