Кулги санъати

Қишлоқнинг эски гузари яна жонланди. Бу ерга кайвони отахонлару, эркаклар йиғилишади. Совуқ қишнинг заҳри чекинган илиқ баҳор кунларида дийдорга етказганига шукрлар айтиб, дўсту биродарлар бир-бирига ҳазил ила сўз қотишади.

Кимнингдир ҳангомаси даврада енгил кулгига сабаб бўлади. Яна кимнингдир ҳазили тагида эса бироз “зили” бор.

Ўзбек халқ оғзаки ижодининг оммалашган жанри аскиядир. Ўтмишда аждодларимиз бозорларда, чойхоналарда, тўй-ҳашам ва маҳалла гузарларида йиғилганда ҳазил-мутойиба билан даврани қизитганлар. Ўзбек қизиқчилик санъати мактабининг тарихи жуда узоққа бориб тақалиши ҳам шундан аслида. Бу ҳақда ҳаттоки, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Хондамирлар ҳам ўз асарларида маълумотлар беришган.

Шуниси эътиборлики, аския жаҳондаги бирор бир халқ оғзаки ижодида учрамайди. Бошқа элларда бу жанрнинг йўқлигини эса, асосан, ўзбек тилидаги сўз бойлиги билан изоҳлаш ўринлидир.

 

Шу сабабли бўлса керак ЮНEСКOнинг 2014 йил 27 нoябрда Пaриждaги тўққизинчи сeссиясидa ўзбeк aския санъати инсoниятнинг нoмoддий мaдaний мeрoси рўйxaтигa киритилган.

Аския ижрочидан юксак билим ва кўникма талаб этади, – дейди таниқли сўз устаси Валижон Шамсиев. – Шу боис, аския пайтида кимдир кулади, кимдир гап нима ҳақида бораётганини англай олмайди. Бу жанрнинг бош мақсади сўз ўйини орқали кулги ҳосил қилишдир. Бирор бир соҳани аския қилишдан аввал, уни чуқур ўрганиш лозим. Агар рақибнинг билими етарли бўлмай, айтилган гапга тезкорлик билан керакли жавобни қайтара олмас экан, у ҳолда мағлуб бўлган ҳисобланади.

Дарҳақиқат, аскиячилар мавзу доирасидан четга чиқмайдилар. Унда анъанавий пайровлар бўлмиш “Ўхшатдим”, “Бўласизми?”, “Гулмисиз, райҳонмисиз?”, “Бедана”, “Хавсана”, “Қофия”, “Билганлар, билмаганлар”, замонавий мавзулар “Пахта”, “Оила”, “Кино”, “Дорбозлик”, “Ашула”, “Футбол” ва ҳоказолар ўрин олган.

Аскиячининг маҳорати, аввало, тингловчилар олдида намоён бўлади. Бу жанр бадиий адабиётнинг драма йўналишига мансуб. Бинобарин, аскияни ўтказиш баҳоси, унинг ёзма матни билан эмас, жонли ижроси билан белгиланади. Шунинг учун ушбу жанр ҳақида фикр юритганда, аскиячиларнинг мавзуни тўғри танлагани, уни изчил равишда мантиқий якунига етказа олгани, бадиҳагўйлик маҳоратини қай даражада ишга солгани, тингловчиларнинг мақтовига сазовор бўлгани билан баҳолаш маъқул ҳисобланади.

– Ўзбек аскиячилик санъати ҳақида гап кетганда Юсуфжон қизиқ Шакаржонов, Муҳиддин қизиқ Дарвешов, Охунжон қизиқ, Абдулҳай Махсумларни эслаб ўтиш ўринли, – дейди В. Шамсиев. – Табиатан жуда юксак иқтидор эгаси бўлган бу инсонлар халқ ичиданги гаплар билан одамлар юзига табассум улаша олганлар. Хусусан, Муҳиддин қизиқнинг латифалари шунчаки кулиш учун эмас, балки ҳаётдаги муаммоларни қамраб олганлиги билан ҳам аҳамиятли ва эътиборга моликдир. Назаримда бу анъанани яна давом эттириш лозим.

Яна ўқинг:  Паралимпиячиларимиз шоҳсупада

Дарҳақиқат, аския аждодлардан авлодларга ўтиб келаётган бой мерос. У бизнинг хотираларимизда ёки китоб зарварақларида қолиб кетиши керак эмас.

 

Майна ҲАСАНОВА,

“Sog‘lom avlod” мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: