Доривор дамламалар – ҳам ичимлик ўрнида, ҳам шифо

Шифобахш ўсимликлар дунё бўйлаб жуда кенг тарқалган. Айтиш мумкинки, деярли ҳар бир ўсимликнинг ўзига хос дориворлик хусусияти бор. Фақат бу хусусиятдан тўғри фойдалана билиш лозим. Мутахассислар уй шароитида дамлаб ичиш мумкин бўлган бир нечта чойларни тавсия қилишадики, улардан меъёрида фойдаланиш оила аъзоларининг саломатлигини мустаҳкамлашда муҳим роль ўйнайди. Масалан, мурчни ҳаммамиз яхши биламиз, бу хушбўй зираворни хуш кўрувчилар кўп. Мурчни фақат таом тайёрлашда қўшимча таъм берувчи сифатида эмас, балки оддий кўк чой билан қўшиб, шифобахш ичимлик ўрнида ҳам истеъмол қилса бўлади. Бундай чой грипп ва ЎРВИ (ўткир респиратор вирусли инфекцияси)ларда пайдо бўлган қуруқ йўтални тузатишда шифо бўлади. Шунингдек, у беморни терлатиш хусусиятига ҳам эга. Мурч ҳатто илон, қорақурт ёки чаён заҳрини қирқади. Халқ табобатида мазкур зараркунандалар чаққан кишига мурчли чой қайта-қайта ичирилган ва бу усул унинг аҳволини яхшилаган. Бундан ташқари, бу каби чой меъда ва жигар фаолиятига ҳам ижобий таъсир ўтказади.

Қалампирмунчоқни одатда фақат бир безак ёки хушбўй ифор берувчи модда ўрнида қўллашга ўрганганмиз. Халқ табобатида меъдани заифлашиб, овқат ҳазми ёмонлашган беморларга қалампирмунчоқ солиб дамланган чой ичиш тавсия қилинади.

Седана ҳам бизнинг диёримизда ҳамиша топиш мумкин бўлган маҳсулот. У тумовда фойда беради. Асал ва иссиқ сув билан ичилса, буйрак ва қовуқдаги тошни туширади. Мутахассислар фикрича, 20-25 дона седана ва бир чой қошиқ қора ёки кўк чой ҳамда асал қўшиб дамланган чой организмга ниҳоятда фойдали.

Райҳон солиб дамланган чой грипп ва ЎРВИда сафрони ҳайдашда наф қилиши, томирлардаги тиқилмаларни йўқотиши қадимдан маълум бўлган. Кийикўтли чой қон босимини туширадиган восита эканини ҳамма билади. Бу доривор гиёҳ ўрнини зира ҳам бемалол босиши мумкин. Зирали чой қон босими кўтарилган беморга берилса, босим меъёрини мўътадил ҳолга келтиради. Фақат бундай чойни 5-6 дақиқа дам едириб, иссиғида тез-тез ичиш керак.

Бу маҳсулотларнинг хусусиятларини билиш, шу билан бирга, уларни қўллашдан олдин албатта шифокор билан маслаҳатлашиб, ҳар ким ўз саломатлиги ҳақида маълумотга эга бўлиши фойдадан холи эмас.

Дилдора НУРИДДИНОВА

Яна ўқинг:  Рухшунослардан ўзингиз ва атрофдагиларни тушунишингиз учун 12 факт

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: