Корея – Ўзбекистон: саломатлик борасида самарали ҳамкорлик
“Соғлом бола йили” Давлат дастури доирасида мамлакатимизда аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, ёш авлодни соғлом ва баркамол вояга етказиш борасида изчил ишлар амалга оширилмоқда.
“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди томонидан хорижий тиббиёт муассасалари билан ҳамкорликда ўтказилаётган тиббий кўрик ва муолажалар болалар саломатлигини янада мустаҳкамлаш, ўзаро тажриба алмашишда муҳим омил бўлмоқда. Хусусан, Германиянинг “Friedensdorf International” халқаро ташкилоти, Жанубий Кореянинг “Save the Children” халқаро жамғармаси, KOFIH жамғармаси, “Ewha Womans University” ва Инха университети госпиталларида бемор болалар даволаниб келмоқда.
Юртимизга ташриф буюрган Корея Республикасининг Инха университети госпитали шифокорлари “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фондининг тиббий-ижтимоий марказида болаларни чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказди.
Жанубий Кореянинг Инха университети госпитали билан ҳамкорликда ташкил этилган навбатдаги ана шундай тадбир доирасида малакали нефролог, педиатр, офтальмолог, гастроэнтеролог, ортопед, нейрохирург ва бошқа мутахассислар болаларни тиббий кўрикдан ўтказмоқда.
– Мамлакатингизда оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, аҳоли тиббий маданиятини юксалтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилаётгани диққатга сазовор. Замонавий технологиялар билан жиҳозланган тиббиёт марказлари аҳолининг барча қатламларини тўла қамраб олганини алоҳида эътироф этиш жоиз, – дейди Инха университети госпитали педиатри, профессор Ким Сун Ки. – Шифохонамиз билан “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди ўртасидаги ҳамкорликдан бағоятда хурсандмиз. Биз ўзбекистонлик шифокорлар билан алоқаларни янада ривожлантириш, оналик ва болаликни муҳофазалашдек хайрли ишга ҳисса қўшиш тарафдоримиз.
Бугунги кунда Ўзбекистон ва Жанубий Корея ишбилармонлари биргаликда қатор истиқболли иқтисодий лойиҳаларни муваффақиятли амалга ошираётгани барчага маълум. Истиқлол йилларида мамлакатимизнинг барқарор тараққий этишида жаҳондаги қатор давлатлар билан ўзаро дўстона ҳамда сиёсий, иқтисодий, маданий ва бошқа соҳалардаги ҳамкорлик муҳим омил бўлмоқда. Шу билан бирга, Ўзбекистонда хорижлик ишбилармонларнинг муваффақиятли иш юритиши учун барча шароит, имконият ва имтиёзлар яратилгани, алоқаларни янада кенгайтириш ҳамда мустаҳкамлашга хизмат қиляпти. Зеро, мазкур ҳамкорликлар замирида инсон саломатлиги ва унинг фаровон турмушини таъминлашдек эзгу мақсад ётади.
– Набирам Диёрани юрак-қон томир касаллиги бўйича кўрикдан ўтказишга келдик. Ушбу хасталик бўйича хорижлик шифокорларнинг тавсиялари асосида муолажаларни олмоқчимиз, – дейди Шоҳида Пўлатова.
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорликда ўтказилаётган ҳафталик доирасида Инха университети госпитали мутахассислари ва мамлакатимиз шифокорлари Тошкент шаҳри, Тошкент ва Навоий вилоятларида бўлиб, кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандларини чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказади. Ёрдамга муҳтож беморлар мамлакатимиз ва Жанубий Кореядаги шифохоналарда даволанади.
Наврўз НОРБОБОЕВ,
“Sog‘lom avlod” мухбири