Қуёшда сочга зарар етмаслиги учун нималарга эътибор бериш лозим?

Қуёш соч толалари учун хавфли, айниқса, ёз ойларида. Бунда сочларнинг бўялган ё бўялмагани муҳим эмас, ультрафиолет таъсирида уларнинг ҳолати яхши томонга ўзгармайди. «Соч толасининг ичида кимёвий бўёқлар билан очартиришга ўхшаган оксидланиш жараёни рўй беради ва пигмент ажрала бошлайди», – дея изоҳ беради мутахассис Ирина Жохова. Бунинг натижасида сочлар қуруқлашиб, синувчан бўлиб қолади, шу билан бирга уларнинг жилоси йўқолади.

Агар бунга қарши чора кўрилмаса, сочларингиз жонсиз бўлиб қолиши мумкин. Қайноқ ҳарорат, ҳавода намликнинг камлиги, шунингдек, дам олиш жойларидаги шўр ва ҳовуздаги хлорланган сув ўз натижасини кўрсатмасдан қолмайди.

«Ёз фаслида сочларни парвариш қилиш камида уч босқичдан иборат бўлиши керак: тозалаш, ҳимоялаш, қайта тиклаш, – дейди “Schwarzkopf Professional” стилисти Александра Эдельберг. – Сочнинг тури ва структурасидан келиб чиқиб қўшимча парвариш воситалардан ҳам фойдаланилса, ундан-да яхши».

«Қуёшли линия» шампунлари (одатда уларда Sun сўзи бўлади) соч толаларини нафақат тозалайди, балки уларни кейинги озиқлантирувчи компонентлар таъсирига ҳам тайёрлайди, туз ва хлорнинг таъсирини нейтраллаштиради. Дам олиш масканларида сочни ҳар куни шампунь билан ювиш тавсия этилади.

Соч парваришида ниқоб (маска), бальзам, кондиционерлар каби воситалар ҳақида ҳам унутмаслик керак, чунки ҳар бирининг ўз вазифаси бор – соч кутикуласини ёпиш, яъни уни «текислаш» ва шу билан бирга уни ҳимоялаш. Бу маҳсулотлар қуёш остида юргандан сўнг сочларни қайта тиклашга ёрдам беради.

Ёзда сочлар ҳақида қайғуришнинг яна бир зарур босқичи — уларни ювилмайдиган восита билан таъминлаш. Бу спрей, крем ёки ёғ бўлиши мумкин, бу гўзаллик маҳсулотлари таркибида SPF’дан ҳимояловчи моддалар мавжуд. Улар сочга худди танани қуёшдан ҳимояловчи кремлар каби  таъсир кўрсатади, иккала ҳолатда ҳам УФ-фильтрлар ўз ишини қилади. Экспертлар бундай воситаларни кўчага чиқишдан 15-30 дақиқа олдин қўллашни маслаҳат қилишади.

 

5 муҳим қоида

Замонавий косметика воситаларига қарамасдан сочларингизни ёз мавсумига олдиндан тайёрлашни бошланг. Бунинг учун қуйидаги қоидаларга амал қилсангиз, фойдадан ҳоли бўлмайди.

 Сочларингизни кўпроқ намлантиринг. Бунда сизларга шампунь ва ниқоблар билан бир қаторда спрейлар ҳам ёрдам беради. «Ҳозир деярли ҳар бир бренд арсеналида сочларни қайта тикловчи ёғлар бор, шулардан бирини танлаб, шампунь ёки ниқобга бир неча томчи томизинг, шунда улар янада зўр натижа кўрсатади», – дея маслаҳат беради мутахассис.

Яна ўқинг:  Тиш парвариши – кариесга қалқон

Доимий соч турмагингизни ўзгартиринг. Соч дазмоллари ва қисқичларининг ҳароратини пасайтиринг, фендан воз кечиб сочингизни табиий йўл билан қуритинг, сочларни оғирлаштирувчи воситалардан фойдаланманг.

Хонада ҳавони намлантирувчи восита бўлса яна-да яхши. Улар соч толаларининг намлигини сақлаб туришга ёрдам беради.

Дам олиш масканларида меҳмонхоналардаги шампунлар билан чекланиб қолманг. Саёҳатлар учун яхшиси синалган маҳсулотларни олинг.

Сочни қуёшдан ҳимоя қилувчи энг оддий восита — бош кийим ҳақида унутманг. Тўғридан-тўғри қуёш нурлари тушадиган жойларга чиқсангиз, шляпа ёки кепка кийиб олинг.

 

Манба: sof.uz

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: