Қуёш туҳфа этган тонг

Бошланғич синфда таҳсил олардим.

Ҳовлимиз шундайгина қишлоғимизда ягона (ҳозир бешта) мактаб биносига туташиб кетганди. Бир қадам бу ёққа ташласам мактаб, бир одим у ёққа юрсам уй.

Синфдошларимнинг ҳаваси келарди:

– Сенга маза, қўнғироқ чалинганда югурсанг ҳам ўқитувчи синфга кириб улгурмасдан етиб келасан.

Кўпинча дарс соатлари тугагандан сўнг ҳам мактаб ҳовлисида ўралашиб юрардим.

Мени ўқувчилар кетиб бўлгандан сўнг озодликка чиқадиган оёғи тахтакачланган лайлак ва қаноти мажруҳ бургут қизиқтирарди.

Негадир мактабнинг хўжалик мудири Рўзи бобо (қизиғи бу болажон инсон ҳам урушдан ўнг қўли яраланиб қайтганди) ўқувчилар бор пайти ҳар икала жониворни Сулаймон темирчига ясатган қафасларига қамаб қўярди.

Қафаслар ҳовлининг бир бурчагида тургани сабабли танаффус пайтлари шу ер ўқувчилар билан гавжум бўларди.

Рўзи бобонинг қушларга тегажаклик қилаётган болаларни ҳайдайман, деб эсхонаси чиқиб кетарди:

– Ҳой, яқин борма, бургут йиртқич қуш;

– Лайлак беозор жонивор, озор берма…

Фақат синфхоналари бўшаб, мактаб ғала-ғовури тинчиган пешин чоғи ҳар икала қуш қафасдан озод этиларди.

– Нега бўшатдингиз, учиб кетишмайдими, – сўрардим Рўзи бободан.

Рўзи бобо отамнинг ошнаси, қолаверса, мактаб директорининг арзандасиман, ҳар бир саволимга жавоб олмасдан тинчимасдим.

– Қани эди учиб кетишса, лайлак олис ўлкаларга етиб боролмайди, бургут эса учолмайди.

– Нега учолмайди?

– Ёмон одамлар унинг қанотидан отишган.

Беихтиёр ёмон одамлардан нафратландим:

– Шундай баҳайбат қушни қандай отишди экан?

– Бунисини билмадим, аммо уни менга келтириб беришганда шу аҳволда эди, ярасини тузатаман деб шунча уриндим, бўлмади.

Кейин Рўзи бобо менинг саволларимдан қутилмоқчи бўладими:

– Яхшиси сен уйингга бориб бир бўлак хом гўшт олиб кел, бургут бечора очликдан озиб бораяпти, – дейди.

Муҳим топшириқни бажариш учун уйга қараб еламан, йўлини топиб нимагадир андармон бўлган онамнинг кўзини шамғалат этиб мактабга ўлжа билан қайтаман.

Бургут қўлимдаги емишни кўриб қағиллайди.

Уни интиқ қилмай лаҳмни емиш идишига ташлайман.

Бургут бир зумда гўштни лахта-лахта бўлиб, ютиб юборади…

Одатдаги кунларнинг бирида, қуёш олис ётоғига бош қўяётган палла фалакдан ғалати овоз эшитилди:

– Қий-хув-в-в, қий-хув-в-в…

– Қишлоққа қирғий оралаяпти, энди у кимнингдир қаровсиз қолган товуғини олади, – деди Рўзи бобо билан гурунглашиб ўтирган отам.

– Қирғийси нима, – сўрайман қизиқсиниб.

– Ху-у, ана, – Рўзи бобо соғ қўлининг кўрсаткич бармоғи билан осмондаги қора нуқтани кўрсатди. – Қирғий дегани ҳам шу бургутимизнинг аждодларидан.

Қора нуқта аста-секин қанотларини кенг ёйиб учаётган баҳайбат қушга айланади.

Бургут безовталанди, қарасам у ҳам қип-қизил қондек кўзларини қирғийга тикиб, учишга уринарди. Аммо, уринишлари бесамар кетди, мажруҳ қанот унинг майлига бўйсунмади.

Шу-шу ярадор бургут ҳеч нарсага қиё боқмай қўйди, минг азобда уйдан олиб чиққан гўштларим тупроққа қоришиб қолаверди. Орадан уч-тўрт кун ўтиб бургутни ўткир кўзларини осмонга қадаганича ўлиб ётган ҳолда кўрдим.

– Эрк истаги, мусаффо осмон, озод ҳаёт соғинчи бургутни боқий масканига олиб кетибди, – деди Рўзи бобо кипригига қалқиган ёшни менга сездирмаслик учун файласуфона оҳангда…

* * *

Ўқувчилик йилларим “қизил империя”
чуқур илдиз отган даврга тўғри келганди. Синфимизда аълочилар кўп эди, болалик қизиқувчанлиги билан бугун кечагидан кўпроқ билишга интилардик.

– Муаллим, ўтмишда бизнинг ҳудудимизда кучли давлатлар, доно ҳукмдорлар бўлмаганми, нега уларни ўрганмаймиз, – сўраб қолди синчков синфдошларимиздан бири “Ватан тарихи” дарсида Александр Невский, Демитрий Донский, Степан Разинлар ҳақида узундан-узун маъруза ўқиб чарчамайдиган ўқитувчимиздан.

Эҳтимол савол кутилмаганлиги, бироз қалтисроқ бўлгани учунми, у киши анчагача бошини қашлаб турди, жавоб тополмай қийналди, сўнгра, тилига келган гапни айтиб юборди:

– Бўлган, аммо ҳукмдорлари қонхўр, босқинчи бўлишгани боис дарсликка киритилмаган…

…Олтмишинчи йилларнинг ўртаси, отам давлат хўжалигига фирқа қўмитаси котиби бўлиб ишга ўтдилар, илгари дарсдан бўшаган вақтлари уйда бўладиган киши энди кўпинча биз ухлаб қолганда ишдан қайтар, гоҳида ҳафталаб отамизни кўрмаган вақтларимиз бўларди. Бир кун одатдагидек ишдан кеч қайтган отамнинг совиб иситилган овқатни наридан-бери тамадди қиларкан онамга ҳасрат билан айтган гапларини эшитиб қолдим:

– Бугунги йиғилишда вилоятдан келган вакил “Байналминал”ни ўрисча айтишимизни талаб қилди, райком аъзоларининг ҳаммасига бирма-бир матнни ўқиттириб кўрди. Чўл хўжаликларидан бирида ишлайдиган бригада бошлиғи ўрисча ўқишни ўрганолмаганди вакил уни роса сўкиб берди, пахтадан бошқа нарсага вақти йўқ бечора деҳқон кўпчилик олдида изза бўлганидан йиғлаб юборди, раҳмим келиб кетди, унинг қилган меҳнатлари қадри тил билмаганининг ўрнини босолмади…

* * *

Ўтган йили ўғлим Билимлар куни ара-
фасида шаҳардан тўнғич қизига китоб-дафтар, ручка-қалам, янги ўқувчи сумкаси олиб келди.

Эндигина биринчи синфга чиқаётган Мироншоҳ хархашани бошлади:

– Ахир мен ҳам ўқишга боришим керак, қани менга сумка. Мактабга икки қўлим бўш бораманми?

Ота-ўғилнинг мулоқотини бир чеккадан кузатиб турдим.

Бола барибир болада, отасининг у деганига ҳам, бу деганига ҳам кўнмади, қандай қилмасин опасининг китоб-дафтарини “арра” қилиши керак. Уни эркалатиб ёнимга чорладим:

– Отангга азоб берма болам, сенга ҳамма нарсани Президент бобонг совға қилади.

– Мени алдамоқчи бўлаяпсизми, – ишонқирамади набирам.

Орадан икки кун ўтиб Мироншоҳ мактабдан оғзи қулоғида қайтиб келди. Елкасида яп-янги сумка:

– Бобо, бобо, Сиз тўғри айтган экансиз, ўқитувчим ўқувчилар сумкаси берди, ичида ҳамма нарсаси бор. Биласизми, Президент бобомиз “Шахсан Мироншоҳнинг қўлига топширинглар” деган эмиш.

– Бошқаларчи?

– Бошқаларга ҳам совға қилишди. Президент бобомиз жуда сахий эканлар. Мен ҳам катта бўлсам болалардан ҳеч нарсани аямайман…

…Онам қийқим матолардан қуроқ қураб, китоб халта тикиб берди.

Елкага осадиган тасмаси ҳам қуроқдан.

Оғзим қулоғимда: “Аканг қарағайнинг сумкасини кўриб қўйинглар” қабилида ғоз юриб синфхонага кириб бордим.

Табиийки, синфдошларим янгиликни сезмай қолмади:

– Вой, халтасининг чиройлилигини.

– Ким тикиб берди?

– Ойим, – дедим уларнинг ҳавасини ошириб.

– Қани эди, менда ҳам шунақаси бўлса, – орзуланди синфдош қизлардан бири.

– Бунақасини кўтариш учун, ойинг ҳар куни янги кўйлак кийиши керак, билдингми?!

Дўстларимнинг бириси айтган кесатиқдан сўнг ҳавасманд қизнинг уни ўчди.

Бу воқеа қирқ беш йилча илгари содир бўлганди. Ҳамон ўша қуроқ халта кўтарган кунларим хотирамда тез-тез жилваланиб туради…

…Бу йил мактаб остонасидан ҳатлаётган ярим миллион ўғил-қизга 12 турдаги ўқув қуроллари Юртбошимиз совғаси сифатида тақдим этилаяпти. Ҳар бир жамламанинг нархи қарийб 24 минг сўмга тенг эканлигини ҳисобга оладиган бўлсак юртимизда баркамол авлодни тарбиялашнинг биргина йўналишига кўрсатилаётган ғамхўрликнинг нақадар теранлигини ҳис қилиш мумкин. Эндиям Сиз бирон ўғил-қизга мактабга чит халта тугул, эски сумка кўтариб бор, деб кўрингчи…

Яна ўқинг:  Ихтиёрий ишдан кетиш мумкинми?

* * *

Мен юқоридаги воқеаларни бежиз эсламадим.

Истиқлол қайта ҳаёт бахш этган иймонимиз, қадриятларимизни санаб ниҳоялаш мушкул.

Фермер дўстим бор, яқин ўтмишда эгнидан охори қочган, йиртиқ-ямоқ кўйлак-шим аримасди, кунда, куноша танишларидан қарз кўтариб, бир амаллаб рўзғор тебратарди, кун бўйи далада тер тўкиб бири-икки бўлмасди. Мустақиллигимизнинг илк йилларидаёқ ўз фермер хўжалигини очганди.

Қуёш туҳфа этган тонг!..

У билан учрашиб қолдим, эгнидаги кийимларига ҳавасим келди, “деҳқон ҳам зиёлидек кийинса бўларкан-ку”.

– Вилоят марказига кетаяпман, мошина олмоқчиман, – деди у.

– Муборак бўлсин, қанақасидан?

– Албатта, ўзимизда ишлаб чиқарилганидан – “Нексия”.

– Бу бахтга қандай эришдинг?

– Истиқлолдан айланай, тадбиркорга қанот берди, ишлаган яхши яшайдиган замонлар келди…

Мен шу заминда яшаётганим, омон-омон кунларга етганим учун қайта-қайта шукрона ўқийман.

Дарвоқе, ўтган йили оиламиздан икки киши – кичик акам ва опам ҳар бир мўмин-мусулмонга фарз этилган муқаддас ҳаж сафарини адо этиб қайтиш бахтига муяссар бўлишди.

– Эл омон кунларга етмаганимизда шундай улуғ жойларга бориш насиб этармиди, – дейди Ориф ҳожи акам. – Гапнинг очиғи, бошқа биронта мамлакат ҳожиларига ҳам биз сингари шарт-шароитлар яратиб берилмаган экан.

– Бир куни ҳожилар орасида адашиб қолдим, – деб эслайди Гўзал ҳожи опам. – Ҳамма бир хил либосда, орқасидан кимнинг-ким эканлигини ажрим этолмайсан. Эҳ-ҳей, бу сафда кимлар йўқ дейсиз, ҳабаш ҳам бор, занжи ҳам бор, араб ҳам бор, лекин қанча қидирмайин, таниш чеҳра учратолмадим. Икки соатлар чамаси ўтгач, юрагимга ғулғула тушиб бошлади, наҳот бегона тупроқда адашиб қолсам. Шу пайт биласизларми, олисдан нимага кўзим тушди?

– Нимага?

– Баланд бино устида ҳилпираб турган Ватанимиз байроғини кўриб қолдим. Юрт тупроғининг бир парчасига етишгандай бўлдим, кўзларимдан тирқираб ёш чиқди. Қадримни-қийматимни баланд этган, орқамда тоғдек таянч бўлиб турган Ватаним борлигидан қалбим қувонч туйғуларига тўлди.

Абдунаби АБДИЕВ

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: