“Витаминлар хазинаси” салати
Керакли масаллиқлар: ундирилган мош ниши, сариқ ва қизил булғор қалампири, помидор, лимон, қуруқ пишлоқ (фета), кўк пиёз, зайтун меваси, селдерей ҳамда петрушка кўкатлари.
Тайёрлаш: булғор қалампири ва помидорлар узун сомонча шаклида кесилади. Пишлоқни ҳам тўртбурчак шаклида тайёрлаймиз, кўк пиёз ва кўкатларни майда тўғраймиз. Сўнг уларни аралаштириб, 1 дона лимон мевасининг учдан бир қисми шарбатини томизамиз. Кейин зайтун ёғи ҳамда таъбга кўра туз солиб аралаштирамиз.
Мошни ундириш: ярим косача мошни обдон ювиб, сирли идишга соламиз. Уни ниш уриб чиққунича 2-3 кун илиқроқ жойда устини дока билан ёпиб қўямиз. Униб чиққан оппоқ мош поячалари салатга қўшилади.
Карам ва пишлоқли Запеканка
(тоблаб пиширилган овқат)
Керакли масаллиқлар: 400 гр. брокколи карами, 400 гр. рангли карам, 200 гр. брюссел карами (бозор пештахталарида бор), 6 дона товуқ тухуми, 500 мл. ёғи камайтирилган сут, 100 гр. қуруқ пишлоқ, таъбга кўра райҳон барглари, тимьян ва тархун кўкатлари.
Тайёрлаш: уч хил карамни қайнаган тузли сувда 10-15 дақиқа ичида пишириб оламиз. Кейин уларни совутиб, гулли шохчаларидан бўлиб қўшамиз.
6 дона тухумни сут қўшиб миксер ёрдамида суюлтирамиз, унга кўкатлардан қўшамиз. Қуруқ пишлоқни икки бўлакка бўламиз. Бир бўлагини қирғичнинг майда тишидан ўтказамиз. Иккинчи бўлагини эса кичикроқ тўртбурчак шаклида кесиб оламиз. Ундан кейин ўсимлик ёғи сурилган идишга карамларни жойлаштириб, устига тўртбурчак қилиб тўғралган пишлоқни жойлаймиз ва суюлтирилган тухум ҳамда пишлоқни қуямиз.
Тайёр маҳсулотни 160 даражагача қиздирилган газ печи (духовка)да 20 дақиқа мобайнида пишириб оламиз. Тайёр бўлган запеканканинг устига қирғичдан ўтказилган пишлоқни сепиб, яна 15-20 дақиқа пишириб оламиз.
Нодира ЗАЙНИДДИНОВА,
ЎзДЖТУ талабаси