Огоҳлик – осойишта турмуш ҳимоячиси

Раҳимжон бугун ҳам дарс қолдирди. Эрталаб онасига ўзини ўқишга бораётгандек кўрсатиб, уйдан чиқиб кетди-ю кун бўйи кўчада кезиб юрди. Ахир у синфдошларига яна калака бўлишни истамасди-да. Ҳа, онасига ҳам қийин. Тўртта фарзандини “бир кўз” билан катта қилаяпти. Бунинг устига кейинги пайтда соғлиғи анча панд бермоқда. Ҳаммаси отаси уларни ёлғиз ташлаб кетганидан кейин бошланди. Чет элга пул ишлаш илинжида кетган отаси шу ерда бўлганида ўксиниб юрмасмиди?!

Балоғат ёшидаги ўғил-қизлар атрофдагиларнинг, айниқса, ота-онасининг эътиборига, уларнинг маслаҳатига муҳтож бўлади. Ана шундай даврда болалар ёлғиз қолдирилса, атрофдаги баъзи бир нопок одамлар бундан фойдаланиш пайида бўлишларини ҳеч биримиз, энг аввало, ота-оналар асло унутмаслигимиз лозим.

Вояга етмаган ёшларни билимли, жисмонан ва маънан баркамол этиб тарбиялаш, ҳуқуқий онгини ўстириш, улар ўртасида ҳуқуқбузарлик, жиноятчилик ҳамда турли норасмий диний оқимлар измига тушиб қолмаслик мақсадида мамлакатимиздаги ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари томонидан кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Биз бу борада пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур туманида олиб борилаётган ишлар билан танишдик.

Азамат Гулямов, Шайхонтоҳур туман хокимлиги ҳузуридаги вояга етмаганлар комиссияси масъул котиби:

– Ўсмирлик, яъни ўтиш давридаги ёшлар онгига таъсир этиш жуда осон. Айниқса, у маънан заиф, яъни билим ва ҳаётий тажрибага эга бўлмаса, оиласидан узоқлашган бўлса, нопок йўлларга кириб қолиши мумкин.

Туманимизда 310 мингга яқин аҳоли истиқомат қилади. Уларнинг 103 минг нафардан зиёди эса вояга етмаганлардир.

Туманимизда 35 та умумтаълим мактаби, 43 та мактабгача таълим муассасалари, битта ёрдамчи мактаб, учта спорт мактаби, битта Ўқувчилар техник ижодиёт маркази фаолият кўрсатади.

Афсуски, бу ўқитувчиларнинг иши, дея фарзанди тарбиясига кўпчилик ота-оналар лоқайд бўлади. Ана шундай бўшлиқ бор жойда бола тарбияси издан чиқади. Ҳар қандай ёш эса яхши муомала қилиб катта нарсаларни ваъда қилган бегоналар измига тушиб қолганини англаганида анча вақт ўтган бўлади. У халқига, Ватанига нисбатан жиноят содир қилганида эса кўпчилик ота-оналар “уни ким йўлдан урди”, “нега шундай бўлди”, дея айбни бошқалардан излайди. Бундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги комиссиянинг “Вояга етмаган ёшларни билимли, жисмонан соғлом ва маънавий баркамол қилиб тарбиялаш, уларнинг ҳуқуқий онгини ўстириш, улар ўртасида ҳуқуқбузарлик, жиноятчилик, ҳамда ҳар хил норасмий диний оқимлар таркибига кириб қолиш ҳолатларининг олдини олишда мутасадди идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш” юзасидан 2014 йилга мўлжалланган тадбирлар дастури, туман комиссиясининг 2014 йилга белгиланган иш режаси асосида фаолият олиб бормоқдамиз. Шунингдек, “Соғлом бола йили” Давлат дастури ижросини таъминлаш мақсадида туман комиссияси томонидан қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Яна ўқинг:  Бардавом қадриятлар

Туман комиссиясининг ташаббуси билан туман ҳудудида истиқомат қилувчи ҳуқуқбузарликка мойил бўлган ўсмирларга тажрибали педагоглардан мураббийлар тайинланган. Улар билан якка тартибда тарбиявий тадбирлар ўтказилаётгани ўз самарасини бермоқда.

Яқинда “Самарқанд дарвоза” мажмуасида туманда истиқомат қилаётган, профилактик рўйхатда турувчи ва кам таъминланган оилалар фарзандлари учун “Ҳар бир болага эътибор” мавзусида туман “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, туман маънавият ва спорт ишлари бўлими, соғлиқни сақлаш соҳаси, ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда давра суҳбати ўтказдик. Унда етти ёшдан ўн ёшгача бўлган 105 нафар бола қатнашди. Уларни қизиқтирган саволларга мутахассислар жавоб берди.

Бундан ташқари вояга етмаганлар орасида назоратсизлик, дайдилик ва ҳуқуқбузарликка қарши кураш олиб борилмоқда. Мактаб, лицей, коллеж ва бошқа ўқув муассасаларида доимий равишда “Жиноятчиликнинг олдини олиш”, “Ҳуқуқбузарлик ва жиноят”, “Спиртли ичимлик ва гиёҳвандликнинг салбий оқибатлари”, “Гиёҳвандлик билан эмас, спорт билан машғул бўл!”, “Одам савдоси, фоҳишабозликка қарши кураш” каби турли мавзулардаги профилактик ишлар, маҳаллаларда учрашув ҳамда семинарлар мунтазам ўтказилиб келинмоқда. Бундан кейин ҳам ўқув муассасаларининг маънавият соатларида барча йўналишларда, айниқса, диний экстремизм ва одам савдосининг салбий оқибатлари бўйича тарғибот-тушунтириш ишларини кучайтириш ниятидамиз.

Дарҳақиқат, Ватанга садоқатли бўлиш ва унинг равнақи йўлида куч-ғайратини аямайдиган келажак авлодни ватанпарварлик руҳида, соғлом ва баркамол вояга етказиш ота-оналарнинг, педагоглар, ёшлар тарбияси билан шуғулланадиган мутахассисларнинг бурчи, албатта. Ваҳоланки, Ватанга муҳаббат оиладан бошланади. Фарзанд ёлғон гапирдими, демак у оиласига хиёнат қилган ҳисобланади. Ана шу туйғуларни фарзанди онгида шакллантирмаган ота-она бир кун келиб “чув тушиши” бор гап. Буни ҳаёт кўрсатяпти. Бас, шундай экан, барчамиз огоҳ бўлишимиз керак. Огоҳлик нафақат давр талаби, балки кундалик юмушимизга айлансин.

Муҳаббат ХЎЖАМУРОДОВА,

“Sog‘lom avlod” мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: