Ўтиш даври синовлари
Ҳалима опа 15 ёшли ўғли Сардорнинг кундан-кунга асабий бўлиб бораётганидан ташвишга тушиб, дугоналарининг тавсияси билан уни психолог кўригига олиб борди. Мутахассис қабулида фарзандининг ўзини тутиши, гап-сўзларидан она жуда мулзам бўлди.
Бироқ, бундай вазиятларни яхши тушунган психолог у билан яқиндан суҳбатлашди. Ҳалима опага эса ўғлини мутахассис шифокорга ҳам кўрсатиш лозимлигини айтди.
Буни қарангки, кўпгина ота-оналар фарзандлари, айниқса, қизларини ўсмирлик даврида шифокор кўригига олиб боришни уят деб билади. Улардаги ўзгаришларни тушунолмаганидан ўртада турли зиддиятлар юзага келади. Ҳалима опа эса аксинча мутахассислар кўмагида ўғлининг муаммоларига вақтида ечим топиб, у билан алоқаларни яхши томонга ўзгартира олди.
Инсон дунёга келаркан йиллар ўтгани сари ўсиб-улғаяётган муҳитга мослашиб боради. Шу боис, бежизга фарзандлар соғлом муҳитда вояга етишишига жиддий эътибор берилмайди. Ота-оналар ҳам болаларининг гўдаклик даврида инжиқликларига шерик бўлса, катта бўлгани сари табиатига хос салбий ҳолатларга тайёр туради. Айниқса, ўсмирлик даври энг оғир ва муҳим палла ҳисобланади. Чунки айни шу даврда ёшларларда ҳам руҳий, ҳам физиологик, ҳам биологик жиҳатдан ўзгаришлар содир бўлади. Бу эса ҳар бир ота-онадан фарзандларининг юриш-туришига бефарқ бўлмасликни талаб этади.
Ўсмирлик – болаларда турлича ўтади. Шу сабаб ҳам бу қалтис даврда улар орасида ёт ғоялар таъсирига берилиш, салбий иллатларга ружу қўйиш, айниқса, жиноятчилик кўпроқ кузатилади.
Ўтиш пайтида болалар ўзларининг фикрларини маъқул деб билади. ҳар қандай ишни тўғри қиляпман деб ҳисоблайди. Бу босқичда Улар катталарга бўйсунишни кўпинча истамайди.
Инжиқлик, қайсарлик билан ўз фикрларини оқлайди. Уларда ўзбошимчалик, катталарнинг сўзларига қўшилмаслик ҳолатлари кузатилади.
Агар фарзандингизда шунга ўхшаш ҳолатлар кузатилса, тезда хулоса чиқаришга шошилманг. “Нима учун шундай?”, “Нега фарзандим бундай бўлиб қолди?” каби саволларни ўзингизга бериб кўринг. Лозим бўлганда мутахассислар билан маслаҳатлашинг. Ана шунда ўғил-қизларимиздаги ўзгаришларнинг сабаби ва ечимини топган бўламиз.
Мутахассисларнинг таъкидлашича ўтиш даврида организмда гормонал, физиологик, биологик жараёнлар тезлашгани учун ҳам ёш йигит-қизларда турли салбий ҳолатлар кузатилар экан. Яъни, ўсмирлик болалик даврига нисбатан зиддиятли кечади. Бундай ҳолларда ота-оналар кўпинча қандай йўл тутиш кераклигини ўйлаб қолади.
– Ўсмирлик – инқироз даври ҳисобланади, – дейди психолог Лола Иноғомова. – Бу пайтда ёш йигит-қизларда иккиланиш, қўрқиш, ҳаяжонланиш ҳолатлари кўп кузатилади, ўзини бошқа одамлар билан солиштиради. Қолаверса, ўзига мос ўртоқ қидиради. Ҳаддан ташқари босим, эркинлик, мажбурят ва масъулиятни қийинчилик билан қабул қилади. Бу ҳолатда фарзандлар ота-она ёки ўқитувчининг ёрдамига муҳтож бўлади. Айниқса, ота-онанинг баҳоси, ўрни у учун муҳим ҳисобланади. Болани мустақил фикрлашга ўргатиш, сўзларини эшитиш ва уни тўғриликча қабул қилиш керак.
Бу даврда боланинг мулоқотга киришувчанлиги кучаяди. У фақат ўзи тенгилар билан суҳбатлашишга интилади. Катталарни эса ўзига рақиб, кўп нарсани билмайди, деб ҳисоблайди. Бундай пайтда оналар ўғил-қизларини тушунишга ҳаракат қилиши, сўзларига қулоқ тутиши лозим. Яъни, ўтиш даврида болага “тенгдош” сифатида қараш лозим. Шунда улардаги стресс (руҳий зўриқиш), қўрқув ва депрессия (тушкунлик) каби муаммолар маълум даражада ҳал бўлади. Агар у фикрини эркин баён эта олмаса, ўзини тушкун сезади. Мана шундай вазиятда уни мулоқотга тортиб, фикрларини билишга, яхши гап билан муаммоларини сўрашга ҳаракат қилиш керак. Агар фарзандингиз билан дўст сифатида мулоқот қилсангиз, унинг сизга нисбатан ишончи ортади ва тушкун ҳолатдан чиқишга ҳаракат қилади. Ўтиш давридан эса осонликча чиқиб кетади.
Дилфуза АЗИМОВА