Меҳмон боланинг одоби

Хонадонимиз давлати, уйимизнинг файзи – бобо-бувимнинг ёшлари бир ерга бориб қолган бўлса-да, етти аждодининг исмини ҳеч қийналмай айтиб бериши, мени ҳамиша таажжубга соларди. Уларни хотирлар эканман қариндошлик риштасига ўз жонини боғлаган, бахту иқболини аҳиллик, бирдамликда бунёд этган инсонлар эканига яна бир бор амин бўламан.

Ёдимда, болалигимда бувим қариндошларидан бирини йўқлаб борсалар, албатта мени ўзлари билан олиб кетарди. Онам ҳазил оҳангда “бу кетишда қизингизни эркалатиб юборасиз”, десалар: “Меҳр кўзда, йўқлаб борганда! Болалигидан қавму қариндошларни йўқлаб туришни ўрганса, бунинг нимаси ёмон”, – деб қўярди. Шу-шу болаликда кўрган, билган таниш чеҳралар дилга яқин бўлиб қолди.

…Менга таниш аёлнинг бир одати бор. Фарзандларини ўзи билан бирор жойга олиб борганини ҳеч кўрмайсиз. Ҳатто, оилавий йиғинларда ҳам ҳамиша ўғил-қизларисиз иштирок этарди. Бир қарашда бу аёлнинг йиғинларга тартиб билан келиб, тартиб билан кетиши ҳавас қилса арзигулик. Аммо шу йўсинда тарбия кўрган болалар бора-бора, ҳатто бобосини кўргани келишга ҳам ошиқишмай қўйганини она кейинчалик афсусланиб гапира бошлади.

– Фарзандларимиз ҳаётни ҳиссиёт ила бошқариб боради. Ҳиссиётлар бизнинг ҳаётдаги йўлбошчимиз, – дейди психолог Зебинисо Аҳмедова. – Болаларимиз кўриш, англаш орқали ҳаётни ўрганиб боради. Шу жумладан, инсонларни ҳам. Бола ўз маҳалласи, етти авлодини, шевасини билиши шарт. Бу эса меҳмондорчиликка боришда янада яхшироқ шаклланади. Болангиз атрофдагилар билан мулоқотга киришган чоғидагина янги ахборот қабул қилади. Шунингдек, ўз “МЕН”ини топишга киришади, мушоҳада этади. Ўзгалар билан кам мулоқотга киришган бола, бундай жараёнга мослашишга қийналади ва ёлғиз бўлишга, ўз ишлари билан овунишга уринади. Натижада болада ўзига бўлган ишонч сусайиб боради.

Илгари маҳалла ёки қариндошларникида тўй бўлса, даврани болалар эгаллаб олар, тўй эгаларининг “тўй бола билан файзли-да”, деган сўзлари қулоққа чалинар эди. Аммо, бугунги кунда тўй-маросимлар тугул, гоҳида яқинларнинг кичик йиғинларида ҳам оилага яқин болаларни учратмайсиз. “Боланинг бўйи етганда олиб юриш ярашади”, “Қўйинг, тинчгина ўтирайлик”, қабилидаги жавоб ҳам тайёр.

Савол туғилади. Хўш, фарзандларимизни меҳмонга, яқинлар даврасига олиб бориш унинг феъл-атворига ижобий таъсир қилар экан, нега оилавий муносабатларда фарзандаримизнинг ўрни сезилмаяпти? Нега дилбандларимизнинг қариндош-уруғлар билан аралашуви фаол эмас? Шу ўринда дугонамнинг берган жавобини келтириб ўтсам: “Бола номи билан бола-да. Бир ерга олиб борсам, доим беодоблиги билан мени изза қилади. Табиийки, ота-она бундай ҳолатга тушмаслик учун ҳам фарзандларини олиб юрмайди”. Бир қарашда онанинг сўзларида ҳам жон бордек. Келинг, масалага бир томондан ёндашмайликда яна психологга мурожаат этайлик:

Яна ўқинг:  Техника доимий назоратни талаб этади

– Ривожланган ахборот асрида кундалик ҳаётимиз янада илдамлагандек, гўё. Ота-оналар ўзига холи бўлиш шароитини фарзандларисиз яратишга, ёки бола келтириши мумкин бўлган нохуш ҳолатлардан қочишга уринишади. Улар наздида бу боладан бирон муддатга озод бўлиш, жавобгарликдан қочиш ёки ҳаловатга етишиш демакдир. Шунинг учун уларни барча яқинлар жам бўлган байрам кечаларига, қариндош ётган шифохоналарга, ёки шунчаки зиёратга олиб боришдан қочишади. Аммо, тарбияни биринчи ўринга қўювчи ота-оналар бунга унчалик ҳам эътибор бермайди. Сабаби, улар бу ҳолатга фарзандини аллақачон тайёрлаб бўлишган.

Бола табиатан шундайки, у ўз хатти-ҳаракатларининг охирини ўйламайди. У учун қилаётган ишининг натижаси қандай бўлиши унчалик муҳим эмас. Шу боис баъзи меҳмондорчиликка борган бола кўпинча ноқулай вазиятларни юзага келтириши мумкин. Масалан, шовқин-сурон қилиши, дастурхонга тинимсиз қўл узатиши ёки мезбон болалар билан жанжаллашиши ва ҳоказо.

Тарбия бола билан униб-ўсиб, камол топади. Шундай экан, бундай вазиятни болага бирдан уқтириб бўлмайди. Уни йиллар давомида секин-асталик билан ўргатиб бориш лозим. Ҳар сафар меҳмонга отланаётган маҳал болангизга унинг ниҳоятда тарбияли эканини ва у ота-онасини меҳмонлар орасида уялтириб қўймаслигига ишонишингизни таъкидлаб боринг. Баъзан фарзандингиз билан уйда “меҳмон-меҳмон” ўйнаб, онгига меҳмондорчилик одобларини ўйин орқали сингдириб боринг. Болам меҳмонга борса, у ердаги болалар билан шовқин солади ёки келишолмай қолади, деган фикрдан холи бўлинг! Сабаби ҳиссиётли боладагина бироз келишмовчилик бўлиши мумкин. Болалардаги келишмовчилик, низолар ортидан уларда ижтимоий ҳамфикрлик шаклланади. Улар бир-бирини кашф этади, феъл-атворини бир-бирига мослаштириб боради. Шуни унутмангки, “иши бор”, “уйида тинч ўтирсин” қабилидаги сўзлар қарор эмас, аксинча, сизнинг масъулиятдан қочишингиздан дарак беради.

Боланинг ўзини тутишини реал шароитда кўрмоқ лозим. Фарзандингизни ташқаридан кузатиб боринг. Бундай имкониятни эса болангиз яқинларникига меҳмондорчиликка борган чоғида кўришингиз, бевосита унинг билган ва билмаган ижобий ҳамда салбий жиҳатларини пайқашингиз мумкин. Шунингдек, бу жараёнда тарбиянгизнинг ютуқ-камчиликлари ҳам ошкор бўлади. Боланинг қилган одобсизлиги учун уни қаттиқ уришманг. Меҳмондорчиликдан сўнг қилган иши ёки дўстининг ҳаракати, ҳамманинг эътиборини тортганини ва сиз бу ҳолатдан уялганингизни тушунтиринг.

Яқинларингизникида меҳмондорчилик чоғида болалар учун ҳам алоҳида дастурхон тузашга эътибор беринг. Сабаби эътибор берган бўлсангиз ёш бола катталарга ўхшагиси, тезда катта бўлгиси келади. Шунинг учун бундай вазиятда кичикларга эндиликда улар ҳам катталар сингари масъулиятли бўлганликларини айтиб, рағбатлантириб қўйинг. Болаларни бундай пайтда тинчлантирувчи самарали усул бу – улар орасида энг тўполончи ҳамда шўхини сардор этиб тайинланг ва меҳмондорчиликдаги тартиб-интизомга масъул қилиб қўйинг.

Яна ўқинг:  Фарзандлари соғ элнинг кўнгли тоғдир

Бола тасаввури осмон қадар кенг ва мусаффодир. Шундай экан, меҳмонга сиз билан боришга ошиқаётган болага рад жавоб бериб, унинг шаштини сўндирманг. Зеро, фарзандингиз қалбида меҳр-оқибат каби инсоний фазилатлар уларни яқинлар даврасига олиб бориш орқали ҳам шаклланиб боради.

Маърифат ТОЛИПОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: