Яхши от улоқда синалади
Тўриғи хасталаниб қолди-ю, Эшонқулов домланинг ороми йўқолди, ухлаб уйқусида, ишлаб ишида тайин бўлмади. Тунлари ҳам кўзи илашди, дегунча зорланиб, ожизгина кишнаётган оти кўз ўнгига келади, “биродарлик шу эканда, дараларни гумбирлатиб кўпкарига кирганимда эътиборим бор эди, энди кераксиз бисотга айландимми”, деб зорланаётгандек кўринади. Ёру-биродарлари ким неча бор:
– Энди бунингдан умид йўқ, танаси бутлигида сўйиб юбор, анча пулга сотиш мумкин, – деб син солишди.
Домла уларга на “ҳа”, на “йўқ”, деб жавоб қайтаради. Ахир улар отни “биродарим”, “қисматдошим” дея қалбига яқин олганини қаердан билишсин! “Болам” дея атаганини одам ўғли ўз қўли билан қассобга топшириб билармиди?! Ахир у бежизга ёшлигидан олиб тарбия қилган ўғиллиги – қайин укасининг фарзанди Нуриддинни ҳам, тўриқни ҳам бир ном билан – “Жескар” деб атамаганди. Ўзини яхши-ёмон кунларида аскардай ҳимоя қиладиган икки қўрғон, деб билади икковини.
Йўқ, ким нима деса десин, йигирма йиллик биродарини ювиб-тараб, кафанлаб сўнгги йўлига кузатади, маъракаларини жойига қўяди, бу дунёи дунда унинг “икки Жескари”дан бошқа кими бор? Умрлик ёстиқдоши деса, уни ҳам безурёдлик тириклайин гўрга тиқди. Ранг-рўйи бир ҳол, қуруқ судури судралиб юрибди.
– Биламан, Жескарни сотиб юборишга кўнглингиз бормайди, лекин ҳаром ўлдириб уволига қолиш ҳам яхши эмас. Мол зоти инсонга хўрак учун яратилган. Дўстларингизнинг маслаҳатини олинг, – дейди баъзида кампири.
– Ўзинг айт, – дейди домла тутоқиб, – бу дунёда Тўриқдан бошқа кимимиз бор, эртага сену меним номимизни шу жонивор баҳона эслашмаса, нима деб эслашарди?!
Шу билан орадаги мунозара ниҳоясига етади. Эшонқулов домла яктагини елбағай олиб, Тўриғи ёнига ошиқади. Мана жонивор, кун сайин устихони бориб суягига қадалаяпти.
– Эҳ, Жескар, энди сенам мени ёлғизлатиб кетмоқчимисан, оғайни дегани ҳам шунчалик номард бўлама, ҳеч вақт биродар-биродарига шу қадар хиёнат этама?!
Хаста тулпори билан суҳбат қураётган домлани учқур хаёллар олис-олисларга етаклаб кетди…
* * *
Дегморон қишлоғидаги кўпкаридан ҳафсаласи пир бўлиб чиққан боғучорбоғлик Рўзимурод чубар (чеккагир чавандоз бўлгани учун шундай лақаб беришган) отининг бошини қизилмозорлик узоқроқ қариндоши Жўрабой домланикига бурди.
Тоғлик меҳмонни қадрлайди.
Меҳмонсиз ўтган кунини кун санамайди.
Меҳмоннинг вақтига қараб жонлиқ ўлдиради (қўй, эчки сўяди маъносида).
Ҳеч бўлмаганда, овқат тортилмасдан меҳмоннинг хабарини олмайди.
Жўрабой домла меҳмонини қучоқ очиб, қарши олди:
– Келинг қариндош, бошингиздан сочала сепайлик, қандай шамоллар биз томонга учирди?
– Дегморондан кўпкаридан қайтаётгандим, сизни бир зиёрат қилай дедим.
– Э-э, яшанг, кўпкаридан гапиринг, кўпкаридан, бўрими тулки?
– Ҳеч бундай қуруқ қўл билан қайтмасдим, соврин олмаганим десам, елкаларим ҳалигача зирқираб оғрияпти. Лекин кўпкарида бир от кўрдим, от эмас лочин экан.
– Эгаси ким экан, балки мен танирман?
– Эгасиниям суриштирдим, манзилини ҳам билдим. Сиз уни танийсиз, ҳамкасабангиз экан, Дуобда яшаркан. Икки отман лабига қистирган “Астра” папиросини буруқситиб, ҳар сўзнинг олдига “ну” деб қўшаркан. Бечора бефарзанд эмиш.
– Сиз Ҳомид акани айтаяпсиз шекилли, у киши асли ўзимиздан, Дуобдаги мактабга муаллим бўлиб бориб, доимий яшаб қолган.
– Ўзимам сизга келсам, мушкулим битишини билгандима.
– Ҳозирги замонда мушкул иш қолдими, айтинг дардингизни?
– Ўзингиздан қолар гап йўқ қариндош, энди бир элчилик қиласиз.
– Тушунмадим, қанақа элчилик?
– Ўртага тушиб шу отни олиб бермасангиз бўлмайди, майли, эгаси кўнглига сиққанини сўрасин.
Жўрабой домла мушкул аҳволга тушди. Қариндошининг мушкулини битираман деса, буёқда Ҳомид домласи. Отини от эмас, фарзанд деб билади. Безурёдлик аламини шу отга суяниб енгади.
Биродарлар, отга ишқибозлик ёмон экан.
Бу кўйга тушган одам мол-дунёсини ҳам бир тийинга олмас экан.
Унинг дўсту-биродари ҳам, топган-тутган бойлиги ҳам севимли оти бўларкан.
Йўқ, эҳтимол ишқибоз деб нотўғри атагандирмиз.
Аслида отнинг ишқибозлари эмас, жиннилари бўларкан.
Ишонмасангиз, Эшонқулов домла билан бир гурунглашиб кўринг.
Дарди-дунёсини унутмаса мана, Жўрабой малим кафил.
– Бўлмайди қариндош, мен Ҳомид акага отингизни сотинг деб боролмайман. У кишининг овунчи ҳам, севинчи ҳам шу тўриқ от. Эшитгандирсиз, отини Жескарим деб суяди. Қўй ошна, битмайдиган ишга қўл уриб, ўзингни ҳам, мени ҳам хижолатга қўйма.
Рўзимурод чубарнинг бошлаган ишидан қайтиш чўти йўқ эди:
– Сизга ишониб келгандан сўнг бунчалик бўлмабди-да қариндош, бир оғиз сўраб бериш шунчалик қийинма, бермаса ўзимизнику ушлаб қолмас.
– Билмагандан сўнг гапираверасиз-да, ошна…
…Жўрабой домла бу ишга бош қўшмади.
Ойда-йилда бир марта эшигини қоқиб келган узоқ қариндошининг кўнглини қолдирди.
Қариндош уни тушунмади, этагини жаҳл билан силкитиб, хонадонини тарк этди.
Балки юзкўрмас бўлиб кетар энди, лекин “Ҳомид аканинг дилини вайрон этгандан”…
…“Майли, ҳозир хафа бўлсаям, вақт келиб англаб етар”, деб дилини овутди…
* * *
Калта қишлоғилик Суюн чавағон давралардан орттирганини ўртага ташлаб, элга икки кунлик кўпкарили тўй эълон қилди.
Эшитганлар яқин-йироқдан ёғилиб келаверди.
Чавандоз кўпми ишқибоз, ишқибоз кўпми чавандоз, ҳисобига етиб бўлмади.
Тоғ одами икки макон тутади.
Бириси яшайдиган ҳовлиси.
Иккинчиси тошлоқ бўлса-да, меники деб белгилаган томорқаси.
Суюн чавандоз кўпкари чопилаётган ялангликнинг ёнидаги ўзига тегишли ернинг атрофига икки метрча баландликда тош девор териб чиққанди.
Курашу-кўпкарининг ўзига хос удуми бор.
Даврани ёш полвонлар бошлаб беради.
Шу боис дастлаб шовлоқ берилади.
Шовлоқ – шоҳ улоқ дегани.
Шовлоққа оқ улоқ сўйиб ташланади.
Бу йўлингиз оқ, Хўжаи Хизир мададкор бўлсин дегани.
Шовлоқда тойкашларга уч-тўрт соврин айтилади.
Тойкаш – ҳали катта давраларга киролмайдиган от.
Улоқчи от кунига йигирма-йигирма беш кило емни кўрдим демайди.
Тойкашнинг уззукун егани аранг икки-уч килога етади.
Суворийси ҳам шунга яраша – ҳаваскор.
Бўлажак чавағон тойкашларда қатнашиб пишади.
Кейин оқсоқоллардан бири фатво берди:
– Кийганларингиз кимхоб, ичганларингиз шароб, еганларингиз кабоб, дўстлар арбоб, душманлар хароб, қилган ишларингиз савоб бўлсин, олинглар олдирманглар, енгинглар енгилманглар, Ҳаммангизга Ҳазрати Алининг пири ёр бўлсин, омин!
Катта кўпкари бошланди, даврага калталик Зиёдулла Хўжаёров чил тулпорини миниб баковуллик қилди:
– Аҳай-аҳ-хей-й-й чавоғонлар, гапимни қулоғингга яхшилаб қуйиб ол, бу даврада ғирромлик кетмайди, Суюн яхши ният билан бошингизни бириктирди, унинг сизларга атагани кўп, олган олганники, давра эса зўрники. Биринчи солимни айтаман…
Тўйнинг овозаси етти иқлимга кетгани учун ҳамма ўралардан чавандозлар келганди. Тўйнинг биринчи куни элликдан ортиқ солим ташланди, зотни ҳалоллаган чавандозлар яйради, улушга эришолмаганлар тишини қайради, кечга томон чавандозлару мухлислар эртанги кун хаёллари билан қўноқ жойларига тарқади. Туни билан у уйдан, бу уйга дўмбирасини қўлтиқлаб айланган Комил бахшининг овози осмон тоқини тўлдирган юлдузлар жилваси остида янгради.
Иккинчи кун давра баковули бирин-кетин катта совринларни эълон қилди, тақимига бостириб олган такани чавандозлар орасидан олиб ўтиб, майдон ўртасига ташлайверди, зўрларнинг зўрлиги ожизларнинг юрагини ғашлайверди.
Давра узра мухлисларнинг олқиши бир зум бўлсин тиним билмади, улар қўлларини пахса қилиб, навбатдаги зотни айирадиган чавандозлар ҳақида жадални авж олдиришди:
– Мана, кўрасизлар, бош соврин кўкабулоқликларда кетади.
– Бизникилар нима, кепак ейишган деб ўйлайсанми?!
– Ҳаҳ, ҳайқириғингга ўлиб қолай.
– Қаддингни тик тут чавағон, жонинг борми ўзи…
Ким неча таналар чавандозлар қўлида бурда-бурдага бўлинди, майдон осмонида гўшт нимталарини кўзлаган ўлаксахўр қушлар пайдо бўлди, гуёки бир майдонда икки хил кўринишдаги тортишув намоён бўлганга менгзади. Зўр келган қушлар бошқалари устидан ғолибликларини кўз-кўз қилаётгандек бир ўлжасини титкиласа, бир қаддини ростлаб, атрофга намойишкорона син соларди.
Давранинг бош совринида така ярим соатча сурдак бўлганидан сўнг “бахмал тўриқ”ни минган қизилсойлик Мажид чавандоз солимни тақимига босиб, тўй эгасининг атрофи баланд тош ҳаёт билан ўралган томорқасига кириб кетди. Унинг изидан юзларча чавандоз от сурди. Така яна сурдакка тушди. Мажид чавандоз тулпорлар тўдасидан ажралишнинг ягона йўлини танлади, у анча хавфли бўлса-да, “Бахмал тўриқ”нинг жиловини девор томонга бурди, жонивор рақибларини танг қолдириб, чавандозларнинг қалбига ҳайрат солиб, баланд ҳаётдан сакраб ўтди. Ким неча отларнинг зарб билан тош деворга урилганидан тўши ёрилди.
Ўшанда “Бахмал тўриқ”қа меҳри тушган Сурхонлик чавандоз Ҳомид домланинг уйига ҳали мойи артилмаган “Виллис”ни миниб келди:
– Домла мошина сизники, от меники бўлсин, – деди у ўртага калитни отаркан.
Доимий одатига кўра чўнтагидан “Астра” сигаретини чиқариб ўт олдирган домла ҳалқа-ҳалқа тутунларни ичига ютаркан, меҳмонлардан узр сўради:
– Хафа бўлманг меҳмон, шинавандалигингизни тан олдим, аммо, от сотилмайди.
* * *
“Баҳмал тўрик” ҳақида гап кетганда биз борган давраларнинг ҳаммасида оғиздан бол томиб сўз юритилди:
– Дархонлик Семангир бобонинг тўйини эслайсизларми, – сўз бошлади давранинг бошидан бери миқ этмай ўтирган, умрининг қирқ йилини сурув изидан юриб, чўпонликка бағишлаган Саттор бобо Нормуродов. – “Баҳмал тўриқ”ни галма-галидан минган ўзимизнинг Алпон билан Панжи йигирма бир совринга эга чиққанди.
“Новабулоқ”даги кўпкарида машҳур човағонлар – Рустам Бекмурод “Чил” оти билан, Барот Қулай “Бахмал тўриқ”да нишабликда солим тортишиб, Рустам Бекмурод таканинг бир оёғидан пастга, Барот Қулай қарама-қарши томонга от суриб, ноўнғай ҳолатда ғолиб чиққани кимнинг ҳайратини оширмайди.
Биродарлар, бежизга баковуллар катта давраларда солимни ҳалоллаган чавандозни эмас, отнинг тусини эълон қилишмас экан.
Кўпкарида ҳал қилувчи вазифани нафақат чавандознинг чапдастлиги, балки унинг остидаги арғумоқнинг давра кўрганлиги бажарар экан.
Яхши от эгасининг номини давраларда улуғлар экан.
Абдунаби АБДИЕВ