ОНА ВА БОЛА СКРИНИНГИ: СОҒЛОМ АВЛОД КАФОЛАТИ

Дунёда оналик бахтидан улуғроқ бахт бормикин, унинг ҳар бир лаҳзалари бебаҳо ва унутилмасдир. Мурғак гўдак учун эса онанинг бағридан ҳаловатлироқ жой йўқ. Зеро, бола фақатгина онасининг қучоғида ўзини хотиржам ва ишончли сезади.

Миллатнинг камолоти, мамлакат равнақи бевосита бу икки инсоннинг хотиржамлиги, соғлиғига боғлиқ. Қайси юртда оналар ва болалар бахтиёр бўлиб, кулгуси янграса бу ватаннинг эртанги куни нурафшон бўлиши аниқ. Мамлакатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳам ана шу оналар ва болалар саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом авлод туғилиши ва уни тарбиялаш учун керакли шарт-шароитларни яратиб бериш ҳисобланади. Ўзбекистон аҳолисининг саломатлиги ва келажак авлод ҳақида ғамхўрлик қилиш, сифатли тиббий хизмат кўрсатиш, ҳамда соғлом экологик муҳитни яратиш давлатимизнинг келажаги билан узвий боғлиқ. Бунинг учун республикада она ва бола саломатлигини яхшилаш, ногиронликни олдини олиш мақсадида оналар ва болаларга махсус хизмат кўрсатишни ривожлантириш, соғлом экологик муҳитни сақлаш учун умумдавлат миқиёсида комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, 2009 йилнинг 13 апрелида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш ҳамда соғлом авлодни шакллантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда “2009-2013 йилларда аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом бола туғилиши, жисмоний ва маънавий баркамол авлодни вояга етказиш борасидаги ишларни янада кучайтириш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида”ги Қарорлари доирасида аҳоли репродуктив саломатлигини, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш хизмат тизимини такомиллаштириш кўзда тутилган.

Статистик маълумотларга қараганда, қатор мамлакатларда популяцион генетик скрининг хизматини ташкил қилиниши аҳоли ўртасида туғма ва ирсий касалликларни сезиларли даражада камайишига олиб келган. Шунинг учун ушбу муаммони нафақат тиббий балки ижтимоий муаммо бўлганлигини ҳисобга олиб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 140-сонли қарорига биноан 1998 йилда болаликдан ногиронликка олиб келувчи туғма ва бошқа касалликларни ҳомиладорларда эрта аниқлаш мақсадида “Она ва бола скрининги” Давлат дастури қабул қилинди.

Давлат дастурига мувофиқ болаларни ҳар томонлама соғлом туғилишини таъминлаш, туғма ва ирсий касалликларнинг олдини олиш мақсадида республикада скрининг марказлар ташкил этилди. Ташкилий жиҳатдан скрининг марказлар 12 та минтақавий ва Республика скрининг марказидан (Тошкент шаҳрида) ташкил топган ҳамда мамлакатимиз бўйича чақалоқлар ва ҳомиладор аёлларнинг скрининг текширувлари билан қамраб олган.

Яна ўқинг:  Оғиз бўшлиғи касалликлари

Скрининг марказининг асосий мақсади — ҳомилани ривожланиш нуқсони ёки ногиронлигига олиб келувчи касалликлар билан туғилишини олдини олиш ва ирсий касаллик билан туғилган болаларга махсус тиббий-генетик хизмат кўрсатишдан иборат ҳисобланади.

Марказ ўзининг асосий мақсадини амалга ошириш учун уч йўналиш бўйича фаолият олиб боради:

— пренатал (туғруққача бўлган) даврда ҳомилада ривожланиш нуқсонини аниқлаш;

— янги туғилган чақалоқларни туғма гипотиреоз ва фенилкетонурия касалликларига оммавий скринингдан ўтказиш;

— ирсий ва туғма касаллик билан туғилганларга ва шундай фарзандлари бор оилаларга тиббий-генетик маслаҳат бериш.

Скрининг марказларида ота-онанинг ёши 19 ёшдан кичик ва 35 ёшдан катта бўлса, бўлажак онада ҳомиладорликнинг эрта даврида ҳомила тушиши хавфи юқори бўлса, эндокринопатия(патология-нуқсон)лар ҳамда TORCH-инфекцияси билан зарарланиш аниқланиб, фарзанди туғма ривожланиш нуқсони билан туғилган бўлса, яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳ аниқланса скрининг текширувидан ўтишга кўрсатма берилади.

Ҳозирги вақтда 3500 дан зиёд ирсий ва туғма касалликлар маълум бўлиб, бундай хасталикларнинг айримлари болалик даврида аниқланар экан. Баъзи ирсий касалликлар наслдан наслга, яъни ота ёки онадан фарзандларига ўтса, айрим касалликлар ташқи кўринишидан соғлом бўлган ота-онанинг фарзандларида (касаллик яширин ирсийланганда) ҳам аниқланади.

Оилада ирсий касалликлар билан бола туғилишининг сабабларидан бири янги мутацияларнинг (de novo мутацияси) пайдо бўлиши ҳамда қариндош-уруғлар ўртасидаги никоҳдир. Эр-хотин қариндош бўлган оилаларда бошқа оилаларга қараганда наслдан-наслга ўтадиган касалликлар билан болалар туғилиши нисбатан кўп учрайди. Чунки, ҳар бир бола ўз генларининг ярмини онадан, иккинчи ярмини отасидан олади. Табиийки, қариндошлар ўртасидаги никохда касаллик генларини ташувчиси бўлган ота-оналарда ирсий хасталик генларининг учраш эҳтимоли юқоридир. Яъни, қариндош-уруғчилик қанчалик яқин бўлса уларнинг наслдан-наслга ўтувчи касаллик генларини бир-бири билан учраш эҳтимоли шунча юқори бўлади. Мутахассисларнинг таъкидлашича, шунинг учун ҳам қариндош бўлмаган оилалардан кўра ўзаро яқин қариндош бўлган оилаларнинг фарзандлари орасида ирсий касалликларнинг учраш хавфи юқори бўлар экан. Ёши 35 дан катта бўлган аёллардан туғилган болаларда ҳам туғма ва ирсий касалликларнинг учраш хавфи юқори. Балоғатга етмай она бўлган аёлларнинг фарзандларида туғма ирсий касалликлар каттароқ ёшдаги аёлларга нисбатан учраш хавфи яна ҳам юқоридир. Чунки, қизларимиз 16-17 ёшга тўлгани билан уларнинг организми ҳомиланинг тараққий этишига ва бола туғишга физиологик ҳамда психологик жиҳатдан ҳам тайёр бўлмайди. Илмий маълумотларга қараганда қизлар 19 ёшга етгач физиологик жиҳатдан етиладилар. Хусусан, эндокрин тизим ва жинсий аъзолар тўлиқ шаклланади.

Яна ўқинг:  Глаукома қандай пайдо бўлади?

Шунинг учун 20-30 ёшлар орасида она бўлиш вақти энг мақбул давр ҳисобланар экан. Аммо баъзи оила катталари ўз қизларини эрта турмушга бериш оқибатида ўзлари англамаган ҳолда ўнглаб бўлмайдиган муаммоларга дучор қилишади. Натижада ёшлар шошилинчда қилинган қарорлар қурбонига айланишади.

Соғлом фарзанд кўриш оила бахти, ота-она қувончи. Унинг дунёга келиши икки ёшни янада бирлаштиради. Оилани мустаҳкамлайди. Соғлом фарзанд кўришни истаган бўлажак ота-оналар ўз репродуктив саломатлиги ҳақида чуқур ўйлаши керак. Агар аёлда сурункали соматик(ички), ўткир ва сурункали касалликлар (TORCH-инфекцияси) ҳамда эндокрин касалликлар бўлса улар зудлик билан мутахассис-шифокорга мурожаат қилиб даволанганларидан кейин ҳомиладор бўлишлари зарур. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги бош генетиги, Республика Скрининг маркази директори, тиббиёт фанлари доктори Мадина Шарипова бу борада шундай фикрда:

– Албатта, бўлажак оналар ҳомиладорликнинг эрта давридан (ҳомиладорликнинг 10 ҳафтасигача) мутахассис-шифокор назорати остида бўлиб ўзлари ва фарзандларининг соғлиқлари учун зарур бўлган маслаҳатларни олишлари керак. Ҳомиладор бўлишдан олдин ва ҳомиладорлик даврида таркибида микронутриентлар (витаминларнинг микроэлементлар билан комплекси) — йод, темир ва фоли кислотаси сақлаган поливитаминларни ҳамда оқсилга бой бўлган озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилишлари лозим. Ногирон болалар туғилишини олдини олиш учун туғруқлар оралиғи камида 3 йил бўлиши лозим. Чунки, шу вақт ичида аёл ўзининг репродуктив саломатлигини тиклаб олади. Фарзанд кўриш орзусида юрган ҳурматли аёлларимиз ўз соғлиғига масъул бўлиш билан баробар туғилажак фарзандларига ҳам эътиборли бўлса, улардан туғиладиган болалар ҳам жисмонан, ҳам ақлан соғлом бўладилар. Шунингдек, скрининг текширувига тавсия этилган аёллар кечиктирмасдан ўз вақтида кўрикдан ўтмоқлари шарт. Бу текширув ўзларининг ва фарзандларининг саломатлиги учун жуда муҳим.

Ҳар бир инсон бахтли бўлишга ҳақли. Бу бахт кўпинча ўз соғлиғимиз билан боғлиқ. Янги ҳаётга қадам қўйган ёшлар соғлом ҳаёт кечириш ва бахтли бўлиши учун имкониятлар бисёр. Бунинг учун улар соғлом турмуш тарзига риоя этиш, Ватанга муносиб бўлган соғлом ва комил фарзандларни вояга етказиш масъулиятини унутмасликларини сўрар эдик. Ишонамизки, катталар ҳам бу борада уларга ўрнак бўладилар.

Маърифат ТОЛИПОВА,

“Соғлом авлод” мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: