Бирисин ой англа, бирисин қуёш

ота-она бошдаги тожимиз

Заргарлик дўконларидан бирида ишлайдиган танишим ҳикоя қилиб берган бир воқеа ҳамон ёдимда.

Ҳайит байрами куни дўконимга чиройли кийинган эр-хотин кириб келди. Уларнинг ортидан чақалоқ кўтариб олган ёши улуғ онахон кўринди. У дўкон остонасидан бир-икки қадам ўтгач, жойида туриб қолди. Келинчак эса турли-туман қимматбаҳо буюмлар териб қўйилган ойнали пештахталардан бошини кўтаролмай, кўзига яхши кўринган ҳамма нарсани тақиб кўрар, маъқулларини нархига парво ҳам қилмасдан харид қиларди. Тўлов пайтида йигирма беш миллион бир юз етмиш минг сўм бўлганидан ранги ўчиш ўрнига эр бир юз етмиш минг сўми қаердан келгани билан қизиқа бошлади… Тутоққанича харид қилинган бир талай тилла буюмлар ичидан кўримсизгина узукни олиб, менга қарата улоқтирди ва минғирлади:

– Кампирларга нима бор экан, тилла тақиб.

Муштипар она унинг гапини эшитгач, йиғлаб дўкондан чиқиб кетди. Дўконнинг ойнаванд деворидан уни кузата бошладим. У ўғлининг машинасига маъюс ҳолда ўтирди.

Бойваччанинг бу ҳолидан кайфияти бузилган аёли қўлларини пахса қилиб, эрини койий кетди.

– Нима қилардингиз, а шундай қилиб?.. Уфф, шу етмай турувди. Аламига болага қарамай қўйса, кимни энага қиламиз?! Энага излашга вақтим йўқ.

Эр-хотиннинг ўзаро суҳбатидан англадимки, кўнгли ўксиган аёл йигитнинг онаси. Ҳайратдан ёқамни ушладим. Бўғзимга келган сўзни тутиб туролмасдан йигитга танбеҳ бердим.

– Жуда ҳам хунук иш қилдингизда биродар. Она кўнгли учун битта узук нима бўлибди. Бу қадар пасткашликка бориш шартмиди? Узр сўранг.

Гапим таъсир қилдими, ёки бўлган ишдан ўзи ҳам хижолат тортдими ҳарқалай, машинада ўтирган онасининг олдига бориб:

– Хоҳласангиз ўша узукни ола қолинг ойи, бўлди йиғлайверманг, намунча?!.. – дея тўнғилади…

Бу воқеани эшитиб жуда таъсирландим. Ота-онани бошидаги тож, бирисин ой, бирисин қуёш, деб билган олижаноб халқимизнинг асл қадриятлари қаерда қоляпти?

Ота-онага яхшилик қилиш фарз, уларни ранжитиш, дилларини оғритиш эса улкан гуноҳдир.

Одилхон қори Юнусхон ўғли

Яна ўқинг:  Боксчиларимиз муваффақияти

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: