Кичкинтойлар саломатлигига камарбаста оила

Бола кулгуси билан хонадон қувончга тўлади. Яхши ниятлар, ойдин орзулар қулоч ёзади. Умр мазмуни, кўнгил завқи – фарзанд ҳаёт давомийлигини таъминлайди. Айниқса, болажон халқимиз орзу-умидларини дилбандларининг камолида кўради. Шу боис, ўзбек оилаларида норасидасининг соғлом дунёга келиши, парвариши, жисмонан ва маънан баркамол вояга етишига катта эътибор қаратилади.

Бироқ, иссиқ жоннинг иситмаси бор. Фарзанд дард чекса, ота-она ғуссага ботади. Ҳаёт бемазмун фурсатларини “ҳадя” эта бошлайди. Дилбандимизни опичлаймизу шифокор ҳузурига шошамиз. Саломатликка камарбаста болалар шифокори фарзандимизни дарддан фориғ бўлишига кўмаклашади, яна бахтиёр ҳаёт тарзига қайтамиз.

Шифокорлик – машаққатли касб, шу билан бирга инсон саломатлигига дахлдор экани билан хайрлидир. Болалар шифокори бўлиш эса ундан ҳам масъулиятли. Мурғак жисмининг қаерида оғриқ кечаётгани, дард чекаётганини сўз билан ифодалаб беролмаган норасиданинг хасталигини аниқлаш, ташхис қўйиш, унга болаларча муносабат билдириш, оғриқдан безовталанаётган гўдакнинг нигоҳига боқиш, йиғлаганда овутиш врач-педиатрдан юксак сабот ва фидойилик талаб этади. Хаста боланинг дарди барҳам топиб, беғубор юзларида табассум югурганида у чексиз завққа тўлади.

Бухоро вилояти Когон тумани тиббиёт бирлашмаси бош педиатри Мирзо Ражабов ана шундай жонкуяр болалар шифокоридир.

1976 йилда умумтаълим мактабини аъло баҳоларда тугатиб, Тошкент педиатрия институтида таҳсил олган М.Ражабов олий ўқув юртидан сўнг шифокорлик фаолиятини Навоий вилояти 1-сонли болалар клиникасида бошлади. Тиббиёт муассасасида илк устози М.Файзиддиновадан касбнинг сир-асрорларини қунт билан ўрганди.

1990 йил Когон тумани тиббиёт бирлашмасида унинг ташаббуси билан болалар реанимацияси бўлими ташкил қилинди. Мирзо Ражабов 2000 йилгача мазкур бўлимнинг бошлиғи сифатида фаолият юритди. Бугунги кунда у 20 ўринли болалар бўлимининг мудири бўлиб ишламоқда. Тажрибали, ташаббускор, жонкуяр шифокор ўтган йиллар давомида тиббиёт муассасасининг моддий-техник базасини ривожлантириш, кадрлар тайёрлаш ва уларнинг малакасига қараб жой-жойига қўйиш, тиббий хизмат сифатини ошириш борасида самарали меҳнат қилиб келмоқда. Фаолияти давомида кўплаб шогирдлар тайёрлади. Ғайрат Ёдгоров, Умид Ғофуров, Азиза Аҳророва устозининг изидан бориб, эл фарзандлари саломатлигини сақлашда беминнат хизмат қилаётир.

Қувонарлиси, Мирзо аканинг турмуш ўртоғи Мавжуда опа Қурбонова ҳам болалар шифокори. Оилада ҳам, ишда ҳам бир-бирига ҳаммаслак, ҳамфикр.

Яна ўқинг:  189 нафар спортчимиз V Осиё ўйинларида иштирок этади

– Болалар шифокорининг қалби аввало, боладек беғубор, соф бўлиши жоиз. Кичкинтой беморларнинг нигоҳи зийрак, – дейди Мирзо ака Ражабов касбга муносабат борасида сўз юритиб. – Уларга юзингизда табассум билан боқиб, ширин сўз билан бола кўнглини олишингиз керак бўлади. Кичкинтой сизнинг тиббий текширувингизга хайрихоҳлик билдирмаса, икки бора қийналасиз. Демак, шифокорлик касбига муносабат бемор билан муомаладан бошланади. Сўнгра эса тиббий текширув ва даво чоралари қўлланилади.

Касбимдан қувонадиган яна бир жиҳат, одамлар доимо бизни ўзига яқин дўст тутади, саломатлигини бизга ишонади. Баъзан ярим тунда ҳам бемор фарзандини бағрига босиб дарвоза ҳатлаб келади. Шундай ҳолатлар ҳам бўлганки, тўсатдан оғирлашиб қолган бемор боланинг отаси дарвозани қоқиб вақт сарфламаслиги учун тун ярмида девор ошиб хонадонимизга кириб келган. Бу вазиятлардан ҳеч қачон оғринмаймиз. Чунки, касбимиз ҳам, инсоний бурчимиз ҳам шуни талаб этади.

Бугун мамлакатимизда оналик ва болалик муҳофазаси борасида хайрли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Когон тиббиёт муассасасининг болалар бўлими ҳам Саломатлик-3 лойиҳаси доирасида 8 турдаги замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан таъминланди. “Соғлом бола йили” Давлат дастурини ҳаётга тадбиқ этиш бўйича янги ётоқ мебеллари, дори-дармон ва озиқ-овқат маҳсулотларини сақлаш учун совитгичлар билан жиҳозланди.

Шифокорлар оиласига туманда ҳамма ҳавас билан қарайди. Бу ҳавас ортида кўп йиллик меҳнат, жамоат ишларида ҳам фаоллик, фарзандлар саломатлигига камарбасталик, камтаринлик ва самимийлик каби юксак инсоний фазилатлар мужассам.

–Умр йўлдошим билан ҳаётнинг пасту баланд довонларидан бирга ошиб келяпмиз, – дейди Мавжуда опа оила ҳақида гапираркан. – Шу бахтиёр кунларга шукрона айтаман. Ўғлимиз Мақсуджонни биргаликда улғайтирдик. У олий ўқув юртида таҳсил олиб, эл-юрт ҳимояси йўлида хизмат қилмоқда. Келиним Зебинисо Бухоро юқори технологиялар муҳандислик-техника институти талабаси. Уларни ҳам доимо оилани муқаддас қўрғон сифатида асраб-авайлашга ўргатаман. Нимагаки, ошёнини обод тутган, пойдеворини мустаҳкам яратган оила эгалари бағрида улғайтирган, тинчлик ва фаровонлик ҳадя этган Ватаннинг қадрига етади, юртнинг равнақига ҳисса қўша олади.

Мирзо ака ва Мавжуда опа икки нафар набиранинг суюкли бобоси ва бувиси. Меҳрангиз ва Миршоджонлар Когон шаҳридаги 8-мактабгача таълим муассасаси тарбияланувчиларидир. Уларнинг бола қалбига қулоқ тутиб, орзулари ҳақида сўрасангиз, келажагини бобоси ва бувиси каби шифокорлик касбида кўради.

Яна ўқинг:  ШҲТга аъзо давлатлар Миллий координаторлари кенгашининг мажлиси бўлиб ўтди

Эл аро эзгулик улашиб яшаётган кишиларни, халқимиз офтоб одам дейишади. Ана шундай инсонлар бор экан, дунёда эзгулик боқий яшайди. Мирзо ака ва Мавжуда опа қалбида қуёши бор инсонлар. Бу қуёш ҳали нур таратиб, кўнгилларни илитиб, болалар юзига табассум бахш этаверади. Зеро, бола кулиб турса, хонадонимиздан қувонч аримайди.

Фахриддин ҲАЙИТОВ

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: