Маҳорат дарси: у ёшларни ғалабалар сари ундайди

Ёшларнинг истеъдодини рўёбга чиқаришда спортнинг ўрни беқиёс. Жисмоний тарбия билан мунтазам шуғулланган ўғил-қизларда, аввало, ўз устида ишлаш, мустақил фикрлаш, мақсад сари дадил интилиш кўникмаси шаклланади. Айниқса, фарзандларимизнинг кичик ёшдан спортга дўст тутингани, уларнинг таълим-тарбияси учун ғоят муҳимдир.

Мамлакатимизда соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш борасида яратилаётган улкан имкониятлардан самарали фойдаланиб, спорт билан мунтазам шуғулланаётган ўғил-қизлар сафи тобора кенгайиб бормоқда. Бунда замонавий спорт мажмуалари ёшларимизни ҳам жисмоний, ҳам маънавий жиҳатдан етук этиб тарбиялаш, уларнинг жаҳон спорти майдонларида юксак марраларни эгаллашга қодир авлод бўлиб шаклланишида муҳим омилдир.

Пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманидаги Кортография ва геодезия коллежининг спорт залида Дэн-то Фудокан каратэ-до Тошкент шаҳар федерацияси ташббуси билан япониялик қора белбоғ соҳиби, 73 ёшли Танака Такенори иштирокида мастер класс ташкил этилди.

– Шогирдларимиз соғлом вояга етиши баробарида мамлакатимиз ва халқаро миқёсдаги мусобақаларда мунтазам совринли ўринларни эгаллаб келаётгани, бизнинг ютуғимиздир, – дейди каратэ-до бўйича 7 марта республика чемпиони, мураббий Рустам Бекмуродов. – Ҳозирда 300 нафардан ортиқ ўғил-қиз машғулотларимизга қатнашмоқда. Ўтган йилнинг декабрь ойида Ўзбекистон кубогида иштирок этиб, жамоавий баҳсларда биринчиликни қўлга киритдик.

Ушбу ўқув машғулотида тажрибасини ошираётган ёш спортчиларнинг ғалабалари ҳам мутахассислар томонидан юқори баҳоланаётир. Япониялик Танака Такенори моҳир спортчиларни тайёрлашда жисмоний кўникмаларни шакллантириш билан бирга, уларнинг маънавий дунёси ва руҳиятини бойитишга ҳам алоҳида эътибор қаратиш зарур, деб ҳисоблайди. Ҳам жисмоний, ҳам маънавий шаклланган спортчигина юксак чўққиларни забт этишга қодир бўлади.

– Ҳозирда 12 ёшдаман. Фудокан каратэ-до билан шуғуллана бошлаганимга икки йилдан ошди. Шу қисқа давр ичида маҳоратим ошиб, туман мактаблари ўртасида ўтказилаётган мусобақаларда қатнашиб, совринли ўринларни қўлга киритиб келяпман, – дейди Мирҳабиб Сайфуллаев. – Келажакда моҳир спортчи бўлиб, республика, жаҳон чемпионатлари, олимпиадаларда ғолибликни қўлга киритиб юртимиз байроғини жаҳон ареналарида баланд кўтаришни ўз олдимга мақсад қилиб қўйганман.

Япониялик моҳир спортчининг самимий суҳбати, саволларга қисқа ва аниқ жавоб бериши, каратэнинг сир-асрорларини машғулот давомида тушунтириши ёшларга катта мактаб вазифасини ўтади.

Наврўз НОРБОБОЕВ

Яна ўқинг:  Alpomish izdoshi

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: