Миллий халқ ўйинлари ёш авлод камолотида муҳим восита
Наврўз байрамининг ўзига хос жиҳатларидан бири бу – миллий ўйинларга кенг ўрин берилганидир.
Қадимдан бутун Шарқ, шу жумладан, Марказий Осиё халқлари орасида кенг тарқалган кураш, от ўйини, ёғоч ўйини, кўпкари, пойга, узоққа тош отиш, чиллак зувиллатар, ошиқ соққа, бекинмачоқ, қулоқ чўзма, бўри-бўри, дўппи отиш, ланка, ҳаккалама-дуккалама, сочпопук, арқон тортиш, лой-лой, парсилдоқ, оқ теракми, кўк терак, кўчат экди, эшак минди каби халқ ўйинларининг ҳар бири ахлоқ-одоб, жисмоний чиниқиш, камолот бобида ибратли воситалардандир. Қишнинг аёзли, қор-ёмғирли кунларидан сўнг ҳавонинг исиши, кўм-кўк майсазорлар болаларнинг эркин ўйинлар, жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланиши учун айни палла ҳисобланади.
Биринчидан, мазкур ўйинлар очиқ ҳавода, кенг майдонда ўтказилган. Иккинчидан, бу каби ўйинларда чаққонлик, эпчиллик, тезкорлик, зукколик, бардошлилик, кучлиликка ҳар қачонгидан-да катта эътибор қаратилган. Учинчидан эса халқ ўйинларида ҳайвонот дунёси, ўсимликлар олами ҳамда табиат саховатига алоҳида аҳамият қаратилган.
Ўйинларни ташкил этиш жой билан боғлиқ. Масалан, уларнинг кўпчилигини шаҳар муҳитида ўйнаб бўлмайди. Шу боис, ҳар бир ҳудуд ўз имконияти, турмуш тарзи, шарт-шароитларидан келиб чиқиб, болалар ўйинларини ташкил қилишда ташаббускорлик кўрсатишлари керак. Айтайлик, қишлоқда Наврўз тантаналари бошланди. Сумалак учун тараддуд кўрилмоқда. Жой танлаб, ўчоқ қазиш-у ўтин ёришдан бошлаб, Наврўз тантаналари якунлангунча болалар ўйинлари, жисмоний қобилият машқлари ва ақлий баҳслар ажойиб бир кўтаринки, байрамона руҳда давом этади.
Ўчоқ қазиш, ўтин тайёрлаш шартлари билан ёшларнинг эпчиллиги, куч-қуввати, зарб маҳорати синовдан ўтказилади. Ёки қозон атрофида бўш турган болага “Эшмат, Тошмат билан бир курашга туш-чи”, дея уларнинг полвонлиги синалади. Қулоқчўзма учун танга ташланади. Шу тарзда кураш-курашга, беллашув-беллашувга, ўйин-кулги хурсандчиликка уланиб кетади. Қийқириқлар, ҳаяжонлар, олқишлар…
Ҳар бир ўйин ёки жисмоний баҳсда, албатта, инсон камолоти, соғлом ўсиши учун тинимсиз машқ қилиш лозимлиги уқтирилади.
Бир сўз билан айтганда, тўй-тантаналар, байрамларда асрлар давомида ўтказиб келинаётган халқ ўйинлари қадриятларимизнинг ажралмас қисми сифатида миллий анъаналаримизга ўзига хос жило, ранг-баранглик бахш этади.
Абдиолим ЭРГАШЕВ,
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси