Ёш истеъмолчи – зийрак, билимдон, интилувчан

Истиқлол йилларда инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Нодавлатнотижорат ташкилотларига ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларига қаратилаётган юксак эътибор қувонарли ҳолдир.

Ўсиб келаётган ёш авлоднинг ҳуқуқий саводхонлиги ва истеъмолчи сифатидаги маданиятини ошириш мақсадида академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари ўртасида “Энг иқтидорли ёш истеъмолчи” кўрик-танлови анъанавий тарзда ўтказилиб келинаётгани юқоридаги фикримизнинг яққол далилидир.

Бу галги тадбир Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси, Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш ва Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмиталари, “Ўзстандарт” агентлиги, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилди.

Ушбу танлов 2003 йилдан бошлаб ўрта таълим мактабининг юқори синф ўқувчилари ҳамда 2006 йилдан академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчи-ёшлари ўртасида таъсис этилган эди. Бугунга келиб танлов ҳар йили 100 дан ортиқ академик лицей ва 1000 дан ортиқ касб-ҳунар коллежларида таълим олаётган бир миллиондан ортиқ ёшларни қамраб олган. Таъкидлаш жоиз, бу ёшларнинг ҳуқуқий билимларининг ошишида муҳим аҳамият касб этаётир.

– Ҳар битта оилада истеъмолчи маданиятини шакллантириш асосий вазифаларимиздан биридир. Ташкилотимизга ўтган йилнинг ўзида 8 минг 400 дан ортиқ шикоят хати келиб тушган бўлса, уларнинг тенг ярмини ўқувчи ва талабалардан келган хатлар ташкил қилади, – дейди Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерацияси матбуот ва ахборот бўлими бошлиғи Умида Мансурова. – Ушбу танлов ёшларни истеъмолчи ҳуқуқини англашга қаратилган. Қувонарлиси, ҳозирги ёшларимиз ўз муаммолари ҳамда ён атрофдаги қонунбузарликларга бефарқ бўлмасдан унга чора кўриш юзасидан тегишли идора ва ташкилотларга мурожаатини тўғри йўналтирмоқда.

Бу галги танлов натижалари бўйича биринчи ўринни Наманган юридик касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Диёра Хаққулова эгаллади. Фарғона хизмат кўрсатиш ва сервис касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Нилуфар Авазбекова иккинчи, Хўжайли тиббиёт касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Манзура Эрниёзова учинчи ўринга муносиб, деб топилди.

“Энг зийрак истеъмолчи” йўналишида Жиззах педагогика касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Ирода Жаъфарова ғолиб бўлди.

Т.ОРТИҚОВА

Яна ўқинг:  САРАТОННИ ДАВОЛАЙДИГАН ВАКЦИНА ЯРАТИЛДИ

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: