Одам папиллома вируси
бачадон бўйни раки сабабчиси…ми?
Ҳозирги кунда вируслар сабабли келиб чиқувчи касалликлар инсон саломатлигида долзарб муаммолардан бири бўлмоқда. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотига кўра ҳар йили 2,5-3 миллионга яқин одамларда папиллома вируси келтириб чиқарувчи касалликларга ташхис қўйилмоқда. Маълумотларга кўра одам папиллома вируси 70 фоиз аёлларда аниқланади. Жаҳонда аёллар ўртасида хавфли ўсма касалликларидан вафот этиш бўйича бачадон бўйни саратони (раки) 5-ўринда туради. Аниқланишича, ҳар йили 470 мингга яқин илк бор аниқланган бачадон бўйни раки ҳолатлари кузатилади.
Папиллома вирусли инфекциялар гуруҳи одам папиллома вируси келтириб чиқарувчи сурункали кечувчи бир гуруҳ юқумли касалликларни ўз ичига олади. Вирус асосан тери ва шиллиқ қаватларда сурункали яллиғланишни келтириб чиқариб, папилломалар ҳосил бўлишига олиб келади. Одам папиллома вирусининг бир неча турлари тери ва шиллиқ қаватларда турли хил касалликларга сабаб бўлади. Вирус асосан жинсий йўл орқали, ҳамда маиший мулоқот пайтида зарарланган тери орқали юқиши мумкин. Қўл бармоқлари, товон, тананинг бошқа қисмларидаги сўгаллар ва жинсий аъзоларда пайдо бўлувчи ўткир учли кондиломалар одам папиллома вирусининг кенг тарқалган кўринишларидир. Вируснинг хавфли томони шундаки, унинг бир неча турлари оғиз бўшлиғи, жинсий аъзолар тери ва шиллиқ қаватларида хавфли ўсмалар ривожланишига сабаб бўлиши мумкин. Папиллома вирусли инфекциялар ташхисига турли хил усулларни ўз ичига олиб, инсонда вирус ДНКсини топишга йўналтирилган энг аниқ махсус тестлар киради. Одам папиллома вируси чақирган касалликларни даволаш сўгал ва ўткир учли кондиломаларни механик йўқотиш ҳамда иммун тизимини яхшилашга қаратилган. Ҳозирги кунда папиллома вируслари келтириб чиқарувчи касалликларни самарали олдини олиш усулларидан бири унга қарши эмлаш бўлиб ҳисобланади.
Одам папиллома вируси нима?
Одам папиллома вируси папиллома вируслар оиласига мансуб бўлиб, ҳозирги кунгача унинг 100 га яқин тури аниқланган. Ҳар бир вирус тартиб рақами билан рақамланган бўлиб, бир-биридан ирсий ахбороти билан фарқланади. Одам папиллома вируси хавфли ўсма касалликларини келтириб чиқаришига кўра юқори, ўрта ва паст онкоген гуруҳларига ажратилади. Жумладан, бачадон бўйни саратонини келтириб чиқарувчи одам папиллома вируси, 16 ва 18 тартиб рақамига эга бўлиб, юқори онкоген гуруҳига киради.
Қандай қилиб ушбу вирусни юқтириш мумкин?
Асосан вирус жинсий йўл орқали, қолаверса, зарарланган тери ва шиллиқ қаватлари, беморнинг биологик ажралмалари билан маиший мулоқот орқали (сочиқ, ич кийим) юқиши мумкин. Онадан болага туғруқ жараёнида бола туғруқ йўлларидан ўтаётган вақтида юқиш эҳтимоли ҳам мавжуд.
Кимларда бу касалликни юқтириб олиш хавфи юқори?
Эрта жинсий ҳаёт бошлаган шахслар ва бир нечта жинсий шериги бўлганлар, яъни нотўғри жинсий ҳаёт кечирувчи кимсаларда, шунингдек, ҳамроҳ жинсий йўл билан юқувчи касаллиги бор беморларда ушбу хасталикни юқтириб олиш хавфи жуда кучли бўлади. Иммун танқислиги мавжуд бўлган одамлар ҳамда кўп маротаба аборт қилдирган аёллар ҳам касалликка чалиниши мумкин.
ОПВ қандай касалликлар келтириб чиқаради?
Кафт, товон ва тана терисининг турли қисмларида жойлашган сўгаллар одам папиллома вирусининг 1,2,3,4 тартиб рақамли турлари томонидан қўзғатилади. Сўгаллар ясси ва ипсимон бўлиши мумкин. Оёқнинг товон қисмида жойлашган сўгаллар ҳаракат натижасида узоқ вақт таъсирланиши сабабли оғриқ келтириб чиқариши мумкин.
Ўткир учли кондиломалар (генитал сўгаллар) – бу жинсий аъзоларнинг тери ва шиллиқ қаватларида пайдо бўлувчи ўзига хос сўгаллардир. Бу сўгаллар пайдо бўлишига одам папиллома вирусларининг 6, 11 тартиб рақамлиси сабаб бўлади. Ўткир учли кондиломалар гулкарамни эслатувчи, четлари нотекис, тана ёки пушти рангли катта бўлмаган бўртиқ ҳосилалардир.
Аёлларда ўткир учли кондиломаларнинг бачадон бўйни ва бачадон бўйни каналида жойлашиши касалликни ёмон сифатли кечаётганлигини билдириб, бачадон бўйни саратонни (раки) келиб чиқиш хавфини оширади. Бачадон бўйни раки ёмон сифатли ўсма бўлиб, бачадон бўйни эпителийси юза қаватидан одам папиллома вирусларининг 16, 18, 31, 33, 35, 39 рақамли турларининг бири таъсири натижасида ривожланади.
Бовеноид папулёз ушбу хасталикни одам папиллома вирусларининг 16,18, 31, 33 рақамли турлари келтириб чиқариб, аёл ва эркакларда жинсий аъзо терисида ва оёқнинг сон қисмида тери сатҳидан кўтарилган, сариқ пушти рангли зичлашган пилакча кўринишидаги тошмалар пайдо бўлиши билан характерланади. Айрим ҳолатларда бу тошмалар тери раки ривожланишига олиб келиши мумкин.
Боуэн касаллиги асосан эркаклар жинсий аъзоси раки бўлиб, узоқ вақт давом этганлиги сабабли бошқа аъзоларга тарқалиши (метастаз бериши) мумкин.
Одам папиллома вируси ва ҳомиладорлик
Барча аёлларга ҳомиладорликни режалаштириш даврида одам папиллома вирусига текширувдан ўтиш тавсия этилади. Папиллома вирусли инфекцияларига текшириш полимераза занжирли реакция ёки Digene-тест (ҳужайраларда одам папиллома вирусининг ДНКсини аниқлашга қаратилган юқори сезувчан тест)ни ўз ичига олади. Одам папиллома вируси аниқланган ҳолларда кольпоскопия (бачадон бўйнини махсус оптик мослама билан кўриш) ва бачадон бўйни ҳужайраларининг цитологик текшируви (Пап-тест) ўтказилади. Фаол вирусли инфекция мавжуд ҳолларда ҳомиладорликни қолдириб, даволаниш курсини ўтиш тавсия этилади. Агар ўткир учли кондиломалар ҳомиладорлик пайтида аниқланса, улар механик тарзда йўқотилади, чунки ҳомиладорларда уларни кўпайиб ўсиш суърати тезлашади, бундан ташқари туғруқ вақтида онадан болага юқиш хавфи мавжуд.
Касаллик ташхиси
Хасталикка ташхис қўйиш бир қанча босқичларни ўз ичига олиб, тери ва шиллиқ қаватларда сўгал ва ўткир учли кондиломалар асосан жойлашадиган тана соҳасини кўздан кечиришдан бошланади. Аёлларда бу гинеколог тиббий кўригини ҳам ўз ичига олади.
Кольпоскопия – бу бачадон бўйнини кольпоскоп ёрдамида 30 маротаба катталаштирилган ҳолатда кўриш. Тиббий кўрик пайтида бир қанча ташхисни аниқлаштирувчи синамалар ҳам ўтказилади.
Бачадон бўйни цитологик текширувидан жинсий ҳаёт бошлаган барча аёллар вақти-вақти билан ўтиб туриши тавсия этилади. Бу текширув усулининг моҳияти шундаки бачадон бўйни шиллиқ қавати ва бачадон бўйни каналидан олинган суртма микроскоп остида кўрилиб, одам папиллома вируси таъсири натижасида махсус ўзгаришга учраган ҳужайралар аниқланади.
Полимераза занжирли реакция (ПЗР) ёрдамида исталган материалда одам папиллома вирусининг ДНКси ва тартиб рақами (тури)ни аниқлаш мумкин.
Бачадон бўйни биопсия (суртма)си – бачадон бўйнидан олинган тўқима нусхасида папиллома вирусли инфекцияларга хос ўзгариш ва бачадон бўйни ракига юқори аниқликда ташхис қўйиш усулидир.
Давоси
Ҳозирги кунда папиллома вирусли инфекцияларни даволашнинг барча маълум усуллари фақатгина улар келтириб чиқарган белгиларини йўқотишга қаратилган бўлиб, одам папиллома вирусининг организмдан тўлиқ чиқиб кетишини таъминламайди.
Тана терисининг турли қисмларида (қўл кафти, оёқнинг товон қисми ва жинсий аъзоларда) жойлашган сўгаллар ва ўткир учли кондиломалар асосан механик тарзда: суюқ азот (криотерапия), электр токи ёрдамида (электрокоагуляция), радиотўлқинли пичоқ (радиотўлқинли коагуляция), лазер нури ёрдамида (лазеротерапия) ва махсус маҳаллий қўлланувчи дори воситалари ёрдамида куйдириб йўқотилади.
Шуни таъкидлаш лозимки сўгал ва ўткир учли кондиломаларни тўлиқ механик бартараф этиш, одам папиллома вирусини организмдан чиқиб кетишига олиб келмайди ва касалликни қайталаниш (сўгал ва ўткир учли кондиломаларнинг қайта пайдо бўлиш) хавфи сақланиб қолади. Қайталаниш хавфини камайтириш учун механик йўқотиш усули вирусга қарши ва бошқа даволаш усуллари билан биргаликда олиб борилади. Ҳозирги вақтда махсус вирусга қарши даво воситалари мавжуд бўлмаганлиги сабабли, папиллома вирусли инфекцияларни даволашда иммун тизими фаолиятини яхшиловчи дорилар қўлланилади. Таъкидлаб ўтилган даволаш усулларининг ҳеч бири одам папиллома вирусидан тўлиқ қутилиш кафолатини бермайди.
Профилактикаси
Папиллома вирусли инфекцияларни олдини олиш ва даволаш, аёлларда бачадон бўйни раки ва эркаклар жинсий аъзолари хавфли ўсма касалликларини олдини олишда муҳим таркибий қисм ҳисобланади. Ўсмирларни жинсий масалалар бўйича тарбиялаш носпецифик профилактика бўлиб, вирусни юқиш йўлларини чеклашга қаратилган. Презервативларни қўллаш одам папиллома вирусини юқиш хавфини камайтиради, лекин тўлиқ ҳимояланишни кафолатламайди. Одам папиллома вирусининг хавфли ўсма касалликларини келтириб чиқарувчи (онкоген) турларига қарши эмлаш махсус профилактика усули бўлиб ҳисобланади. Эмлашдан сўнг турғун иммунитет шаклланиб, вирусдан ишончли ҳимоя ҳосил бўлади. Жинсий ҳаёт бошланмасидан олдин эмлаш энг самарали бўлиб, барча ёш аёлларга тавсия этилади. Жинсий ҳаёт билан яшовчи аёллар эмланишдан олдин одам папиллома вирусига тиббий текширувдан ўтиши талаб этилади. Ҳозирда жаҳонда вакцинанинг гардасил ва церварикс номли турлари мавжуд. Церварикс вакцинаси ген инженерияси ёрдамида тайёрланган бўлиб, вирус антигенларига бирдай таъсир қилади. Вакцина вирус зарраларини сақламаганлиги сабабли касаллик чақирмайди. Ушбу вакцина одам папиллома вирусининг 16 ва 18 турларига қарши иммунитет ҳосил қилади. Гардасил вакцинаси эса одам папиллома вирусининг 6, 11, 16, 18 турларига нисбатан самарали ҳисобланади. Эмлаш уч босқичда амалга оширилади.
Гардасил вакцинасининг юқори клиник самарадорлиги ва хавфсизлиги ўтказилган йирик клиник тадқиқотларда ўз исботини топган. Ҳозирда ушбу вакциналар билан 110 давлатда хотин-қизлар эмланмоқда.
Саидазиз САЙДАЛИЕВ,
Вирусология илмий-текшириш институти клиникаси шифокори