Табиатнинг тотли туҳфалари
Қадимда турли халқлар ундирилган буғдой, жавдар, тариқ, сули, арпа ва дуккаклилар (мош, ловия, нўхат, ясмиқ, яшил нўхат, соя) ерёнғоқ, писта уруғи шифобахш хусусиятга эгалигини яхши билган. Айниқса, қишдан кейин баҳорги “илик узилди” даврида ҳам дармондориларга бой гиёҳлар униб чиққунича ундирилган донли ва дуккакли ўсимликлардан турли таомлар тайёрлашган.
Ўзбек халқи ҳам Наврўз таомларидан ҳисобланмиш сумалакни ундирилган буғдойнинг оқиш майсасидан тайёрлайди. Ҳамма суюб истеъмол қиладиган ҳалимни ҳам ошпазларимиз буғдой ёрмасидан меъёрга келтириб пиширади.
Ундирилган донли ва дуккакли ўсимликлар таркибида калий, калций, кремний, хром, селен, мис, рух, темир, йод, B5, E, C, D, P витаминлари ва фолий кислота кўп миқдорда мавжуд бўлади. 3 мм узунликда ундирилган оқиш рангдаги буғдой майсасининг шарбатидан ярим-бир стакандан ҳар куни наҳорда оч қоринга бир ой давомида истеъмол қилиш организмни ортиқча ва зарарли хилтлардан тозалайди. Дастлабки кунларда ундирилган майсани истеъмол қилиш ични суради, у танани бироз бўшаштириши ҳам мумкин. Яна баъзиларда бош айланиши кузатилади. Аммо, бундан асло ташвишга тушиш керак эмас. Чунки, организм хилтлардан тозаланаётган бўлади.
Меъда ва ўн икки бармоқ ичак яра касалликлари мавжуд беморларга бу маҳсулот тавсия этилмайди. Шунингдек, ушбу шифобахш табиий неъмат истеъмол қилинган даврда сутли маҳсулотлар, асал, гул чанги, мўмиё, женшень (“олтин илдиз”) кабилардан парҳез қилиш зарур.
Юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, бир неча хил витаминлар организм фаолиятида муҳим ўрин тутади. Мунтазам истеъмол қилинган турли донлар ва дуккакли маҳсулотларнинг ундирилган майсаси кўриш қобилиятини яхшилайди. Бир неча ойдан сўнг эса беморнинг кўзойнак тақишига ҳам эҳтиёж қолмайди. Агар соатлаб телевизор қаршисида, компьютер олдида ўтиришни одат қилган киши ёки макияжни суиистеъмол қилиб, ҳаддан зиёд бўёқ суртган хотин-қизларга ҳатто ундирилган, шифобахш майсалар ҳам ёрдам бермаслиги мумкин. Оқилона овқатланиш (табиий мева-сабзавотлар ҳамда хом майсаларни истеъмол қилиш), парҳезга амал қилиш, соғлом турмуш тарзи ҳамда ўз вақтида дам олиш (кун тартиби ва уйқу), очиқ ҳавода сайр, турли стресс (руҳий зўриқиш) ва депрессия (тушкунлик)дан ўзини асраш ҳар бир инсоннинг соғлом яшаши ва узоқ умр кўриши учун пойдевор яратади.
Буғдой майсасини истеъмол қилгач инсон ўзида бир қанча ижобий ўзгаришларни сеза бошлайди. Яъни моддалар алмашинуви яхшиланиши билан ортиқча вазндан қутилади. Шунингдек, танадан зарарли хилтлар чиқиб кетгач, тери майин тортиб, ёшаради. Кўзлар чақнайди. Сочлар қалинлашиб, жилоланади. Иммунитет мустаҳкамланиб, таянч-ҳаракат, асаб тизими, қон-томир, меъда-ичак тизими фаолияти яхшиланади. Қонда кислород миқдори ошади. Организмнинг совуққа ва кислород етишмаслигига нисбатан чидамлилиги ошади. Одатда камқонликда ва қон қуйилганда ушбу белгилар кузатилади.
Халқ табобатида ундирилган оқиш майса хавфли ва хавфсиз ўсмалар, турли шишлар ва ёғли тиқилмаларнинг сўрилиб кетиши учун тавсия этилади. Чунки организм хилтлардан тозаланса, турли яллиғланиш ўчоқлари ўз-ўзидан сурилиб кетади. Дон таркибидаги ўсимлик клетчаткаси меъда-ичак тизимида шишиб, ўзига организмдаги заҳарли моддаларни шимиб олади. Тозаланган аъзолар эса мўътадил фаолият юритади. Танада иммунитетнинг мустаҳкамланишига ичаклардаги ижобий микробнинг тиклангани сабаб бўлади. Шунинг учун кандидоз (малочница-оқчил) касаллиги яна қайталанмайди. Камқонлик туфайли синувчан бўлиб қолган тирноқлар ҳам асл ҳолига қайтади.
Майсаларни қандай ундириш керак?
Маълумки, экиладиган буғдойга турли заҳарли дорилар билан ишлов берилади. Бу эса турфа зараркунандалардан асрайди. Шунинг учун истеъмолга яроқли буғдой ва дуккаклиларнинг майсасидан фойдаланиш зарур. Яна шуни эслатиб ўтамиз-ки, агар майса жуда ҳам ўсиб ва бир оз яшил тусга кирса, тахир бўлади. Ҳатто, унинг фойдасидан зарари кўпроқ бўлиши мумкин. Узунлиги 3 мм бўлган оқиш майсани истеъмол қилиш керак.
Одатда дориланган ёки пуч уруғлар сув юзига қалқиб чиқади. Таъкидлаш жоиз, икки кечаю кундуз давомида униб чиқмаган донлар ҳам истеъмолга яроқсиздир. Агар майсалар нотўғри ундирилган бўлса, ичак таёқчаси ва сальмонеллёз касаллигини юқтириб олиш эҳтимоли ҳам юқори бўлади.
Шунинг учун уруғларни қайнатилган совуқ сув ёки газсиз булоқ суви билан яхшилаб ювиш керак. Катта ёшли ҳар бир кишилар учун 50-100 грамм миқдоридаги донни ундириш мумкин. Ундирилган майсаларни чинни ёки сирли идишга солиб музлаткичнинг пастки қисмида оғзи ёпиқ ҳолда 48 соатгача сақлаш тавсия этилади. Тиндирилган майсаларнинг ранги бир оз қорайган бўлса, ёки унда оз-моз моғор пайдо бўлганини сезсангиз, уни асло истеъмол қилманг.
Қуруқ нўхат дони ивитилгандан сўнг ўн кун давомида 2 см узунликда ўсади. Донлар яхшилаб ювилгач, чинни ёки сирли идишга устидан кўмиб турадиган қилиб сув солинади. Ҳидланиб ёки моғорлаб қолмаслиги учун тез-тез суви алмаштирилиб турилади.
Дон ва дуккаклилар хона ҳароратида ёки илиқроқ жойда қуёш тушиб турадиган жойда ундирилади. Аммо сумалак учун ундирилган буғдойга қуёш нури тушмаслиги керак ва бу дон ҳам вақти-вақти билан намлаб турилади. Сумалак учун тайёрланадиган буғдой яхшилаб ювилгач, қоронғу ва тоза жойдаги ёғоч хонтахта устига бўз мато солиниб, устига ювилган буғдой бир текис солинади. Илиқроқ жойда майсалар оқиш бўлиб, игна бўйи ниш уриб, униб чиқади. Ана шу униб чиққан майса гўштқиймалагичдан ўтказилади (Илгарилари ундирилган буғдой майсаси катта-катта ёғоч ҳовончаларда янчилар эди). Майдаланган оқимтир майса сиқиб шарбати олинади. Бир неча марта ювиб ва сиқиб олинган майса ниҳоят “ўз вазифасини бажариб бўлади”. Ундирилган буғдойнинг ширали ва дармондориларга бой ширасидан онахонлар сумалак тайёрлашади.
Мош, ловия, соя каби дуккаклилар 7-10 см узунликкача ниш уриши мумкин. Аммо, улар оқиш рангда бўлсагина истеъмол қилинади. Жавдар ва соя майсаси таркибида ўсимлик гармонлари ва ёғ мавжуд. Дуккаклиларда эса протеин, амина кислоталар кўп бўлади. Простата бези ялиғланган эркаклар учун ундирилган жавдар майсасини истеъмол қилиш тавсия этилади. Ундирилган дуккаклилар моддалар алмашинуви ва уйқуни яхшилайди. Мия фаолиятига ижобий таъсир этади. Шунингдек, ундирилган писта уруғи таркибида ҳам турли витаминлар мўл.
Уруғлардан таом ва салатлар тайёрлаш
Ундирилган уруғларни қуритиб, уларни миксер ёки ҳовончада янчиш йўли билан ун тайёрлаш мумкин. Ундан бўтқа тайёрлаб ёки кўкатли ва сабзавотли салатлар устига сепиб истеъмол қилса бўлади. Тариқ дони майсасини қуритиб, ундан тайёрланган ун ҳам қандли диабет билан оғриган беморлар учун шифобахш ҳисобланади.
Тариқ майсасини кофемайдалагич, миксер ёки ҳовончада майдалаймиз. Устига қайнаган совуқ сув соламиз. 3-5 дақиқа қайнатамиз ва қайнатмани 20 дақиқага тиндириб қўямиз. Кейин кисельни сузиб оламиз, янги тайёрлаган ушбу қайнатмани 15 кун давомида ҳар куни истеъмол қилиш зарур.
Юқорида биз ундирилган буғдой ва дуккаклилар майсасини меъда ва ўн икки бармоқ ичак ярасида истеъмол қилиш мумкин эмас, деган эдик. Аммо бу чеклов тариқ майсасидан тайёрланган кисель учун истисно этилади. Турли ундирилган майсаларни бўтқалар билан димлаб пишириш ҳам мумкин. Шунингдек, гўштқиймалагичдан ўтказилган ундирилган уруғларни юпқа нон шаклига келтириб, ёғ суртилган товада иккала томонини салгина қизартириб олиш мумкин. Бу хушхўр кулчалар ҳам ҳаммага бирдай ёқишига ишонамиз.
Хулоса ўрнида шуни айтиш керак-ки, она табиатнинг ўзи табиб. Курраи Заминнинг ҳар қаричида турли касалликларга даво бўлувчи турфа хил ўсимликлар мавжуд. Аммо Она Ер гултожи бўлмиш инсон зоти табиат инъом этган ушбу табиий неъматлар қадрига етиб, улардан оқилона фойдаланиш, зарур.
Гулчеҳра ШИРИНОВА