Эркатой ширахўрлар

Болаларнинг ширинликка ўчлиги қандай оқибатларга олиб келади?

Барча болажонлар ҳам ширинликларни суйиб истеъмол қилади. Аммо ҳар нарсада меъёр бўлганидек ушбу маҳсулотларни истеъмол қилишда ҳам уларнинг зарарли томонлари борлигини эътиборга олиш керак. Қандолат маҳсулотлари таркибида шакар кўп бўлади, шунингдек, гидрогенланган ёғлар ва энг асосийси уларга кимёвий, сунъий, озуқавий бўёқлар солинади.

Ҳозирги даврда буви ва буважонларингиз болалигида истеъмол қилган табиий хушбўй ванилин солинган попукли қанд (конфет)лар, шоколадларни топиш амримаҳол. Шундай маҳсулотлар топилганида ҳам уларнинг баҳоси жуда қиммат. Қандолатчиликда табиий ванилин ўрнига ҳозирда сунъий этилванилин қўлланилмоқда. Сунъий бўёқли озуқавий қўшимчалар эса “Е”ҳарфи остидаги зарарли компонентларга киради. Мутахассис-шифокорларнинг фикрича эса ўзига ром этувчи ёрқин рангга эга қандолат маҳсулотлари таркибидаги сунъий озуқавий қўшимчалар сохта ва чин аллергияни чақиради. Айниқса, зарарли тартразин моддаси илгари сохта аллергия сабабчиси бўлган бўлса, ҳозирда ҳақиқий аллергик касалликларга катта замин яратмоқда. Бунинг сабаби эса ушбу зарарли модда бошқа сунъий бўёқли озуқавий қўшимчалар билан биргаликда қўлланилса, маҳсулотга янада ёрқин ва иштаҳа очар кўриниш беради. Бу каби барча маҳсулотлар жигарга зарар. Чунки, ушбу аъзо организмнинг биокимёвий лабораторияси ҳисобланади.

Нафақт қандолат маҳсулотлари, шунингдек, ширин ва газли, сунъий бўёқли ичимликларни 5 ёшгача бўлган болаларга ичириш мумкин эмас. Уларнинг таркибидаги турли сунъий бўёқлар ва унинг таркибидаги шакар нафақат аллергик касалликларни қўзғайди, балки болаларада қандли диабет, кариэс, семизлик касалликлари ривожланишига туртки бўлади. Шуни ҳам унутмаслик керакки, ичимликлар қанча ёрқин рангли бўлса уларда кимёвий бўёқлар шунча кўп бўлади. Шу ерда мактаб ёшигача бўлган болаларнинг чой ичиши зарарли эканлиги ҳақида ҳам тўхталиб ўтишни жоиз деб биламиз. Чунки, чой таркибидаги танин моддаси темир моддасининг қонга сўрилишини камайтиради. Натижада эса организмда темир танқислиги туфайли камқонлик ривожланади. Катталар эса овқатланишдан бир соат ўтгач, чой ичишлари мумкин. Овқатланиш маҳали қайнаган сув, илиқ қатиқ, табиий мева шарбатлари, қадоқланган ва газланмаган булоқ сувларини ичиш мақсадга мувофиқ.

Скандинавия давлатида швед столида болаларга ҳафтада бир марта конфет берилар экан. Уларга таркибида табиий ва қуритилган мевалар солинган конфетларни бериш мумкин.

Яна ўқинг:  Яхшилик яхши

Ҳурматли ота-оналар!

Болангизни асло конфетлар билан рағбатлантирманг. Шунингдек, унинг кўз олдида ширинлик тўла вазаларни сақламанг. Табиий ва қуритилган мева қоқилари, табиий шоколад организм учун фойдали. Шоколад таркибида антиоксидантлар мавжуд. Бу эса қонтомирлар учун фойдали. Мева қоқилари таркибида ҳам антиоксидантлар мавжуд. Улар ҳам шундай хусусиятга эга.

Конфетлар ва сунъий бўёқли ширинликлар таркибидаги шакар, бўёқлар, хушбўй қилувчи озуқавий қўшимчалар зарари хусусида юқорида такидлаб ўтдик. Яна улар таркибига кирувчи гидрогенланган (транс) ёғлар эса организмда моддалар алмашинувини бузади. Қон томирларга зарарли таъсир кўрсатади ҳамда иммунитетни пасайтиради. Шунингдек, саратон (рак) касалликларнинг турли хиллари ривожланишига йўл очади. Айниқса, диатез (чилла яраси) мавжуд болалар таомномасида парҳезга ниҳоятда катта эътибор бериш зарур.

Қадимдан ўзбек хонадонларининг дастурхонларида патнис тўла қуритилган мева қоқилари (тут майиз, оқ ва қора майиз, туршак, олма, шафтоли, олхўри қоқилари, қовун қоқи), ёнғоқ, ерёнғоқ, қовун, сабзи мурабболари, буғда пиширилган қанд лавлаги, асал каби табиий мазали ва ширин маҳсулотлар кўп истеъмол қилинган.

Арпабодиён солиб ивитилган туршак суви нафақат юракка қувват беради, балки ичаклардаги ел (газ)ни ҳайдайди. Метеоризмдан холи бўлган ичаклар эса ич қотиши (қабзият)нинг тезроқ бартараф бўлишига кўмаклашади. Барча турдаги табиий маҳсулотлар жигарга қувват беради. Сунъийлари эса аксинча уни заҳарлайди ва ҳаёт учун муҳим бўлган бу аъзони зўриқиб ишлашга мажбур этади. Салбий натижа эса ўзингизга маълум.

Ҳа, азизлар! Ўзингиз ва яқинларингиз саломатлигини асраш ўз қўлингизда.

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: