Ҳаво ва қуёш ванналари – танга даво

Янги туғилган чақалоқни ташқи муҳитга тез мослашиши ва организмни чиниқтириш учун тез-тез қуёш, ҳаво ваннасидан фойдаланиб туриш мақсадга мувофиқдир. Бунинг учун албатта хона ҳарорати ва боланинг умумий аҳволи инобатга олиниши даркор. Даставвал, шифокор текширувидан сўнг болага қай тартибда ҳаво ваннасини буюриш кераклиги кўрсатилади.

Баҳорнинг май ва ёзнинг дастлабки ойидан бошлаб кун очиқ пайтда, айниқса, тушгача бўлган вақтда қуёш ваннаси бола учун энг фойдали ҳисобланади. Қуёш ваннаси табиат қўйнида амалга оширилади. Жумладан, болани ҳар куни очиқ ҳавода сайр қилдириш, табиат қўйнида ухлатиш болани нафас олиш тизими ва ўпкани керакли миқдорда кислород билан тўйинишига ёрдам беради. Бу пайтда бола ётадиган хонани эшик ва деразаларини очиб қўйиш, шамоллатиб туриш керак. Шунингдек, бола организмини табиий равишда чиниқтиришга алоҳида эътибор бериш зарур. Болани кўчага олиб чиққанда бурнига оксолин мазидан суриб қўйиш керак.

Йилда бир маротаба ёз кунлари болани тоғ ён бағирларига олиб бориш, тоза ҳавода кўпроқ дам олиши унинг соғлиғи учун фойдали ҳисобланади.

Уй шароитида эса ҳаво ваннасини 2 ёшгача бўлган болалар учун қўллаш мумкин. Дастлаб чақалоқни 1-2 дақиқа давомида кийимларини ечиб, очиқ ётқизиб қўйилади. Бир ёшгача бўлган болалар учун хона ҳарорати 20 С дан паст бўлмаслиги лозим.

Ҳаддан ташқари шабада бўлаётган хонада чақалоқни кийимсиз ётқизиш мумкин эмас!

Ҳаво ваннасининг муддати ҳар куни 1 дақиқага кўпайтириб борилади. Бу муолажани қўллашдан аввал боланинг умумий аҳволи ҳисобга олиниши керак. Бола учун ҳаво ваннасининг афзаллик томони шундаки, чақалоқ организми ташқи муҳитга тез мослашади ва касалликларга қарши чидамли бўлади.

Уй шароитидаги ҳаво ваннаси учун хона ҳавоси шамоллатилган, бола ётадиган жой озода бўлиши лозим. Бир ойгача бўлган болани ҳаво ваннасига ўргатиш учун дастлаб унинг кийимларини ечиб қўйиб ёки таглигини алмаштириш жараёнида она ўз боласи билан мулоқотда бўлиш керак. Унга ёқимли сўзларни айтиши ва уни эркалаб, бола баданини енгил уқалаш керак. Яна қўл-оёқ мушакларини ҳам массаж қилиш ва жисмоний машқлар бажариш бола учун фойдалидир. Бир ойгача бўлган бола учун 5 дақиқа етарли. 3-4 ойлик болани 8-10 дақиқа ҳаво ваннасида ушлаб туриш мумкин. 12 ой ва ундан катта бўлган болаларни 30 дақиқа уй шароитида ҳаво ваннасига ўргатиш керак. Бир ёшгача бўлган болада суяк тизими жадал ривожлана бошлайди. Шунинг учун ўтказиладиган кунлик жисмоний машқлар унинг оёқ-қўллари ва гавдасини тик тутишида, эрта юриб кетишига туртки беради.

Яна ўқинг:  Қуймоқли торт

Болада ЎРВИ (ўткир респиратор вирусли инфекция) ёки грипп, шунингдек, бошқа жиддий, оғир, касалликка чалинганлиги кузатилса ҳаво ваннаси то соғайгунча мумкин эмас! Ҳаво ваннаси фақат бола соғлом бўлган пайтда зарур.

Бола учун ўтказиладиган ҳаво ваннаси чақалоқнинг қорнини тўйғазишдан аввал амалга оширилади. Чунки, тўқ қоринга бажарилган машғулотлар болани қайт қилишига сабаб бўлиши мумкин. Жисмоний машғулотдан сўнг боланинг иштаҳаси очилади ва у тўйиб эмади. Гўдакнинг уйқуси ҳам яхшиланади. Боланинг физиологик яхши ривожланиши учун ҳаво ваннаси каби фойдали машғулотлар жуда муҳимдир.

Болани тез-тез сайрга олиб чиқишнинг яна бир фойдали жиҳати шундаки, бола тинчланади. Унинг иштаҳаси очилади, ўпка кислород билан яхши тўйинади.

Олий тоифали шифокор Ойжон ТОШПЎЛАТОВА тавсиялари асосида Наргиза УГЛАМОВА тайёрлади

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: