Чин юрак сўзини айтиб

“Медпункт эшиги нега қулф”. Мазкур сарлавҳа остида Хазорасп туман газетасида чоп этилган 5-синф ўқувчисининг мақоласи вақти келиб қишлоқ тиббиёт пункти мудирини ишдан олишгача боради, деб ким ўйлабди, дейсиз. Мақола туртки бўлиб, махсус комиссия тузилиб, “бурнига хода етмайдиган” мудирнинг ковушини тўғирлаб қўйишди. Қишлоқ аҳли “Жаббор ўғлим, сенга, отанга раҳмат-ей”, дея ҳурсанд бўлишди. Чунки медпунктга энди яхши ишлайдиган тиббиёт ходими келишига умид уйғонган эди.

Шу-шу Жаббор Раззоқовнинг мақолалари туман, вилоят газеталарида бирин-кетин чоп этила бошлади. Кейинчалик “Гулхан” Республика болалар журнали фототанловида қатнашиб, учинчи ўрин соҳиби бўлди. Қалби қувончга тўлган ёш қаламкаш бир умрга журналистика соҳаси билан тақдирини боғлашга қарор қилди.

Журналистика соҳасига бўлган муҳаббат боис Жаббор Раззоқов Тошкент Давлат университети (ҳозирги ЎзМУ) нинг журналистика факультетига ўқишга кирди. Талабалик йиллари ёшлар газеталарида курьер, мусаҳҳиҳ бўлиб иш фаолиятини бошлаган Ж.Раззоқов кейинчалик “Тонг юлдузи”, “Туркистон” газеталарида Бош муҳаррир лавозимларида ишлади.

Бағрикенг, меҳрибон устоз қатор йиллар ноширлик соҳасида самарали меҳнат қилиб келаётир. “Ўзбекистон”, “Меҳнат”, “Ижод дунёси”, нашриётларида раҳбарлик қилиб болажонлар учун янги-янги китоблар, дарсликлар чоп этилишига муносиб ҳисса қўшди.

Жаббор аканинг самарали ижод маҳсули бўлган “Марварид томчилар”, “Умр бир қўшиқ”, “Ватан қадри”, “Чин юрак сўзи” каби китоб ва тўпламларини шогирдлари бир-биридан қизғаниб ўқишарди. Устоз кўп йиллик ижодий меҳнатлари боис “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист” унвонига сазовор бўлди.

Бахти кулган бу самимий инсон турмуш ўртоғи Уллибиби опа билан саккиз нафар фарзандни тарбиялаб, вояга етказдилар. Ҳозирда меҳнатсевар, дилкаш бу инсон неваралар қуршовида. Улардан куч олиб, янада самарали ижод қилмоқдалар.

М.ҚУРБОНБОЕВА

Яна ўқинг:  Энди патронаж ҳамширага йўл ҳақи тўланади

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: