МУРУВВАТ КАРВОНИ

“Саломатлик” поезди Навоий вилоятида сафарда бўлди

Инсоният яралибдики, кишилар бир-бири билан мулоқотга киришиб, ўзаро меҳр-оқибат ришталарини мустаҳкамлашга интилган. Яхшилик, эзгулик хислатларини ўзида жо айлаган. Дўстлик, ҳамжиҳатлик билан умргузаронлик қилган. Ўзбек халқи ҳам тарихан шаклланиш жараёнида бағрикенглик, бирдамлик, тотувлик ва меҳр мурувват туйғуларини муқаддас қадрият сифатида эъзозлаган. Беморлар ҳолидан хабар олиш, ночорларга ёрдам қўлини чўзиш элимизнинг азалий одатларидан бўлиб келган.

Истиқлол йилларида эса аҳоли турмуш тарзини яхшилаш борасида самарали ишлар амалга оширилаётир. Хусусан, аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш, она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш, оила институтини мустаҳкамлаш, маънан ва жисмонан соғлом авлодни камол топтириш мақсадида самарали ишлар йўлга қўйилди. Қолаверса, боқувчисини йўқотган, ижтимоий муҳофазага муҳтож оилаларни қўллаб қувватлаш, уларнинг саломатлигини таъминлаш мамлакатимиз давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Узоқ йиллардан буён юртимизнинг чекка ва олис ҳудудлари аҳолисини қамраб олаётган “Саломатлик” поезди лойиҳаси фикримизнинг яққол исботидир.

“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди ва “Ўзбекистон темир йўллари” давлат акциядорлик компанияси ҳамкорлигида ташкиллаштирилаётган “Саломатлик” поезди бу гал Навоий вилоятида бўлди. Юртимизнинг ҳудудий жиҳатдан чекка ва экологик ноқулай жойларида истиқомат қилувчи аҳолини тиббий кўрикдан ўтказиш мақсадида 22-30 март кунлари Тошкент – Тинчлик – Конимех – Мустақиллик – Бузоубой – Учқудуқ II – Тошкент йўналишида “Саломатлик” поезди сафарга чиқди.

Манзилли юклар дебочаси

Таъкидлаш жоиз, “Соғлом бола йили” Давлат дастурида белгиланган устувор вазифаларни ҳаётга татбиқ этиш борасида “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди кенг қамровли ишларни амалга оширмоқда. “Саломатлик” поезди ҳам ушбу эзгу ишларнинг узвий давомидир. Тиббий кўрик ва инсонпарварлик ёрдамларини тарқатиш давомида 2 минг 654 нафар фуқарога ҳамда Навоий вилоятининг 46 та ташкилот ва муассасаларига 62 миллион 600 минг сўмлик ва 695,5 минг АҚШ доллари миқдоридаги озиқ-овқат, кийим-кечак, турли мавзудаги буклетлар, дори-дармон ҳамда санитария-гигиена воситаларидан иборат инсонпарварлик ёрдами кўрсатилгани фикримизнинг тасдиғидир.

Ушбу мурувват юкларини шакиллантиришда “Дори-дармон” акциядорлик компанияси, “Diva-teks”, “Braibanti technology”, “Jahon invest plast”, “Diyor biznes” масъулияти чекланган жамиятлари, “Nestle-Uzbekistan”, “Remidi”, қўшма корхоналари, АҚШнинг “Ameri Cares”, “Toms Shoes” ташкилотлари яқиндан кўмак берди.

Яна ўқинг:  Ёш чемпионлар

Энди хасталикдан Ҳоли

Эл ғамидаги жонкуяр шифокорларнинг олис сафарда ҳормай-толмай кишиларга хизмат қилаётганини кўриб, дилинг яйрайди. Маҳаллий аҳоли уй юмушларидан бўшаб бир зумга “Туман марказида тиббий кўрикдан ўтиб келай”, дея уйидан чиқиши мумкинми? Шаҳаргача бир неча юзлаб километрлик масофа борлигини инобатга олсак, бу савол сизни ўйлантириб қўйса ажаб эмас. Шу ўринда буюк бобомиз Абу Али ибн Синонинг “Онаси вужудидаёқ гўдакни қил эҳтиёт, унга бирор офат етмай, туғулсин у барҳаёт” деган сатрлари хаёлимизга келади.

Президентимиз Ислом Каримовнинг 1998 йил 10 ноябрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш давлат дастури тўғрисида”ги фармони ана шундай ҳолатларни бартараф этишга ҳамда ташкил этилган бу каби лойиҳалар чекка ҳудудларда ҳам аҳолига хизмат кўрсатадиган соғлиқни сақлаш тизими, шу жумладан, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича яхлит тизимни шакллантиришда муҳим омил бўлди.

Ҳудудий жиҳатдан чекка ва экологик шароити ноқулай жойларда истиқомат қилувчи аҳолига тиббий ёрдам кўрсатишда ҳам замонавий асбоб-ускуналар ёрдамида текширувларни ўтказиш юртимизда инсон ва унинг манфаати энг олий қадрият эканидан далолат беради. Шу боис, тиббий кўрик давомида аниқ лаборатория таҳлиллари ҳамда замонавий текширув усулларига таянган ҳолда ташхис қўйилади. Жумладан, ушбу “Саломатлик” поезди доирасида ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган 1 минг 937 нафар фуқаро чуқур тиббий кўрикдан ўтказилиб, шифокорлар томонидан касаллик аниқланган беморларга соғломлаштириш юзасидан тавсия ва маслаҳатлар берилди.

Мутахассислар томонидан замонавий тиббий асбоб-ускуналар ёрдамида текширувлар ўтказилиб, аниқ лаборатор таҳлилларга ва замонавий текшириш усулларига таянган ҳолда ташхислар қўйилди. Жумладан, 348 нафар фуқаро ЭКГ текшируви, 875 нафар фуқарога 2 минг 625 та УТТ текшируви ҳамда 1 минг 99 нафар фуқарога 3 минг 297 та лаборатория текширувлари (қон ва пешобнинг умумий таҳлили, суртмаларнинг таҳлили, эритроцит, лейкоцит, СОЭ текширувлари ва қондаги гемоглобин миқдори аниқланди) ўтказилди. Хусусан, айрим болаларда эндокрин тизими касалликлари (эндемик буқоқ), камқонлик, аллергик хасталиклар ва моддалар алмашинувининг бузилиши (рахит) аниқланди.

– Ўз соғлиғимдан шубҳалансам, албатта, туман ёки шаҳар марказига бориб кўрикдан ўтаман. Чекка ҳудудда истиқомат қилишимизни инобатга олсак, бу менга бироз қийинчилик туғдирарди, – дейди “Бузоубой” овул фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Гулзира Тўлинбаева. – Ўтган йили “Саломатлик” поезди шифокорлари томонидан керакли тавсия ҳамда йўлланма олганим учун таянч ҳаракат тизимидаги оғриқлардан буткул фориғ бўлдим. Бу сафар фарзандимни тиббий кўрикдан ўтказгани олиб келдим. Ушбу поезд шифокорларидан бениҳоя миннатдормиз.

Яна ўқинг:  Xushxabar raqamlar

Бу каби инсонлар кўп йиллардан буён она ва бола саломатлигини муҳофаза қилаётган тиббиёт ходимларининг ёрдами ҳамда қўллаб қувватлашларидан мамнун.

– Поездимизда кўрик учун зарур бўлган барча асбоб-ускуналар мавжуд. Аҳоли саломатлиги, айниқса, она ва бола соғлигини мустаҳкамлаш учун қўлимиздан келган барча ёрдамларни бермоқдамиз, – дейди Ўзбекистон темир йўллари ДАК соғлиқни сақлаш хизмати бош педиатри Шаҳло Аҳмаджонова. – Тиббий кўрик давомида катта ёшдаги фуқаролар ўртасида турли хасталиклар, яъни юрак-қон томир, асаб ва эндокрин, нафас олиш тизими, таянч ҳаракат тизими хасталиклари аниқланди. Бемор болалар ва ўсмирларга амбулатор шароитда, шунингдек, туман ва вилоят миқёсидаги шифохоналарда стационар даволаниш учун йўлланмалар берилди.

Тиббий кўрик “Ўзбекистон темир йўллари” ДАКнинг “Саломатлик” тиббий санитария ёрдам поезд шифокорлари, фонднинг Навоий вилоят ҳудудий филиали тиббий ижтимоий патронаж бригадаси мутахассислари ва Навоий вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси шифокорлари томонидан амалга оширилди.

Ўзгалар дардига камарбасталик – олий саодат

Мурувват юкларининг биринчи манзили “Тинчлик” темир йўл бекати бўлди. У ерда Навоий шаҳри, Навбаҳор, Нурота, Кармана, Хатирчи, Қизилтепа туманлари аҳолисига инсонпарварлик ёрдамлари топширилди. Меҳр-мурувват “карвони”нинг дебочаси бўлмиш ушбу бекат, Тинчлик қўрғони, Конимех, Томди, Учқудуқ туманлари ва Зарафшон шаҳрининг чекка ва олис манзилларига уланди.

Сафаримиз давомида фонд вакиллари ва шифокорлар ҳамкорлигида Навоий шаҳридаги педагогика коллежи ўқувчилари билан аҳоли тиббий маданиятини шакллантириш, “Она ва бола” скрининги текширувларининг моҳиятини тушунтириш мақсадида давра суҳбати ўтказилди. Унда ўсмир қизлар учун “Эрта никоҳ қуришнинг салбий оқибатлари ҳақида биласизми?” “Қариндошга қуда бўлманг” каби бир неча турдаги буклетлар тарқатилиб, ўзаро фикр алмашилди.

– Сафар давомида ижтимоий муҳофазага муҳтож оилалар, ногирон ва боқувчисини йўқотган кишиларга (3 минг 440 нафар фуқарога) манзилли тарзда озиқ-овқат маҳсулотлари, уй-рўзғор буюмлари, дори-дармон ва санитария-гигиена воситаларидан иборат инсонпарварлик ёрдамлари етказиб берилди, – дейди “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди “Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш” бўлими бошлиғи Жумабек Нуров. – Шу билан бир қаторда фонднинг Навоий вилояти филиали тиббий-ижтимоий патронаж бригадаси орқали марказий ва болалар шифохоналари, туғруқ мажмуалари ҳамда болалар махсус мактаб-интернатларига хайрия ёрдамлари кўрсатилди.

Яна ўқинг:  ФАРЗАНДИМГА

Дори-дармон, санитария-гигиена воситалари, тиббиёт жиҳозларидан иборат юклар темир йўл бекати тиббиёт пунктлари, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси, қишлоқ врачлик пунктлари, туман тиббиёт бирлашмаларига қарашли марказлар ҳамда фонднинг таянч масканларига топширилди. Шунингдек, 60 та ногиронлик аравачаси ногиронлар ва боқувчисини йўқотган фуқароларга манзилли етказилиб берилди.

Ушбу инсонпарварлик юкларини фонднинг Навоий вилояти минтақавий таянч масканлари ва “Маҳалла” хайрия жамоат фонди шаҳар ва туман бўлинмалари вакиллари билан ҳамкорликда ташкил қилинди.

* * *

Сафаримиз поёнига етиб, поездимиз азим Тошкент сари отланди.

Биз ҳали бу манзилларга, албатта, қайтамиз. Ўшанда ҳам чеҳрасида мамнуният балқиб турган, ҳар томонлама соғлом ва кенг фикрли инсонлар бизни ёруғ юз билан кутиб олади. Атрофимиз дуркун улғаяётган жажжи авлоднинг шўх қийқириқларига тўлиб тошади. Зеро, “Саломатлик” поездининг ўз олдига қўйган асосий мақсади ҳам аслида шудир.

Наврўз НОРБОБОЕВ,

Тошкент – Навоий – Тошкент.

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: