Бувимнинг дуолари мени қўллайди
Бувим шу йил ёзда 90 ёшни қаршилайди. Бувимнинг туғилган санасини аниқ билмайман-у, улар доим “…Онамнинг айтишича, мен айни қовун пишиғида туғилган эканман”, – дея кулиб қўяди. Бувимнинг ану шу “қовун пишиғида туғилганман…”, деган сўзини фахр билан айтишининг ўзида шу туғилган юртга, киндик қони тўкилган тупроққа бўлган чексиз меҳр-муҳаббати, садоқати уфуриб турганини ажин босган нурли юзларидан, хира тортиб қолган кўзларининг маъноли боқишларидан уқиб олгандек бўламан.
Ўша пайтларда, айни болалик давримизда бувимнинг бирор тўй ёки маросимдан “набираларимга” деб илиниб, енгининг барида тугиб келадиган хўрозқанд, қурт ёки бир бўлак ҳолва бизга шу қадар тансиқ ва қадрли туюлардики, ҳозир энг сархил егуликни тотинганимда ҳам ўша таъм ва мазани топиб бўлмаслигини тушунаман. Чунки, ўша ширинликларда бувимнинг қайноқ меҳр-муҳаббати, ёшликнинг саргашта лаҳзаларининг бетакрор мазаси қўшилган бўлса, ажаб эмас.
Айни пайтда, вояга етиб, ўқиб, ҳозирда пойтахтда яшаётган бўлсамда, мудом шўх-шодон болалигимни, бувимнинг серажин, меҳр балқиб турган юзларини, унинг дастурхон бошида қўл очиб ўқиган узундан-узоқ дуоларини ёдга олавераман. “…Насибангизни қаердан терманг, соғ-омонликда, орқамда қолиб юринглар. Олганингиз олтин бўлсин! Кўпнинг қаторида туринглар. Каттага ҳурматда, кичикка иззатда, юртда ардоқда бўлинглар, болаларим!…”
Бувим ва раҳматли бобомнинг мустажоб дуоларининг ижобати ила акам ва мен пойтахтда яшаб, ёлғиз онамнинг ёрдами ва ғамхўрлигида ўқиб, билим олдик, касб эгалладик. Айни дамда мен пойтахт марказидаги нуфузли газеталардан бирида саҳифаловчи бўлиб фаолият кўрсатиб, аҳил жамоамиз ва тажрибали раҳбаримизнинг кўрсатма ва топшириқларини ўз вақтида адо этишга, улардан ибрат олишга ҳаракат қилиб келяпман.
Биз бахтли фарзандлармиз, омадли ёшлармиз. Чунки, давлатимиз раҳбарининг биз ёшларга кўрсатаётган чексиз ғамхўрлиги, илм олишга, касб-ҳунар ўрганишга, эркин меҳнат қилишга, тадбиркорликни ривожлантириш учун биз ёшларга барча шарт-шароит ва кенг имкониятларни яратиб бераётгани шу юртда яшаётган ҳар бир инсоннинг юрагида фахр ва ифтихор туйғуларини уйғотиб, шу она Ватанга муносиб фарзанд бўлишга ундайди.
Ўқиган сари яна ўқигинг, излангинг, жавлон уриб меҳнат қилгинг келади. Бундан ташқари, яқинда муҳтарам Президентимизнинг таклифи билан жорий 2015 йилнинг “Кексаларни эъзозлаш йили” деб номлангани яна бир муҳим ва қувончли воқеа бўлди. Чунки, бу сўзлар биз ёшларга кексаларни ҳурмат қилиш, уларнинг оғирини енгил қилиб, эъзозлаш, қадрлаш, қимматли ўгит ва насиҳатларига қулоқ тутиш ҳамда уларга муносиб фарзандлар бўлиб вояга етиш масъулиятини юклайди.
Демак, олис туман ёки вилоятларда бир йилда бир ёки икки марта зўрға хабар оладиган фарзандларининг дийдорини соғиниб, йўлига интизор кўз тутаётган бобо-бувиларимиз, ота-оналаримиз ва яқинларимизнинг жамолига тез-тез мушаррафликка, уларнинг соғинчу қувончларига шерик бўлишга, уларга қисқагина вақтли дийдоримизни, лаҳзалик бахтли онларни ҳадя этишга шошилайлик!
Мен ҳам бу йилги режаларим қаторида аввало вилоятда бизни, яъни доимо онам ва акамни соғиниб кутадиган, биз учун азизу мукаррама бўлган, тўқсон билан тўқнашаётган қадрли бувижоним – Мушаррам аянинг мустажоб дуосини, беминнат ўгитларини олишга, иссиқ бағри ва меҳридан баҳраманд бўлишга аҳд қилдим. Чунки, бу сўзлар юрагим тубида ётган соғинчларни, меҳр-оқибат туйғуларини оловлантириб юборди, ўзлигимни англашга даъват этди. Бир вақтлар бувим бизга илинган тотли егуликлар эвазига ўз меҳнатим билан топган маошимдан тансиқ таомлар билан сийлаш истагини уйғотди.
Истагим, барча кекса ва нуронийларимиз, уйимизнинг фариштаси бўлган отахон ва онахонларимиз биз ёшларнинг бахтига доимо соғ ва омон бўлишсин!
Лазиз МЕЙЛИКОВ