Аёл қачон бахтли бўлади?

Биз одатда опа-сингилларимизнинг турли соҳалар ривожига қўшаётган катта ҳиссасини тан олиш, уларнинг ҳаётимиздаги ўрни ва ролини ошириш, ҳам сиёсий, ҳам ижтимоий нуфузини кўтариш, оғирини енгил қилиш ҳақида кўп гапирамиз. Лекин мен бу масаланинг бошқа томонига эътибор беришни истардим.

Қачон оила бахтли бўлади? Қачонки, аёл бахтли бўлса.

Қачон аёл бахтли бўлади? Авваламбор, унинг болалари, оила аъзолари, турмуш ўртоғи соғ-омон бўлса.

Қачон аёл ҳаётдан рози бўлади? Қачонки, оиласи тинч, рўзғори фаровон бўлса, эртанги кундан кўнгли тўқ бўлса.

Ислом КАРИМОВ

Бобоқуёш уфқдан заррин нурларини сочмоқда. Қалдирғочлар симёғочларни туташтириб турган узун симларга тизилишган. Сўри устида соч ўрими сингари бир текис таралган узум новдалари узра ёйилган баргларни элас-элас тебратаётган шаббода мисол оҳиста юриб келаётган аёлнинг қўлида тандирдан эндигина узилган бир даста иссиқ нон. Олов тафтидан бўлса керак икки юзи қирмизи ранг тортган. Лабидаги майин табассуми, меҳр тўла қалби билан сўридаги дастурхон атрофида ўтирган турмуш ўртоғи ва фарзандлари даврасига келиб қўшилади. Чинни чойнакдан қуйилган чойни минг бир илтифот билан дастлаб турмуш ўртоғига, сўнгра ўғил-қизларига узатади. Унинг сўзи ширин, табассуми жозибали, кўзларида акс этган қувонч нурлари оила аъзоларининг қалбига кўчади.

Мунис аёл сўри устидаги шу мўъжазгина оила аталмиш бебаҳо неъматнинг илк саҳарданоқ жамулжамлигини таъминлаб, аҳил-иноқлигига тиргак бўлади. Ана шу саодат онлари унинг бахту иқболимикан?!

Хўш, аёл қачон бахтли бўлади?

Ўктам Мирзаёров,

“Ҳуррият” газетаси бош муҳаррири:

Бахт – жуда кенг тушунча. У умумий нуқтаи назардан қаралса, киши эҳтиёжининг ҳар томонлама қониқиши билан боғлиқдир. Эҳтиёж эса чегарасиз. Демак, бахт умр бўйи изланилади. Ҳамма гап, инсон уни ўз вақтида таниб олишида. Аксарият ҳолларда кўпчилик бирор бир оғирроқ ҳолатга тушиб қолганида: “Вой, бир пайтлар қандай бахтли эканман-а”, деб андуҳ чекади. Аммо энди кеч. Қўлингиздан кабутар учиб кетса, у қайтиб қўнар, аммо кетган бахтчи?! Шундай экан, ҳар бир кунимизга зийракроқ боқайлик. Бахт ўзимиз билан. Айниқса, аёлларимиздан бахтлироқ инсон йўқ. У аёл сифатида ардоқланади. Она бўлиб қадрланади. Ижтимоий шахс сифатида ҳурмат-эътиборга сазовор. Турмушимизга бир назар ташлайлик: Аёл – устоз, шифокор, депутат, сенатор, тадбиркор… Ҳа, бу рўйхатни узоқ давом эттириш мумкин. Оиламиздан тортиб, маҳалла-кўйнинг, мамлакатимизнинг таянчи – Аёл! Уларсиз бирор ишимиз битмайди. Ҳамиша ёнимизда, ардоғимизда! Аёл киши мана шуларни сезиб, ғурурланиб, руҳланиб яшаса, ундан бахтлироқ одам бўлмайди.

Яна ўқинг:  Mustahkam oila

Алоҳида қайд этишни истардимки, аёл киши ўзлигини қадрлаб яшаши лозим. Қўлидаги, бағридаги бахти – инон-ихтиёрига эгалик қилиши, ўзига, оиласига, маҳалласига, ватанига садоқати уни бахт кўшкига элтишини унутмаслиги керак. Инсон атрофидагиларнинг эътиборидан қолса, ўзини ҳеч кимга кераксиздай сезади. Ҳамма гап ана шу меҳр-эътиборда. Ўзбек аёллари эса доимо эътиборимизда. Уларга ҳамиша жилмайиб қарашимизнинг боиси шу. Шу ўринда бир воқеани ҳикоя қилгим келди.

Самарқандда, ижодий сафарда эдик. Санъат аҳли, ёзувчилар, олимлар… Учрашувлардан қайтгач, кечки овқатни бирга тановул қиламиз. Биз ўтирган дастурхон атрофига германиялик сайёҳлар жуфтлиги келиб қўшилди. Ҳамроҳларимдан бири немис тилида бемалол мулоқот қиларди. Суҳбат қизиб кетди. Сайёҳлар ҳайрон. “Одамлар Ўзбекистонда хорижий тилларни яхши билишар экан, гидимиз ҳам уч-тўрт тилни биларкан”, – деди ўз таассуротлари билан бўлишиб, немис аёли. Биз ундан юртимизда яна нималар диққатингизни тортди деб сўрадик. “Аёллари” деди у ва қўшни стол атрофида нонушта қилаётган икки дугонага имо қилди. “Худди рассом чизгандек, қошларига қаранг, барваста, кўзларига қаранг, чўғдек, кийимлари ҳам ўзларига ярашиқли” Шундагина таққослаш учун немис аёлининг юзига боқдим. Қоши ҳам, сочи ҳам малларанг экан. Киприкларигача. Шу пайт “қўшниларимиз” ўзларига чой олиб келиш учун ёнимиздан ўтиб қолди. Бу ҳақда уларга “Сизларни чиройли экан, дейишаяпти” деб айтдик. “Сизлар ҳам меҳмоннинг шаънига бирор нарса денг”, дея гап ҳам қистириб қўйдик. Бирдан германиялик аёл ўрнидан туриб қизларнинг эгнидаги атлас кийимларини қўллари билан сийпалаб кўрди. “Жуда чиройли, жуда гўзал” дерди у. Дугоналар ҳам анойи эмас экан. Улардан бири немисчада бурро-бурро гапириб, германиялик аёлнинг ҳайратини янада оширди. Замон билан ҳамнафаслиги, хорижий тилларни ўрганиши, энг муҳими ривожланган давлат аёлларини ўзининг кийиниш одоби, шарму ҳаёси билан лол қолдириш ўзбек аёлининг яна бир бахти эмасми?!

Шуҳрат Қаюмов,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист, олий тоифали сухандон:

– Акаси, укаси, ўғли ва энг муҳими умр йўлдоши, отаси – уларнинг барчаси аёл киши учун бахт улашишга кучи етади. Қачонки, аёл киши уларга кераклигини ҳис этса, у ўзини бахтли ҳисоблайди.

Агар аёл катта бир қасрдай уйда яшасаю емоқ, ичмоқ ҳамда кийими зиёда бўлиб, севган умр йўлдоши, фарзанди бўлмаса, у қасрнинг чайлачалик ҳам қадри қолмайди. Доимо сиз менга кераксиз, яхшиям сиз борсиз, – деган икки оғиз ширин сўз учун ҳатто касаллигини айтмай ҳам яшайверади, оиласи учун жонини ҳам беришга тайёр туради.

Яна ўқинг:  МУАЛЛИМА муносиб тақдирланди

Ҳабиб Абдуназар, шоир:

Аёл – нафис олам! Унинг бахти – кўнгил. Аёл ана шу оламдан ўзи учун хаёли ва ибо нуридан ёруғ йўл излайди. Кўнгил эса ширин сўзга доимо эҳтиёж сезади. Бу англанган ҳақиқат, Аммо бу ҳақиқатга олиб борувчи сўқмоқлар анчагина. Оила, фарзандлар камоли, уларнинг соғ-саломат униб-ўсиб, жамият, ота-она корига ярайдиган фарзандлар бўлиб вояга етиши ҳам аёлнинг бахтидир. Аёл оилани бекаму кўст кўришни истайди. Гарчи бахт молу дунё билан ўлчанмасада, аммо у ҳаёт кемтикларини тўлдирувчи, орзу-умидларини қўллаб-қувватлаб турувчи дунёвий воситадир.

Нима бўлганда ҳам сўз яна юқорида эслатганимиз кўнгилга бориб тақалади. “Ширин сўз – жон озиғи”, – деганларидек аёлга озгина эътибор, бир оғиз ширин сўз бўлса, турмушнинг барча камчиликларидан кўз юмади ва дунёда ўзини энг бахтли аёл ҳисоблайди.

Ботир Бузруков,

тиббиёт фанлари доктори, профессор:

Тани сиҳатлик – жон роҳати, шундай экан, ҳар бир аёл, аввало соғ-саломат бўлса, у бахтлидир. Бу ёруғ оламни мунаввар кўзлари билан кўра олаётган, қўлларида боласини кўтариб бағрига босаётган, эшик ёнида турмуш ўртоғини табассум билан кутиб олаётган аёлга фақат меҳр бериб яшамоқ лозим.

Эр киши жуфтиҳалолининг соғлиғига ҳамиша эътиборда бўлса нафақат оиласи, фарзандлари, балки энг аввало, хонадонидаги ўз оромини ҳам асло йўқотмайди. Самимий қилиб айтганда, гурсиллаб, қарсиллаб, чопқиллаб рўзғор юмушларини уддалайдиган жуфти ҳалолимиз бахтли экан, биз ҳам албатта, бахтлилар сафидан жой оламиз. Кексалик қаддимизни дол айлаб, қўлларимизга асо тушганида ҳам бизни суяйдиган жуфтиҳалолимиздир. Уларни бахтиёр айлашни асло эртага қолдириб бўлмайди…

Ҳа, шом чўкиб бирин-кетин дастурхон атрофига йиғилган фарзандлари, турмуш ўртоғининг кўнглини топишга уриниб, яқинлари учун қалб қуввати билан таом тайёрлаган, оила юмушларини саришталаган аёлнинг қўли-қўлига тегмайди. Тош келса кемириб, сув келса симириб ҳам рўзғорини, ҳам севимли касбини бирдек уддалаётган беканинг дилига озорлар яқин йўламасин. Зеро, Аёл – меҳр-муҳаббат маъбудаси, хонадонимизнинг фариштаси ва файзидир.

Жамила ҲАЙДАРОВА тайёрлади

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: