Тегма, куясан! Ана, куйдинг…

Мақоланинг сарлавҳасини ўқибоқ, лабингизга табассум югурган бўлса, ажаб эмас. Англамаган бўлсангиз, эслатамиз. Машҳур қизиқчи, сўз устаси Хожибой Тожибоевнинг репертуаридан келтирилган иқтибос бу. Болажон халқимизнинг баъзи оилаларида фарзанд парваришига ёш оналарнинг бироз беэътиборлигини ним кулгуга йўйган… Ана, эсладингиз!

Болалигимда ул-бул сўраб чиққан қўшни жувонни кузатиш учун дарвоза ҳатлаб, ҳаяллаган онамга отам кесатарди:

– Нима бало, уйига киргизиб, чой-пой дамлаб бердингми?!.

Донишманд халқимизнинг қайроқи ибораси болалик хотирамга хулоса ясайди.

“Элакка чиққан хотиннинг эллик оғиз гапи бор”.

Тўғри, кўнгил сўраган, бир-бирининг ҳолидан хабардор бўлгани яхши. Бироқ вақтни бесамар сарф этиш, вазифасидан чалғиш, ёш онанинг фарзандини назоратдан ҳоли қўйиши лаҳзалар ичида мудҳиш оқибатларга сабаб бўлиши ҳеч гап эмас. Ахир, “кўза кунда эмас, кунида синади”. Шунинг учун фарзанд парвариши, аввало, онадан сергак бўлишни талаб этади.

9 ойлик Муроджон хонада ёлғиз қолди. Онаси қўшни аёлни кузатиш учун ҳовлига чиқди. Уйнинг бурчагида оёқларини кўтариб, қиқирлаб ўйнаётган болакай бир ағдарилиб эмаклашга тушди. Бола-да, эшикка яқин жойда чўғ бўлиб ёниб турган қўлбола иситиш ускунаси Муроджоннинг қувончини оширди. Мурғак панжалари билан унга ташланди. Кейин, кейин… боланинг кучли чинқириғи оламни ларзага солди…

Йиллар ўтди. Муроджоннинг ота-онаси қанчадан-қанча шифохоналарнинг олдида ўғлига шифо сўраб, кутди. Бугун у ўспиринлик палласида, бироқ бир қўлида нуқсон сақланиб қолди. Энди бу нуқсоннинг айбдорини ахтаришдан не наф!

Бу мавзуда қоғоз қоралашга ундаган воқеа аслида бу эмас.

“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди ҳар йили халқаро ҳамкорлик лойиҳалари доирасида кўплаб юртдошларимизнинг фарзандларини чет элнинг нуфузли клиникаларида соғломлаштириш учун юборади. Хусусан, Германиянинг “Фриеденздорф интернейшнл” хайрия ташкилоти билан тузилган шартнома асосида ўтган 2013 йилда 12 ёшгача бўлган 26 нафар ўғил-қиз Германияда даволанди ва бу соғломлаштириш жараёни давом этмоқда. Пластик жарроҳлик амалиётини бошидан кечираётган бу болалар туғма ва орттирилган жароҳатлар, куйишдан кейинги асоратлардан ҳоли бўлиб, она Ватанига, яқинлари бағрига қайтиб келмоқда. Бундан ташқари, фонд мамлакатимизнинг етакчи клиникаларида халқаро грант маблағлари ҳисобидан болаларда ўтказилаётган жарроҳлик амалиётларини молиялаштирмоқда.

Эзгуликнинг, хайрли ишнинг бошини тутганлар бор бўлсин!

Яна ўқинг:  Фариштам, онам

Баъзан хизмат юзасидан Тошкент халқаро аэропортида даволаниш мақсадида жўнаб кетаётган болаларни кузатиш учун чиқамиз. Ва бу маросим узоқ вақт қалбимни банд этиб, ўйлашга, мулоҳаза қилишга ундайверади. Айниқса, куйишдан кейинги асоратлар билан оғриган норасидаларни кўриб, беихтиёр кўзингизга ёш келади. Уларнинг аксарияти ота-оналарнинг беэътиборлиги, бепарволигидан жабрланган. Ҳа, худди шундай!

(Дарвоқе, Муроджон ҳам яхшилар кўмаги билан олмон диёрида саломатлигини тиклаб қайтди).

– Ёш оналарнинг шошқалоқлиги, лоқайдлиги, уқувсизлиги сабаб кўплаб болалар жабр кўрмоқда, бир умрга нуқсон орттириб олмоқда, – дейди “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўлими бошлиғи Жумабек Нуров. – Фонд томонидан Германияга даволаниш учун юборилаётган бемор болаларнинг аксариятини куйишдан жароҳат олган норасидалар ташкил этади. Айтиш жоизки, ушбу болаларнинг 90 фоизи ота-оналарнинг айби, бепарволиги сабаб жароҳатланган. Мисол тариқасида пойтахтимиз хонадонларидан бирида бўлган воқеани келтиришим мумкин. Она полиз маҳсулотларини консервалаш учун барча нарсаларни ошхонага ёйиб қўяди. Жумладан сирка кислотасини ҳам. Сўнгра ўзи узоқ вақт телефонда суҳбатлашиб қолади. Ётоғида ухлаб ётган бола эмаклаб ошхонага келади ва сиркани қўлига тўкиб юборади. Табиийки, оғриқ сезган бола қўлини юзи ва баданига суркайди. Шу тариқа боланинг қўли билан бирга юз соҳаси ва танаси ҳам куйиш жароҳатини олади.

…Ҳафта оралаб чоп этилаётган газетамизда баъзан имловий хатолар ўтиб қолади. Йиғилишда эса унинг айбдори излаб топилади. Камтарин ва камсуқум навбатчи муҳаррир бош эгиб ўрнидан туради:

– Айбдормиз, кўз хатоси… иш бор жойда хато бўлади…

Кўз хатоси… Балки у ақл хатосидир, балки бепарволигимиз, лоқайдлигимиз хатосидир.

Фарзанд парвариши ва тарбиясига лоқайд бўлишнинг азобини тортаётганлар, афсус, орамизда кўплаб топилади. Уларнинг нигоҳига боқиб ҳаёт ташвишларининг изини кўрамиз. Тўғри-да, фарзанд – инсон умрининг мазмуни. Айниқса, болажон халқимиз орзу умидларини дилбандларининг келажагида кўради. Уларнинг соғлом ва баркамол улғайиши, келажакда эл-юрт корига ярайдиган инсонлар бўлиб камол топиши йўлида меҳнат қилади. Аммо, тани зирқираб озор чекаётган, мажруҳ жисмининг уқубатларини ҳали англаб етмаган норасидаларга бу кўнгилсизликларга ўзинг сабабчисан, деб айта оламизми?!

Энди рақамларга эътибор қаратамиз:

Республика Шошилинч тиббиёт маркази куйиш ва жароҳатни даволаш бўлимига 2014 йилнинг шу даврига қадар 300 нафарга яқин бола куйиш жароҳати билан келтирилган. Ўтган 2013 йил давомида 1 минг 400 нафарга яқин беморга шошилинч тиббий хизмат кўрсатилган. Ачинарлиси, уларнинг 1 минг нафарга яқинини болалар ташкил қилади.

Яна ўқинг:  Musobaqada ayollar bellashdi

– Яқинда 3 ойлик гўдак шошилинч бўлимга келтирилди. Бешикда ухлаб ётган норасиданинг ёнига электр иситиш ускунасини келтириб қўйган ва ёш она рўзғор юмушлари билан оввора бўлиб, фарзандидан хабар олишни унутган, – дейди Республика Шошилинч тиббиёт маркази куйиш ва жароҳатни даволаш бўлими мудири Собир Шукуров. – Иситиш ускунасидан чиққан ўт бешикка туташиб аланга олган. Хайрият, вақтида хабар топилган, бироқ бола қаттиқ куйиш жароҳатини олган.

Яна бир шундай воқеа. Бўлимга тунги соат 12.00да бир ёшга тўлмаган норасидани олиб келишди. Гўдакнинг қачон куйиш жароҳатини олганини сўрасам, ярим соат бўлганини айтди. Ахир, фарзанд парвариши таомилига кўра, бола бу пайтда ухлаган бўлиши керак! Бу ҳақида сўз очсам, кофе ичиш учун тефалда қайнатган сувимни бехос тўкиб юборибди, дейди.

Айрим оналар бола парваришидан умуман бехабар. Фарзандини қайси пайтда дам олдириш, қайси пайтда овқатлантириш, қандай кийинтириш борасида билимга эга эмас. Буни қарангки, худди ўша ёш она шифохонада ётган кезида ҳам боласини йиқитиб, жароҳат олишига сабаб бўлди.

Дарҳақиқат, мутахассислар айтиб ўтганидек, бу каби мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Шунингдек, ота-оналар куйиш жароҳатини олган болага биринчи ёрдамни қандай кўрсатиш зарурати ҳақидаги билимга ҳам эга эмас. Ёшларни, айниқса, эртага бир хонадоннинг бекаси бўладиган қизларни оилага тайёрлаш борасида таълим муассасаларида, маҳаллаларда тарғибот-ташвиқот ишларини кучайтириш зарур. Зеро, фарзанд – кўзимизнинг оқу қораси. Уларнинг жисмонан соғлом, маънан баркамол бўлиб вояга етиши, бир сўз билан айтганда, келажаги учун барчамиз масъулмиз.

Фахриддин Ҳайитов,

“Sog‘lom avlod” мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: