Бош мия қон томир касалликлари: наслий мойиллик мавжудми?

Сўнгги йилларда ишемик инсульт хавфи муаммоси барчанинг эътиборини жалб қилмоқда. Бу эса ҳозирги пайтда фармакология, клиник текширувлар, касалликнинг бирламчи ва иккиламчи профилактикалари ривожланганлигига қарамай кўпгина давлатларда ўлимнинг ва ногиронликнинг 2 қисми учун асосий сабаб бўлиб қолаётганлиги билан характерланади.

Цереброваскуляр (бош мияда қон айланишининг ўткир бузилиши) касалликларни кундан-кунга ёшариб боришини ҳисобга олсак бу муаммонинг нақадар долзарблигини тушуниш мумкин. Дунё бўйлаб бир йилда 6 млн. аҳоли бош мия инсульти касаллиги билан хасталанади. Шуниси аянчлики, бу беморларнинг 20 фоизигина фаол ҳаётга қайтади.

Ушбу касалликлар замонавий тиббиётнинг долзарб муаммоларидан бири ҳисобланади. Бутун дунё соғлиқни сақлаш ташкилотининг хабарига қараганда, бу касаллик барча мамлакатларда жуда кенг тарқалган. Чунки ушбу хасталикнинг асорати сабабли 30-35 фоиз беморлар ногирон бўлиб қолади. Ҳозирги вақтда бу масала фақат тиббиёт муаммоси бўлиб қолмай, балки ижтимоий вазифалардан биридир.

Ўткир бош мия қон айланишининг бузилиши – бу ўчоқли ва умумий мия белгилари, менингиал ёки бу белгиларнинг биргаликда кечиши билан ифодаланувчи, қон томир ўзгаришлари таъсирида юзага келувчи миянинг зарарланишидир. Бемордаги неврологик нуқсонларнинг қанча вақт сақланиб қолишига қараб ўтиб кетувчи мия қон айланишининг бузилиши ва инсультлар тафовут этилади. Тез-тез руҳий зўриқиш, кам ҳаракатлилик, чекиш, тана вазнининг ортиқча бўлиши, қандли диабет, артериал гипертензия, дислипопротеинемия, юрак қон-томир тизими касалликларига ирсий мойиллик бор беморлар бу хасталик эҳтимоллиги юқори бўлган беморлар ҳисобланади.

Хасталикнинг ишемик тури бош миянинг кислородга ва энергетик субстратларга бўлган эҳтиёжини, мияга келаётган қонни таъминлай олмаслиги ва ундаги қон айланишини бирдан ёмонлашиши натижасида юзага келади. Ўткир бош мия қон айланишининг бузилиши геморрагик тури асосида эса мия қон томирлари девори бутунлиги бузилиши натижасида мия тўқимасига, мия қоринчаларига, мия пардалари остига қон қуйилиши ётади.

Бош мия қон томир касалликларини келиб чиқиши сабабларини ўрганиш натижасида бир қанча хавфли омиллари борлиги аниқланди:

1. Беморлар ёши

Касаллик ривожланишида муҳим ўрин тутади, ёш ўтган сари касалликнинг ривожланиш хавфи ортиб боради. Хасталик асосан аҳолининг ёши ўтган ва кекса ёшдаги қисми учун хавф туғдирсада, лекин кишилар ёши ортган сари ҳар 10 йилликда цереброваскуляр касалликларнинг ривожланиш хавфи икки баробар ортади. Мисол учун аҳоли сонига нисбатан 0-14 ёшда 1:30000, 35 – 44 ёшдагилар гуруҳида 1: 5000, 65 – 74 ёшда 1:100, 75 – 84 ёшда 1:50та, 84 ёш ва ундан юқорида 1: 30 ни ташкил қилади. Шуни таъкидлаб ўтиш керакки, ёши ўтган ва кекса кишиларда бош мия қон-томир тизими ва липид алмашинуви бузилиши атеросклероз патологияси келиб чиқиши билан бир-бирига ўзаро боғлиқдир. Атеросклероз ривожланиши эса ўз навбатида гипертензияга олиб келади.

Яна ўқинг:  Болалар тагликлари фарзанд учун фойдалими ёки...

2. Наслий мойиллик

Хафақон ва атеросклероз хасталигини келиб чиқишига наслий мойиллик замин ҳозирлайди.

3. Атеросклероз

Дунёнинг ривожланган мамлакатларида кишилар ўлимининг ва ногиронлигининг асосий сабабчиси ҳисобланади. Организмдаги барча аъзоларни ишемиясида, айниқса марказий асаб тизими ва юрак қон-томир тизими соҳаларида кечувчи касалликларда йирик ва ўрта калибрдаги артериал қон-томирларнинг зарарланиши асосий ўрин тутади. Бунда артериал қон томирларнинг силлиқ мушак ҳужайраларидан ташкил топган ички қаватига липид (ёғлар)нинг ўрнашиши натижасида қон-томирлар бўшлиғининг торайиши келиб чиқади. Қон-томирнинг бирламчи зарарланган соҳасида атеросклероз дўмбоқчаси (бляшка)си ривожланади. Атеросклерознинг клиник кўриниши қайси аъзо қон-томирлари жароҳатланганлигига ва унинг характерига боғлиқдир. Мисол учун: коронар (тож томирлар) атеросклероз (коронар томирлар зарарланиши натижасида юракнинг қон билан таъминланиши бузилади) – стенокардия ёки миокард инфаркти сабабчиси, церебрал артериялар зарарланиши бош мия инсульти сабабчиси бўлиши мумкин Буйрак артериялари атеросклерози артериал гипертония келиб чиқишида муҳим омил бўлиши билан бир пайтда унинг ўзи атеросклероз учун хавф омили бўлиб ҳисобланади. Атеросклероз тўлқинсимон кечиш хусусиятига эга. Атеросклероз бляшкалари бир неча йиллар ёки бир неча 10 йиллар мобайнида ривожланиши мумкин. Атеросклероз артерияларни зарарлаши ҳар хил бўлиб, одатда атеросклеротик бляшкалар қон-томир бўшлиғида стеноз (торайиш) келтириб чиқариши билан қоннинг оқиш тезлигини чегаралайди ёки бўлмаса қон-томир бўшлиғини кенгайтирган ҳолда томирлар аневризма (томир деворининг чўзилиши ва бўртиб чиқиши натижасида қон томир ёки юракнинг чегараланган кенгайиши)ни ҳам келтириб чиқариши мумкин. Бу ҳолат мисол учун аорта қон томири учун хосдир. Чунки бу ерда аневризманинг ёрилиши ёки бўлмаса кенгайиши стеноз ва окклюзияга нисбатан кўп учрайди.

4. Кам ҳаракатлик – турли юрак томир хасталиклари сабабчиси бўлиши мумкин.

5. Нотўғри овқатланиш

Нотўғри овкатланиш хафақон (гипертония) ва атеросклероз хасталиги сабабчиси бўлиши мумкин. Япониялик олимлар текширув натижасида оқланган гуручни ва ош тузини меъёрдан кўп истеъмол қилиш хафақон ва мияга қон қуйилиши хасталигини келиб чиқишида сабабчи бўлади, деган фикрга келдилар.

6. Тамаки чекиш

Тамаки қонни қуюлтиради. Натижада чекиш инсульт ривожланиш хавфини икки маротаба оширади. Уйқу ва коронар артериаларда атеросклероз ривожланиш жараёнини тезлаштиради. Чекишни тўхтатган кишиларда 2-4 йилдан сўнгина инсульт келиб чиқиш хавфи камайиши мумкин.

Яна ўқинг:  Savol bering, javob beramiz (2013-31)

7. Психо-эмоционал (руҳий ҳис-ҳаяжон) омили

Тошкентда ер қимирлаш даврида Ф.Аблялитов ўтказган текширувда беморларнинг гоместаз (физиологияда одам ички муҳитининг турғунлиги) ҳолати бошқарувини тўсатдан бузилиши бош мия қон айланиши ўткир бузилишига, айниқса, ўткинчи бузилишига олиб келишини кўрсатди.

8. Хафақон касаллиги

Бу бирламчи (эссенциал гипертензия) ёки иккиламчи систолик ёки диастолик артериал қон босимининг ошишидир.

Гипертония касаллиги ҳам геморрагик, ҳам ишемик инсультларнинг асосий хавф омилларидан ҳисобланади. Текширишлар шуни кўрсатадики, артериал қон босимининг 50 мм.симоб устунига ошиши инсульт келиб чиқиш хавфини 1/3 маротаба оширади. Қон босимининг 90 мм. симоб устунидан ошиши инсульт хавфини бирдан оширади. Қон босими 160/95 мм. симоб устуни бўлган беморларда инсульт келиб чиқиш хавфи меъёрий қон босимида юрувчи кишиларга нисбатан 4 маротаба юқоридир. 200/115 мм. симоб устуни қон босими билан юрувчи беморларда эса 10 маротаба юқори бўлиши кузатилган. Артериал гипертония мияда ўчоқли ва диффуз ўзгаришлар келтириб чиқариши билан кечади.

Ўчоқли ўзгаришлар – артериал босим ошганда (қайта гипертоник криз кузатилганда ҳам); томир девори миоцит(бир ядроли мушак ҳужайраси)лари некрози (чириши), плазморрагия ва унинг фибриноид некрози кузатилади. Бу эса аневризмалар ривожланишига, бунинг оқибатида эса мияга қон қуйилиш ҳолатларини келтириб чиқаради. Шу билан бирга деворлар букиши, артериолалар бўшлиғи торайиши ёки беркилиши миянинг лакунар инфаркти ривожланишига сабаб бўлади.

Бош мия қон айланиши ўткир бузилиши гипертоник криз церебрал варианти асорати ҳисобланади ва гипертоник энцефалопатия (бош мия тўқимасида дистрофик ўзгаришлар юзага келиши билан ўтадиган касалликлар) ўткинчи бош мия қон айланиши бузилиши, геморрагик ёки ишемик инсульт кўринишида намоён бўлади.

Гипертоник криз деб артериал босимнинг индивидуал (ўзига хос) қон босимига нисбатан кескин кўтарилиши, гипертония белгилари чуқур намоён бўлиши ёки қўшимча белгилар пайдо бўлиши билан кечувчи ҳолатга айтилади.

9. Ташқи муҳитнинг-экологиянинг таъсири

10. Юқумли касалликлар ва заҳарланишлар

Инфекцион-аллергик энцефалитлар, заҳм, орттирилган иммунитет танқислиги синдроми (ОИТС).

11. Қандли диабет

Қандли диабет (баъзан бош мия инфаркти билан асоратланади). Ушбу ҳолатда липид (ёғ) алмашинувини бузилиши, артериал гипертензия, атеросклероз асосий омил ҳисобланади. Қандли диабет билан хасталанган беморларнинг гипогликемик препаратларини қабул қилиши инсульт ривожланиш хавфини камайтирмайди.

Яна ўқинг:  Спорт гимнастикаси: саломатлик учун фойдали

12. Гиперхолестеринемия – қонда холестерин миқдорининг ортиқча бўлиши.

13. Юрак қоринчаси олди фибриляцияси (айрим мушак толаларининг тез қисқариши)

14. Орал (оғиз орқали) контрацептив воситалар – (ҳомиладорликнинг олдини олувчи)ни қабул қилиш.

15. Менопаузада гормон ўрнини босувчи терапия

16. Алкаголни меъёрдан ортиқ истеъмол қилиш.

Қон-томирларда қон айланиш тезлигини секинлаштиради. Натижада мия ҳужайраларини доимий О2кислород танқислигига олиб келади. Бунинг натижасида хотира пасайиши каби белгилар келиб чиқади. Алкоголь томирларда склеротик ўзгаришлар эрта бошланишига сабабчи бўлади ва қон қўйилиш хавфини оширади.

17. Гемодинамик омиллар

Миокард инфарктидан сўнгги артериал босимнинг пасайиши, юрак ритмининг бузилишлари, қон кетишлари, ортостатик гипотензия, ятроген (шифокор ёки бошқа тиббиёт ходимларининг ноўрин гаплари ва хатти-ҳаракаталрининг бемор руҳиятига таъсиридан келиб чиқадиган касалликлар) таъсирлар ва бошқалар.

Кўрсатилган омилларнинг бир нечтаси бир беморда бўлиши бош мия томир касаллигини келиб чиқишини тезлаштиради.

Юқорида айтилган омиллар таъсири натиждасида бош мия қон томир касалликлари ривожланади.

Хулоса ўрнида шуни айтиш жоизки, соғлом турмуш тарзи, мева-сабзавотлар, кўкатлар, сут-қатиқ маҳсулотларини кўп истеъмол қилиш, спорт билан шуғулланиб фаол ҳаёт кечириш, очиқ ҳавода сайр – узоқ умр гаровидир.

А. МАМАДАЛИЕВ, Н. РАҲМАТУЛЛАЕВА, О. БЎСТОНОВ,

Андижон давлат тиббиёт институти

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: