Саломатлик ва инсонпарварлик карвони

“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди “Ўзбекистон темир йўллари” ДАК ҳамкорлигида Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларининг чекка, тоғли ва экологик жиҳатдан ноқулай ҳудудларида истиқомат қилаётган ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларини малакали тиббий хизмат билан қамраб олиш мақсадида ташкил этилган “Саломатлик” поезди ҳафталик фаолиятини якунлаб пойтахтга қайтиб келди.

Меҳр-мурувват, саховат халқимизнинг юксак инсоний фазилатларидир. Жисму жонимизга сингган азалий қадриятларимизда ҳам у ўз аксини топган. Ҳамиша ҳамжиҳат эл топса ҳовучида, йўқса ширин каломи билан бир-бирининг дардини енгил, эҳтиёжини бартараф этади.

Юртимизда аҳоли саломатлигини сақлаш, ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини муҳофаза қилиш, ёш авлоднинг бенуқсон дунёга келиши ва баркамол вояга етиши борасида амалга оширилаётган ишлар, давлатимиз томонидан кўрсатилаётган бемисл ғамхўрлик халқимиз эзгу анъаналарининг озод ва обод Ватан қуёши каби ойдин нур ва илиқлик бахш этиб турганидан далолатдир.

Мамлакатимизнинг жанубий воҳаси – Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятлари томон йўл олган саломатлик ва эзгулик карвонининг мақсад-муддаоси ҳам эл саломатлига камарбаста бўлишдир.

Тошкент – Сурхондарё (Сариосиё-Қумқўрғон-Бойсун-Дарбанд) – Қашқадарё (Оқработ-Деҳқонобод) – Тошкент йўналишида ташкил этилган “Саломатлик” поезди фаолияти давомида 1 минг 669 нафар аҳоли малакали тиббий кўрик билан қамраб олинди. Тиббий кўрик “Ўзбекистон темир йўллари” давлат акциядорлик компаниясининг “Саломатлик тиббий-санитария ёрдам поезди” шифокорлари, фонднинг Сурхондарё ва Қашқадарё вилояти филиаллари тиббий-ижтимоий патронаж бригадалари мутахассислари, шунингдек, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаларининг малакали шифокорлари томонидан амалга оширилди. Хасталик аниқланган беморларга амбулатор ва стационар шароитда даволаниш тавсия этилди.

Аҳолига малакали мутахассислар томонидан тиббий ёрдам кўрсатишда замонавий тиббий асбоб-ускуналар ёрдамида текширувларни ўтказиш катта аҳамият касб этади. Шу боис тиббий кўрик давомида аниқ лаборатория таҳлилларига ва замонавий текшириш усулларига таянган ҳолда ташҳислар қўйилди. Жумладан, 414 нафар аҳолига флюрография, 488 нафар аҳолига ЭКГ текшируви, 599 нафар аҳолига УТТ текшируви ва 709 нафар аҳолига лаборатория текширувлари (қон ва пешоб умумий таҳлили, суртмаларнинг таҳлили, эритроцит, лейкоцит, ЭЧТ (эритроцитларнинг чўкиш тезлиги) текширувлари ва қондаги гемоглобин миқдорини аниқлаш) ўтказилди.

Тиббий кўрик билан қамраб олинган 1669 нафар аҳолидан 571 нафарини хотин-қизлар ташкил этади. Мазкур хотин-қизларнинг 478 нафари туғиш ёшидаги аёллардир. Табдир давомида 534 нафар бола ҳам чуқур тиббий кўрикдан ўтказилди.

Яна ўқинг:  Ёш тадбиркорлар сафи кенгаймоқда

Тиббий кўрикдан ўтказилган аҳолида турли хасталиклар: юрак-қон томир тизими, овқат ҳазм қилиш, камқонликнинг турли даражалари, эндокрин тизими касалликлари аниқланди.

“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди мутахассислари “Саломатлик” поезди фаолияти доирасида хайрия акцияларини ташкил этди. Тадбир давомида юртимизнинг жанубий вилоятларида жойлашган “Меҳрибонлик”, “Мурувват”, “Саховат” уйлари, махсус мактаб-интернатлари, сил касалликлари шифохоналарига витаминлар билан бойитилган қуритилган сабзавот шўрваларини тақдим этди.

Бундан ташқари, ҳудудларда истиқомат қилаётган ногиронлар, боқувчисини йўқотган ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар ҳолидан манзилли хабар олинди. Уларга озиқ-овқат, кийим-кечак, уй-рўзғор буюмларидан иборат инсонпарварлик юклари етказиб берилди.

– Дарвозамиздан ҳатлаб хонадонимизга меҳмон келганидан кўнглим тоғдек кўтарилди, – дейди Узун шаҳарчасида истиқомат қилувчи Раҳима опа Ҳамидова. – Тақдирнинг мукофотини қарангки, қизим Меҳринисо иккинчи ҳомиладорлигида уч нафар эгизак фарзандлар – Ҳасан, Ҳусан, Зуҳрахонларни дунёга келтириб, Соғлом бола йилида бахтиёр оналикни бошидан кечирмоқда. Аммо, уч нафар норасидани парвариш қилиш, вояга етказиш кучли эътибор, онадан эса қувват талаб қилади. “Саломатлик” поезди мутахассислари турли совғалар билан бизни йўқлаб келиши ғамхўр ҳукуматимизнинг аҳолига, айниқса, келажагимиз бўлган болаларга юксак эътиборидир.

…Баъзан жисмимизда оғриқ сезсак, ҳаётимиздан мазмун кўчгандек бўлади, ҳаловатимиз йўқолади. Ҳаёт гаштини суриб юрганда тўрт мучасига дарз кетса-ю, юриб турган оёғи қадам ташлашдан қолса, дунё кўзга қоронғи кўриниши табиий. Қумқўрғонлик Акмалжон тенгдошлари билан яйраб коллежда ўқиб юрган кезларида кутилмаганда дард унинг оёқларига зарб берди. Ўқитувчилари, қўшнилари, барчанинг унга ҳаваси келар эди. Акмал доимо етакчи эди. Лекин у руҳан енгилмади, ҳозир ҳам уйда соғлом ҳаёт учун курашади. Китоб ўқийди, компьютерни мукаммал ўрганади, интернетда дўстлар орттиради. Математика унинг жону дили, келажагини банк соҳаси билан боғламоқчи. Акмалнинг ҳам энди оғири бироз енгил бўлди, “Соғлом авлод учун” фонди томонидан унга ногиронлик аравачаси берилди.

“Саломатлик” поезди манзил топган станциялар доимо аҳоли билан гавжум бўлди. Марказий Осиёда ягона ўзига хос бичим ва қулайликда ишланган, замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозланган поликлиника вагонларида фидойи шифокорлар аҳолини тиббий кўрикдан ўтказиш билан бирга соғлом турмуш тарзи борасида ҳам суҳбатлар ўтказди. Фонднинг вилоят филиали тиббий-ижтимоий патронаж бригадалари мутахассислари томонидан ҳудудларда истиқомат қилувчи 1670 нафар аҳолига дори-дармон, кийим-кечак, пойабзал, уй-рўзғор буюмлари ва санитария-гигиена воситалари бепул тарқатилди.

Яна ўқинг:  Юртимиз нозу неъматлари – дармондорилар хазинаси

– Мамлакатимизда халқимизнинг саломатлигини сақлаш, фаровон турмуш кечириши борасида бебаҳо ишлар амалга оширилаётганининг ҳар дақиқа гувоҳи бўлиб турибмиз, – дейди Деҳқонобод тумани, “Оқработ” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Дўстмамат Янгибоев. – Бир пайтлар бу тоғу тошлар орасида ночор турмуш кечириб юрган тоғликлар бугун улкан бунёдкорлик ишларидан баҳраманд элга айланди. Тошгузар – Қумқўрғон темир йўлининг ишга туширилиши, туманимиз ҳудудида дунёда етакчи заводларнинг барпо этилиши юзлаб ёшларнинг иш билан таъминланиши, ҳаётининг фаровон бўлишига замин яратди. Аҳоли саломатлигини асраш борасида “Саломатлик” поездларининг ташкил этилиши ҳам қишлоқдошларимизни чексиз қувонтирди.

Улуғларимиз дуога қўл очганда, аввало, саломатликни, юртга тинчлик ва осойишталикни сўрайди. Албатта, жисму жони, руҳи саломат инсон ҳаётдан завқланиб яшайди, мустаҳкам ирода билан турмуш ташвишларига барҳам бериб, орзуларининг рўёбга чиқиши учун интилади, изланади. Эл-юрт корига ярайди. Ўз саломатлигига лоқайд киши эса ўзининг, оиласи ва фарзандларининг, юртининг бугуни ва эртаси учун даҳлдорлик ҳис қилмайди.

Жонажон юртимизда соғлом ҳаёт кечириш, бахтиёр турмуш бунёд этиш учун кенг имкониятлар мавжуд. Зеро, бу юртда инсон қадри азиз!

“Саломатлик” карвони эса дилларга эзгулик улашиб юраверсин…

Фахриддин Ҳайитов,

муаллиф олган суратлар

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: