Юртимиз нозу неъматлари – дармондорилар хазинаси

Гречиха ёрмаси камқонликда фойдали дейишади? Бу ёрма яна қандай касалликларга даво? Ундан болалар учун парҳез таомлар тайёрласа бўладими?

Феруза Синдарова,

Тошкент шаҳри

Гречиха ёрмаси таркибида темир моддаси мавжуд. Шунингдек, фосфор, кальций, калий, бор, рух ва бир оз миқдорда йод моддаси ҳам учрайди. Яна PP, B1B2дармондорилари ҳам гречиханинг шифобахш хусусиятини оширади. Клечатка (дағал тола) ва оқсил меъда-ичак тизимида яхши ўзлаштирилади. Дағал толали клечатка ичаклар перистальтикасини (ҳаракатини) яхшилайди. Темир моддаси қон таркибидаги гемоглобин миқдорини оширади ва анемия (камқонлик)нинг олдини олади. Шунингдек, гипертония (хафақон), атеросклероз жигар хасталикларида гречиха ёрмасидан шифобахш таомлар тайёрлаш мумкин. Ёрма таркибидаги рутин моддаси қон томирлар деворини мустаҳкамлайди. Қон оқишни тўхтатади. Вена қон томирларига ижобий таъсир этади. Мисол учун, бавосил (геморрой) ва вена қон томирлари кенгайишида шифобахш ҳисобланади. Бириктирувчи тўқималардаги майда қон томирлар (капилляр)ларни тиклайди. Айниқса, қандли диабет билан оғриган беморлар ва ортиқча вазндан қийналаётган кишилар ҳам гречиха ёрмасидан парҳез таомлар тайёрлаб истеъмол қилишлари зарур. Чунки, унинг таркибида углеводлар миқдори кам бўлади. Бундай беморлар нон ва картошка ўрнида ҳам гречкали таомларни тановул қилишлари керак. Гречиханинг яна бир хусусиятига эътибор қаратиш жоиз, яъни бу ёрма организмдан ортиқча хилтларни чиқариб ташлайди. Ҳаво таркибидаги оғир металлар ионлари организмга тушган бўлса, уларни ҳам гречка ўзига шимиб олади ва зарарсизлантириб, танадан чиқариб юборади. Айниқса, шаҳар шароитида ҳаво тоғники каби мусаффо бўлмайди.

Болалар ва катталар учун ҳам гречихадан турли сутли ва сувда димлаб пиширилган ва сарёғ солинган бўтқалар тайёрлаб берилади. Шунингдек, гречкадан палов ҳам дамлаш мумкин. Гречка унидан ольади (қуймоқ) ҳам тайёрласа бўлади. Ортиқча вазнга эга кишилар кечқурун 1 стакан ёғсиз қатиққа бир ош қошиқ гречиха ёрмасидан солиб, эрталабгача ивитиб қўйишлари зарур. Наҳорда оч қоринга бу маҳсулот истеъмол қилинади. Орадан икки соат ўтиб нонушта қилиш мумкин. Ҳар куни қатиқ ва ёрма миқдорини ошириб, қирқ кун давомида озиш муолажалари ўтказилади.

Гречихали ольади (қуймоқ)

Сирли идишга 1 литр сув қуйилади. Илиқ сувга 40 гр. хамиртуруш (дрожжа) солинади ва 500 гр. ун ҳам аралаштирилади. Илиқ жойга икки соат давомида қўйилади. Суюқроқ хамир устига 3 дона тухум, 100 гр. шакар ва ярим кило гречиха уни солинади. Таъбга кўра гречихали ольадига турли кўкатлар, саримсоқпиёз ҳам солиш мумкин. Агар ольади ширинроқ бўлсин десангиз унга ювилган майиз ёки гўштқиймалагичдан ўтказилган туршак солинг. Бундай қуймоқни болажонлар суйиб истъемол қилади. Гречкали ольадилар камқонлик профилактикасида қизил лавлагили салат, жигар, майиз ёки ёнғоқ, асал ва туршак аралашмасидан тайёрланган маъжун (100 гр. тоғ асалига 100 гр. майиз ва яна шунча миқдорда ёнғоқ ҳамда туршакни гўштқиймалагичдан ўтказиб ундан катталиги кичикроқ шарчалар ясайсиз) дан кам таъсир қилмайди. (Маъжун – таркибида бир нечта доривор воситалар мавжуд бўлган мураккаб дори). Гречихали қуймоқни тайёрлашда товага ёғ қуйиш керак эмас, балки ёғни товага суртиш зарур. Чунки, қуймоқ ёғда қовурилса, гречка тахир таъмли бўлиб, таом сифати бузилади. Қуймоқнинг икки томонини қизартириб олиш керак. Ёғ суртилган товага суюқ қуймоқни солиб пиширасиз.

Яна ўқинг:  Энг ажойиб туҳфа

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: