Буюкларга бешик бўлган юрт
Президентимиз Ислом Каримовнинг 2014 йил 1 апрелдаги фармойишига мувофиқ, бугун Самарқанд шаҳрида “Ўрта асрлар Шарқ алломалари ва мутафаккирларининг тарихий мероси, унинг замонавий цивилизация ривожидаги роли ва аҳамияти” мавзусида халқаро конференция очилади.
Ўрта асрларда яшаб ижод қилган Шарқ алломаларининг илмий-тарихий меросини чуқур ўрганиш ва аҳамиятини англаб етиш, жаҳон тараққиётига қўшган бебаҳо ҳиссасини дунё ва маҳаллий жамоатчиликка етказиш, илмий марказлар ва етакчи олимларнинг бу борадаги ҳамкорлигини кенгайтириш мақсадида ташкил этилаётган анжуманда элликка яқин мамлакатдан олимлар, нуфузли халқаро ташкилотлар, илмий марказлар вакиллари қатнашади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов ва ҳукуматимизнинг алоҳида эътибори туфайли мустақиллик йилларида Самарқанд шаҳри тараққиёти тарихида янги саҳифа очилди. Истиқлол Самарқанд тимсолида ўзбек халқи ўзининг буюк алломалари тарихий меросини қайтадан англаш, миллий ғурур, ўз маданияти ва анъаналари, тили ҳамда маънавиятини қайта тиклаш имкониятига эга бўлди.
Дунёнинг энг қадимий шаҳарлари ва йирик маданият марказлари ҳисобланган Рим, Афина, Фива, Бобил тенгдоши сифатида 2007 йилда Самарқанд шаҳри ўзининг 2750 йиллик юбилейини нишонлади.
Самарқанд қулай географик ўрни, бетакрор табиати, гўзаллиги, дунё илм-фанига қўшаётган улкан ҳиссаси билан қадим ўтмишдан жаҳон миқёсидаги халқлар ва маданиятларни бир-бири билан боғловчи муҳим марказ сифатида шуҳрат топган. Мазкур шаҳарда яна бир йирик халқаро анжуманнинг ўтказилиши Ўзбекистоннинг бой тарих ва улкан маданий меросига дунё илм-фани жамоатчилигининг юксак нигоҳ билан боқаётганидан далолатдир.
Қадимий ва ҳамиша навқирон Самарқандда конференцияни юқори савияда ташкил этиш ва ўтказиш бўйича қатор чора-тадбирлар амалга оширилди. Мувофиқлаштирувчи штаб шакллантирилиб, зарурий техник воситалар билан таъминланди. Алишер Навоий номидаги Самарқанд давлат университетида ўрта асрлар Шарқ алломалари ва мутафаккирлари тарихий мероси, уларнинг ижоди ва ютуқлари тўғрисида ахборотнома, қўлланма тайёрланди. “Регистон Плаза” меҳмонхонасида матбуот маркази фаолияти йўлга қўйилди.
Анжуманга тайёргарлик жараёнида меҳмонларни кутиб олиш, уларни транспорт воситалари билан таъминлаш, меҳмонхоналарга жойлаштириш, гид-таржимонлик хизматлари кўрсатиш, тарихий обидалар, замонавий иншоотлар ва бошқа масканларга саёҳат уюштириш бўйича зарур чора-тадбирлар кўрилди. Конференция иштирокчилари учун замонавий автобус ва микроавтобуслар ажратилиб, уларнинг техник ҳолати кўрикдан ўтказилди. Анжуман қатнашчилари “Регистон Плаза”, “Ориент Стар Кўксарой”, “Регал палас”, “Регистон” каби меҳмонхоналарда жойлашган. Самарқанд давлат чет тиллар институти профессор-ўқитувчилари ва талабаларидан иборат гид-экскурсовод ва таржимонлар танланган. Конференция иштирокчилари ва хорижлик меҳмонларга ҳамроҳлик қилувчи гуруҳлар иш бошлади.
Самарқанд шаҳар ҳокимлигидан олинган маълумотларга кўра, Самарқанд халқаро аэропорти, темирйўл вокзали ва улар атрофини ободонлаштириш ҳамда тантанали тадбирга мос безатиш ишлари олиб борилди. Шаҳар кўчалари, йирик бино ва иншоотлар, тарихий обидаларни тунги замонавий иллюминация воситалари билан ёритиш бўйича зарур чора-тадбирлар кўрилган.
Ўз мухбиримиз