Темурбекнинг болалиги

Ҳар биримиз ҳам Амир Темур ва Темурийлар даври ҳақида ўқиб-ўрганиб, кенгроқ билимга эга бўлишни истаймиз, аммо манбалар шу қадар кўпки, улардан қай бирини ўқишни билмай гоҳо бошимиз қотади. Улуғ саркарда болалиги қандай ўтган? Унинг дунёни лол қолдирган тадбирлари кичкиналигидан бўй кўрсатганмиди? Шу каби саволлар юртдошларимизни доимо қизиқтириб келган. Хўш, Амир Темур болалигида қандай фазилатлар эгаси бўлган?

Маълумотлар озми?

Амир Темурнинг болалик ва ўсмирлик йиллари ҳақида маълумотлар оз, дейишади. Аслида бундай эмас: агар у тўғрисида ёзилган беҳисоб асарларни синчиклаб қарасак, кўпдан-кўп қимматли маълумотларга эга бўламиз. Улар орқали буюк Соҳибқироннинг ёшликда қандай таълим-тарбия олгани-ю, фикри-зикрини нималарга қаратганини билиб олишимиз мумкин. Дунёнинг даҳо инсонларидан бири саналган Темурбек ҳақида сўз юритар эканмиз, унинг асл сиймосини яратиш учун болалик ва ўсмирлик даврларини чуқурроқ ўрганиб, таҳлил этиш зарур, деб ҳисоблаймиз. Боиси, унинг ёшлик йиллари ҳақида бир-биридан қизиқарли, жиддий ва арзирли воқеа, афсона, ривоятлар билан бирга бир-бирини инкор этувчи, қарама-қарши, зиддиятли ҳикоятлар ҳам анчагина. Масалан, уларнинг бирида Темурбек туғилган кеча Ҳисор тоғлари қаттиқ силкиниб, зилзила рўй бергани-ю, даҳшатли бўрон тургани ҳақида ривоят қилинади.

Донолар бу воқеани шарҳларкан, дунёга ҳукмронлик қилувчи шарофатли зотнинг туғилиши ҳақида сўз юритади. Ибн Арабшоҳ эса Темурбек туғилган кечаси осмонда темир қалпоқчага ўхшаш қандайдир учар жисмнинг пайдо бўлгани ва унинг ерга қулаб, сочилиб кетгани, чор-атрофга чўғ ва учқунлар сачрагани ҳақидаги ривоятни келтиради. Билъакс, илгари пайтларда Амир Темур ҳақида тўғри маълумотларнинг озлиги боис бундай чўпчаклар тез болалаб кетиб, турли тескари ривоятларнинг келиб чиқишига сабаб бўлган эди. Бугунга келиб эса қўлимизда шунчалар кўп асл манбалар борки, улар орқали ўқувчиларимизга буюк Соҳибқирон ҳақида етарлича маълумотлар бериш имкониятига эгамиз.

Темурбек неча ёшда мактабга борган?

Унинг ўзи “Зафар йўли” китобида шундай ёзади:

“Етти ёшга тўлганимда, мени мадрасага топширишди ва қўлимга алифбони тутқазишди; мен ўқий бошладим ва эришган муваффақиятларимдан ғоят севинчга тўлдим”.

Ҳофиз Обрў “Зубдат ут-таворих” асарида Темурбек мактабнинг аълочиси бўлгани ҳақида ёзади.

“Амир Соҳибқирон мактабда ўз тенгқурларидан сабоқда ўзиб кетарди. Балоғат ёшига етгунча илм, адаб, хат ва суханворлик касб этди. Ундаги теран билим шижоатга пайванд бўлди ва шундан сўнг амирлик мансабини эгаллади”.

Яна ўқинг:  Эркатой ширахўрлар

Меҳмондорчиликда

Давлатшоҳ Самарқандийнинг “Тазкират уш-шуаро” асарида аҳамиятга молик шундай воқеа мавжудки, у бизга Темурбекнинг ёшликдан зеҳни ўткир бола бўлганини исбот этади.

“Дейдиларки, Соҳибқирон етти ёшлигида отаси билан бир қариндошиникига борди. Ул киши бадавлат, нуфузли зот бўлиб, фаровон кун кечирарди. Унинг етмишта турк ва ҳинд қули бор эди. Ўша киши Соҳибқироннинг отасига шикоят қилди: “Худо менга молу давлат берди, лекин уни сақлашга тамом ожизман. Қулларимиз сабр-тоқатли эмаслар, фарзандларим эса салоҳиятсиз. Шу сабабдан молу дунёмга нуқсон етмаса деб қўрқаман”.

Соҳибқирон гапга аралашди ва деди: “Эй ота, фарзандларингизга молу молларингиздан бўлиб беринг ва уларни молу мулкингизга дохил қилингким, улар ўзлари билан ўзлари овора бўлсинлар… Ҳар уч қулни улардан ақллироқ қулнинг ихтиёрига топширинг. Уларга етти қулни амир қилинг. Кейин етмиш қулга бош бўлган ана шу еттита қулни бир-бирига таъзимга ва ташрифга буюринг. Уларни кўздан қочирманг, чунки улар бир-бирлари билан кўп гаплашишлари мумкин”.

Мезбон дарҳол Амир Тарағайга: “Ақлли гапларидан кўринадики, фарзандинг жаҳонга подшоҳ бўлишга лойиқ“, деди ва зудлик билан қалам ва сиёҳдон келтириб, Темурбек мабодо тахтга ўтирса, унинг фарзандлари, зурриёди ва яқинларидан хирож олмасликни, уларнинг гуноҳларидан ўтишни, қавми тархон қилинишини ёздириб олди.

Давлатшоҳ Самарқандийдан ўқиймиз: “Ул қавм то шу замонгача Туркистон диёрида тархондурлар”.

Ақлу идрок

Темурбекнинг хотираси шунчалик кучли эдики, бир ўқиганини дарҳол эслаб қоларди. Ўша йилларда Арасту, Аҳмад Фарғоний, Ибн Сино, Мусо Хоразмий, Аҳмад Яссавий, Жалолиддин Румий асарлари билан бир қаторда озарбайжонлик Маҳмуд Шабистарийнинг “Гулшани роз” (“Сирлар гулшани”) ғазалларини ҳам ёд олган эди. Орадан йиллар ўтиб, Озарбайжонни Тўхтамишнинг ҳужумларидан ҳимоя қилишга борганда, “Шабистар” деган қишлоққа дуч келади ва манзилнинг номи унга шоирни ва унинг китобини эслатади. Сўраб билсалар, китоб муаллифи шу қишлоқда яшаб ўтган экан. Қишлоқ аҳли Темурбекка унинг қаровсиз қабрини кўрсатадилар. Соҳибқирон ҳазратлари бу ерда мўъжаз мақбара тиклашни, вақф еридан тушадиган даромадлар ҳисобига катта боғ барпо этишни ва шоир қабрини обод зиёратгоҳга айлантиришни буюради ҳамда қишлоқ аҳлини тезда рўйхатга олишни сўрайди. Қишлоқнинг ўн беш ёшдан юқори бўлган аҳолиси сони 3891 нафар экан. Уларнинг ҳар бирига беш мисқолдан олтин улашилади. Бу 20 кило олтин демакдир. Буюк Соҳибқирон ҳазратлари шоирга ана шундай юқори даражада ҳиммат кўрсатади.

Яна ўқинг:  Қуёшга қараб яшаш саодати

Тўққиз ёшда

Темурбек тўққиз ёшга тўлганда, отаси Муҳаммад Тарағай шаҳарнинг кўзга кўринган билимдон кишиларини тўплаб, ўғлини имтиҳондан ўтказади, эскича айтганда, хатми Қуръон қилади. Нигоҳлари ўткир, зийрак Темурбек бошини қуйи эгиб, остонада одоб билан чўккалаб ўтиради. Пирлари бўлмиш Шамсиддин Кулол ҳазратлари мамнун кулимсираб, уни саволга тутади:

– Энг яхши ўлтириш қандай, бекзода?

– Темурбек одоб билан:

– Тиз чўкиб ўлтиришни энг яхши ҳисоблармен, устоз! – дея жавоб қилади.

– Нечун?

– Саждага борганда, шундай ўлтирадилар! – дейди у.

Шамсиддин Кулол, бошқалар ҳам унинг доно жавобидан қониқиш ҳосил қилиб, унга тасанно айтадилар. Сўнгра Қуръони Каримдан савол-жавоблар бошланади. Темурбек барча саволларга ҳеч бир хатосиз тўла жавоб қайтаради. Қуръон сураларини қонун-қоидаларга риоя қилиб, қироат билан тиловат қилганда, унинг жарангдор ва жозибадор овози ҳаммани маҳлиё этади. Маросимда қатнашганлар унинг истеъдодига таҳсинлар ўқийдилар. Унга тўн, белбоғ ва салла туҳфа этадилар. Бир қуролсоз эса унга феруза дастали қилич совға қилади. Яна унга Ҳофиз унвонини ҳам берадилар. Тўққиз ёшли бола учун бу энг катта шараф эди. Ваҳоланки, айрим зотлар бир умр илм олиб, бу номга сазовор бўлолмаганлар.

Ўн олти ёшида

Амир Темурнинг сўзини ўқиймиз:

ўн олти ёшга тўлдим. Отам Амир Тарағай мени масжидга олиб келди ва ота-боболаримдан қолган одат бўйича аскарларга бошчилик қилиш ҳуқуқи шу кундан менга ўтишини эълон қилди”.

Бўладиган бола бошидан маълум. Темурбек ҳам ўн олти ёшида катта ҳаётга қадам қўйган эди.

Минг олтинга сотиб олинган ҳикмат

Муҳаммад Тарағай бир сурув қўйни ўғлига бериб, Самарқанд бозорига савдога йўллайди.

Темурбекнинг ўзи бу тўғрида шундай ёзган:

“Қўйларнинг ҳаммасини минг олтинга сотиб, пулларни белга боғлаб сайр қилиб юрардим. Бир ерда хушовоз қаландар одамларга сўзлаб турган экан: қўлида қоғоз – шеър битилган. У дер эди:

– Шул ёзувнинг қадрига етиб, ким минг олтунга олса, дунёнинг охирига етади…

Ҳимматим жўшиб, минг олтунни қаландарга тутқаздим. У менга тикилиб турди-да, сўнг насл-насабимни сўради. Айтдим. Сўнг тайин қилди:

Яна ўқинг:  Муаллим ўқувчиларга ҳар жабҳада ўрнак бўлмоғи лозим

– Отанг олдиға борғил, буни унинг олдида ўқи, борғунча очма!

Қоғозни келтириб, падари бузрукворимга бердим. Очиб ўқидилар. Форсча рубоий экан – маъноси қуйидагича: зулм билан дунёда ном қолдириб бўлмайди. Жамшид, Сулаймон, Искандарлар ўтиб кетди, навбат сенга ҳам етиши тайин. Дунёга келдингми, яхшилик билан ном қолдир…

Рубоийнинг муаллифи – ўшал қаландар-аллома шоир Камол Хўжандий эркан. Ул зотни падари бузрукворимиз кўп ҳурмат қилар эрканлар.

– Баракалло, ўғлим, кўп доно ишга олтунларни сарф этибсан. Энди, минг олтунға олган ушбу ҳикматга қатъий риоя қилмоқ лозимдур!

Падари бузрукворнинг айтқонларини бош устида тутдим”.

Яхшиликка интилиш

Ибратли томони шундаки, Темурбек доимо яхшиликка интилди, ўзига кўрсатилган яхшиликларни сира унутмади. Масалан, ўн саккиз ёшида бўронда қолиб, йўлдан адашиб кетади. Изиллаган совуқ, қорин оч. Ҳеч бир ердан нажот йўқдек эди. Шу ерда ҳаётимиз тугаса керак, деб ўйлаб, ўлимга тайёргарлик кўра бошлайдилар. Чарчаб, тамом ҳолдан тойиб қолганларида, узоқдан милтиллаган чироқ кўринади. Бориб қарасалар, қамишдан ясалган ўтов экан. Мезбон уларни очиқ чеҳра билан кутиб олади. Шу ерда улар жон сақлаб қоладилар.

Темурбек Турон Амири бўлганда, ўтов эгасини ва унинг бутун уруғларини хирож тўлашдан озод этади.

Камолот ёшида

Камолот ёшига етган Темурбек ўз хўжалигини тартибга келтиради. Бу ўринда ҳам биз уни ниҳоятда ақлли йигит сифатида кўрамиз. Чунончи у ҳар ўн хизматкор орасидан уддабуронини танлаб, тўдага бошлиқ этиб сайлайди. Ҳар ўнта туя ва мингта қўйга қараб туриш учун битта хизматкор ажратади. Бутун мулкини бошқарувчисига топширади. Ўша йили экин-тикин мўл бўлиб, қорамол ва қўйлар сони бир неча бараварига кўпаяди. Хуллас, Соҳибқироннинг болалик ва ўсмирлик даври шуни кўрсатадики, ўз юрти озодлиги учун катта кураш майдонига ниҳоятда зукко, билимдон, қўрқмас, метин иродали йигит чиқиб келаётган эди.

Халқимиз бежиз айтмаган: “Хон бўлсанг-да боғ ярат, гадой бўлсанг-да, боғ ярат – бир кунмас бир кун мевасини татирсан!” Кишидан яхши ном, яхши сўз қолганига нима етсин!

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: