Фарзандингиз байрамни қандай нишонлашни хоҳлайди?
“Иштирокчи давлатлар боланинг дам олиш ва бўш вақтини ўтказиш ҳуқуқини ўзининг ёшига мос келадиган ўйинлар ва кўнгилочар тадбирларда иштирок этиш, маданий ҳаётда эркин қатнашиш, санъат билан шуғулланиш ҳуқуқини эътироф этадилар. штирокчи давлатлар боланинг маданий ва ижодий ҳаётда ҳар томонлама қатнашиш ҳуқуқини ҳурмат қиладилар, рағбатлантирадилар ҳамда маданий ва ижодий фаолият, бўш вақтни ўтказиш ва дам олиш учун тегишли тенг имкониятлар яратиб берилишига кўмаклашадилар”.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг “Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенция”си 31– модда.
Ушбу Конвенцияда белгилаб қўйилган мазкур талаб, қолаверса, ушбу халқаро ҳуқуқий ҳужжат меъёрлари истиқлолнинг илк йиллариданоқ юртимизда кенг йўлга қўйилди. Зеро, 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни халқимиз орасида кенг нишонланиши, умуммиллий байрам даражасига кўтарилгани фикримиз тасдиғидир.
Дарҳақиқат, гўдак дилларни мунаввар, оилаларни эса фаровон этадиган илоҳий неъматдир. Бу дунёда чақалоқ ифоридек ёқимли, кулгусидек умидбахш, кўзларидек беғубор мавжудот йўқ. Зеро, бола ҳаёт абадийлигини таъминлайдиган қудратга эга. Тинчлик ҳукм сураётган жонажон Ватанимизда жажжи авлоднинг соғлом ва маънан етук бўлиб улғайиши йўлида қатор самарали тадбирлар амалга оширилаётир. Хусусан, жорий йилнинг Соғлом бола йили деб эълон қилиниши ва шу номда Дастур ишлаб чиқилиши юртимизда болаларга кўрсатилаётган ғамхўрликнинг ёрқин ифодасидир. Шундай экан, боланинг қизиқишларига қараб унга шарт-шароитларни яратиб бериш ота-она зиммасидаги масъулиятлардан биридир. Жумладан, уларнинг дам олиш ҳуқуқини таъминлаш ҳам. Хўш, 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни байрамини болалар қандай нишонлашни хоҳлайди? Ота-оналар уларнинг бу борадаги қизиқишлари билан ўртоқлашяптими?
– Икки нафар фарзандим бор, – дейди Сергели туманида яшовчи Ситора Раҳмонова. – Каттаси етти, кичкинаси эса икки ёшга тўлди. Уларни тез-тез истироҳат боғларига олиб борамиз. Барибир, 1-июнь болалар ҳаётида бошқача ўрин тутади. Улардаги байрамона руҳни сўндириб қўйишдан жуда қўрқаман. Ахир, айни ушбу кун бошқаларидан ажралиб туриши керак-да! Шу мақсадда болаларимни “Ҳайвонот боғи”га, музей ва тасвирий санъат кўргазмалари, китоб дўконларига олиб боришни одат қилганман. “Цирк” ва болалар театрига чипталар олишни эса ҳеч қачон унутмаймиз. Бундай байрамларда болалар нафақат сайр этиши, балки маънавиятини шакллантириши, ўз ҳуқуқларини таниб бориши лозим. Совға олишда ҳам ана шу жиҳатларга эътибор берамиз.
Ҳар бир ота-она борки, боласининг камолини кўришни истайди. У эркин улғайиши учун зарур шарт-шароитни муҳайё қилишга ҳаракат қилади. Қолаверса, байрам арафасида “Камолот” Ёшлар ижтимоий ҳаракати республика ва ҳудудий кенгашлари томонидан қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда байрамни кўтаринки руҳда, болаларга мос ўтказиш мақсадида самарали тадбирлар амалга оширилиши назарда тутилган.
– Болалар, юртимизнинг келажагини таъминлайди. Шу мақсадда, 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни байрами муносабати билан пойтахтимиздаги жажжи авлоднинг маънавий оламини бойитишга ҳисса қўшадиган кўнгилочар ва маърифий тадбирлар ўтказиш кўзда тутилган, – дейди “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Тошкент шаҳар кенгаши раиси ўринбосари Восит Умархўжаев. – Хусусан, истироҳат боғларида турли викториналар, расмлар кўргазмаси, “Ижодкорлар бекати”, “Санъаткорлар бекати”, “Экология бекати”, “Саломатлик бекати” каби қатор тарбиявий аҳамиятга эга рамзий бекатлар ташкил этишни режалаштирганмиз.
Энг муҳими, бу тадбирлар бир кун билан чекланиб қолмай, давомийлик касб этади. Шундай экан, болаларнинг хотирасида байрам муҳрланиб қолиши учун шошилинг, ҳурматли ота-оналар!
Шоира МАРАҲИМОВА