Олтин меъёр қоидаси

компьютердан фойдаланишга ҳам тааллуқли

Компьютер бугун халқ хўжалигининг барча соҳаларига, шунингдек, ҳар бир оилага кириб келди. Унинг ёрдамида биз қисқа вақтда минглаб маълумотларни оламиз, сақлаймиз ва зарур пайтда таҳлил қиламиз. Меҳнат фаолиятимизни компьютерсиз кўз олдимизга келтира олмаймиз. Фарзандларимизга уларнинг ўқиш жараёнига ёрдам беради, қолаверса, энг кўп тарқалган овунчоғига ҳам айланиб қолди.

Компьютер техникасига интернетнинг кириб келиши унинг фойдаланиш доирасини яна бир-неча баробарга оширди. Танганинг икки томони бўлганидек, агар биз компьютердан оқилона фойдаланмасак, у туфайли соғлиғимиз масаласида юзага келадиган айрим муаммолар ҳам йўқ эмас. Тўғри, унинг организмга салбий таъсирлари ҳали охиригача ўрганилмаган. Аммо, ундан нотўғри фойдаланиш, яъни узоқ вақт қолиб кетиш сабабли юзага келаётган муаммолар бугун фанда исботланган. Биринчи муаммо бу – унинг атрофида юзага келадиган электромагнит нурланишлар саналади. Қолаверса, кўриш аъзолари, мушаклар ва бўғинларга салбий таъсири, уйқусизлик, асаб бузилиши ва жароҳатлар, нафас йўлларида юзага келадиган айрим муаммолар шулар жумласига киради.

ЭЛЕКТРОМАГНИТ НУРЛАНИШ

Уй шароитидаги электр токи билан ишлайдиган кўплаб жиҳозлар, айтайлик совутгич, чанг ютгич, дазмол ва ҳоказолар жуда кам миқдорда электромагнит тўлқинларни чиқарса, микротўлқинли печ, телевизор, компьютер мониторлари нисбатан юқори даражадаги нурларни юзага келтиради. Энг ёмони ҳам шундаки, электромагнит тўлқинларни кўриш, эшитиш, ҳидлаш, тутиб кўриш, мазасини сезиш амалда мумкин эмас. Лекин у биз яшаётган хонада мавжуд бўлади. Компьютерлардан тараладиган электромагнит тўлқинлар асаб тизимининг бузилишига, иммунитетнинг паса­йишига, юрак қон-томир тизими фаолиятининг ўзгаришига, ҳомилага ва ҳомиладорлик жараёнларига салбий таъсир қилиши адабиётларда келтирилмоқда. Россиялик олимларнинг берган маълумотларига қараганда, кунига 2-6 соат компьютер монитори олдида ишловчи аёлларда асаб тизимида функционал ўзгаришлар назорат гуруҳида нисбатан 4,6 марта кўп қайд этилган. Америкалик олимларнинг тадқиқотларига кўра, ҳафтасига 20 соатдан кўп монитор олдида ишлаган ҳомиладор аёлларда боласининг нобул бўлиши хавфи бошқа йўналишдаги ишларга нисбатан икки баробар юқори бўлиши кузатилган.

Швед тадқиқотчиларининг маълумотларига қараганда, бу ҳолат 1,5 маротаба, ҳар хил туғма етишмовчиликлар (нуқсонлар) билан туғилишлар 2,5 баробар юқори эканлиги қайд этилади. Шу боисдан уйда ҳам кундалик ҳаётимизда электромагнит нурлантирувчи жиҳозлардан имкони борича узоқроқ масофада бўлишга ҳаракат қилишимиз керак. Айниқса, болаларни телевизор ва компьютер мониторларидан узоқроқда ўтқазиш лозим бўлади.

Электромагнит тўлқинларнинг одам организмга салбий таъсири тўғрисидаги фикрлар бугун кўплаб баҳс ва мунозараларга сабаб бўлмоқда. Айниқса, унинг кўриш қобилиятига салбий таъсирини ҳеч ким инкор қилмайди. Тўғри кўриш билан, яқиндан катта ёруғлик мавжуд компьютер монитори олдида ўтиришдан биринчи галда кўз чарчайди. Айниқса, болаларда бу ҳолат тез содир бўлади. Кўрингки, болангиз узоқ вақтини компьютер олдида ўтказса, биринчи галда у бўшашган ва жаҳлдор, тажанг бўлиб қолади, кўз мушаклари чарчайди. Олдинига бу ўзгаришга бола оддий бир ёқимсиз ҳолат сифатида қараши мумкин. Аммо кейинчалик офтальмолог ёрдами ва маслаҳати зарур бўлади ва ушбу ҳолатни кўзойнак ёрдамида ҳал этиш мумкин. Бундай хасталикни шифокорлар тез даволайдилар. Аммо, бола яна компьютер монитори олдида узоқ муддат ўтиришни давом эттираверса, кўз мугуз пардасида ўзгаришлар пайдо бўлади. Кўриш жараёни бузилади ва бола у предметларнинг четларини ноаниқ кўради. Биринчи навбатда кўзнинг мугуз пардаси, яъни кўзнинг энг устки тиниқ пардаси зарарланади. Оқибатда, бу кўриш жараёнини издан чиқаради ва кўр бўлиб қолишгача олиб келиши мумкин. Кўриш худди терлаган ойна орқали кўрганга ўхшаб қолади.

Яна ўқинг:  АҲОЛИ САЛОМАТЛИГИНИ САҚЛАШДА ЯҚИН КЎМАКЧИ

Компьютер олдида узоқ муддат ўтириш болаларда, шунингдек, катталарда ҳам остеохондроз ва умурт­қа поғонасининг қийшайишига олиб келиши мумкин. Шунингдек, қўл мушаклари ва бўғинларида, билак ва бармоқларида, елкада оғриқлар пайдо бўлиши мумкин. Айниқса, умуртқа поғонасининг қийшайиши, остеохондроз кейинчалик ички аъзоларда функционал ўзгаришларга олиб келиши мумкин. Бундай ҳолатлар айниқса стул меъёрдан баланд ёки паст бўлганда, компьютер мониторини ноқулай жойлаштирилганда ва энг асосийси, танаффуссиз ишлаганда кузатилади.

Компьютерда ишлаш баъзида унинг носозлиги ва ҳар хил вирусларнинг тушиши, дастурларнинг бузилиб кетиши, хотирада сақлаб кўйган маълумотларнинг ўчиб кетиши киши асабини бузади. Интернет билан ишлашда кўнгилдагидек тезликнинг бўлмаслиги, ундан ҳар хил тўғри ёки нотўғри маълумотларнинг олиниши, асабий жароҳатларга, чарчашга, руҳий зўриқишларига олиб келиши мумкин. Айниқса, болаларда компьютерда турли ўйинларни ўйнашда тезкорлик, топқирлик, тез жавоб реакцияси талаб қилинади ва болаларда асабий зўриқишлар юзага келиши мумкин. Бу ўз навбатида боланинг чарчашига ва ҳолдан тойишга олиб келади. Қайд қилганимиздек, узоқ вақт компьютер билан ишлаш ўз навбатида нафас йўлларимизга ҳам салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Кўп ҳоларда бу аллергик кўринишда бўлади. Нега деганда компьютер ўз атрофида электростатик майдон ҳосил қилади ва ҳар хил чанг заррачаларини ўзига йиғади. Бу чанглар ўпкага ўрнашиб қолиши мумкин. Бундан ташқари компьютер узоқ муддат ишлаганда қизийди ва ташқи муҳитга зарарли ҳавони чиқаради. Айниқса компьютер янги бўлса. Шунингдек, компьютер ҳаво намлигини камайтиради. Мана шу қайд этилган ҳар қайси омил алоҳида ёки биргаликда инсон организмига, шу жумладан, ўпкага ёмон таъсир этади.

Кўплаб ривожланган мамлакатларда атиги 20 фоиз компьютерлар жойлашган хоналар иш ўринлари ҳозирги замон хавфсизлик талабига жавоб бераркан. Шундай экан, биз юқорида келтирилган компьютер техникаларидан нотўғри фойдаланиш жараёнида юзага келадиган унинг салбий омилларидан қандай қилиб сақланишимиз керак бўлади?

Тавсия этамиз

Остеохондроз ва умуртқа поғонаси қийшайишининг олдини олиш учун:

– Компьютер мониторини олдингизга тўғри жойланг. Мониторнинг юқори қирғоғини кўзингизнинг тўғрисида ёки сал баландда жойлаштиринг. Шунда сиз мониторга тик ва тўғри қарайсиз ва бўйин остеохондрозининг олдини оласиз.

– Сиз ўтирган стул ёки креслода тирсакни қўйиб ўтириш учун суянчиғи бўлиши керак. Оёқларингиз полда эркин ва мустаҳкам туриши керак. Агар компьютердан бўйи турлича баландликка эга бўлган кишилар фойдаланадиган бўлса, стул ёки креслонинг баландлиги бошқариладиган бўлиши керак. Булар биринчидан гавдани тўғри тутишга, қўлларнинг дам олишига ёрдам беради ва оёқларда қон айланишининг яхшиланишини таъминлайди.

Яна ўқинг:  Хива оҳанрабоси дунё сайёҳларини чорламоқда

– Компьютерда ноқулай ҳолатда узоқ муддат давомида ўтиришдан сақланинг. Пастга эгилганда тўғри эгилинг, акс ҳолда умурт­қа поғонаси орасидаги дискларнинг эзилишига олиб келади.

– “Компьютер сичқонча”си ва клавиатура билан ишлашда ҳарфларни енгил ва катта куч ишлатмасдан босинг. Қўл панжасини стол устига ёки махсус қурилма устига қўйиб ёзинг, бу ўз навбатида қўлнинг эркин ҳолатда бўлишини таъминлайди. Компьютерда узоқ муддат ўтириб ишлайдиган кишиларга доимий равишда даволовчи бадантарбия машқлари билан шуғулланиш, турникда тортилиш, юриш тавсия этилади. Қанча кўп машқ қилсангиз шунча яхши самара беради. Машқ жараёнида кўпроқ кўлингизни силкитинг, бармоқларингизни мушт қилиб тугиб яна ёздиринг (10 марта), муштингизни ўз марказида айлантиринг, қўл кафти билан иккинчи қўл бармоқларини босинг. Ушбу машқлар билан сиз қўл ва бармоқларингизда қон айланишини яхшилайсиз. Компьютернинг нафас олиш йўлларига салбий таъсиридан сақланиш учун қуйидагилар тавсия этилади:

– Имкон даражасида тез-тез хонани ҳўллаб тозаланг ва шамоллатиб туринг.

– Хонанинг намлигини кўтариш учун хонага оғзи очиқ идишда сув ёки декоратив сунъий аквариум, шаршара қўйиш хона нам­лигини оширади ва ҳавони табиий ионлаштиради.

– Янги харид қилинган компьютерни биринчи бор ишлатгандан кейин уни бир неча соатга ўчириб қўйинг. Сабаби пластикдан ишланган янги монитор биринчи марта ишлаганда қизиши натижасида ташқи муҳитга жуда катта миқдорда организм учун зарарли модда чиқаради.

Асабингизни асранг

Компьютер билан ишлашда асаб тизимини ҳимоя қилиш учун қуйидагиларни амалга ошириш керак:

Компьютер хотирасига маълумотларни тизимли ҳолда шундай жойлаштиринг-ки, уни ҳеч қандай қийинчиликсиз, асабийлашмасдан топинг. “Сичқонча” ни тез-тез тозалаб туринг. Шунда унинг сезгирлиги ошади ва хоҳлаган жойингизга стрелкани тез олиб борасиз. Интернетда битта берган топшириғингизни узоқ вақт кутиб ўтирманг, тайёрини ўқиб, танишаверинг. Сифатли интернет тармоғидан фойдаланинг. Компьютерингизга ҳар хил вируслар тушишининг олдини олинг. Сабаби бажарган ишларингиз, хотирадаги маълумотлар йўқолиб асабингиз бузилади ва ишингизда унум бўлмайди.

Компьютер билан узоқ муддат ишлашда, айниқса, болаларда кўпроқ кўриш аъзолари зарарланади ва айрим ҳолларда кўзойнак тақишгача олиб келиши мумкин. Хўш, бунинг олдини олиш учун нималарга риоя қилишимиз зарур?

Монитор 45 см узоқлиқда жойлашган бўлиши ва унинг юқори чеккаси сизнинг қараш нуқтангиздан сал пастда, яъни сиз тўғри қараганингизда мониторнинг юқори четини кўришингиз керак. Хонанинг жуда ҳам ёруғ бўлиши мониторга тушиб экрандаги маълумотларнинг кўринишини қийинлаштиради. Аммо жуда кучсиз ҳам бўлмаслиги керак. Сабаби сиз хонадаги бошқа предметларни кўришингизни, қоғоздан матн ўқишингизни қийинлаштиради. Агар бир вақтда қоғоздан ҳам матн ўқиб кўчираётган бўлсангиз китоб ва монитор бир хил баландликда бўлишини таъминланг. Йўқ бўлса, махсус китоб учун мослама тузатиш зарур. Тез-тез экранни тозалаб туринг. Имкон даражасида компьютерда бир соат ишлагандан сўнг 10-15 дақиқа кўзингизга дам беринг. Бунинг учун

Яна ўқинг:  “NIKA PHARM”НИНГ ИСТИҚБОЛЛИ ОДИМЛАРИ

– 10 сонияга кўзингизни юмиб ўтиринг;

– 5-10 cония давомида тез-тез кўзингизни юмиб-очинг;

– Кўз олмаси билан айланма ҳаракат қилинг;

– Бир неча марта бир нуқтага тикилинг ва узоқ – булутларга ҳам қараш билан машқни алмаштиринг.

Кўзнинг кўзғалувчанлигининг олдини олиш учун дамланган чой халта (пакет)нинг совутилганини кўзингизга 10 дақиқа қўйиб ётинг.

Компьютер билан ишлаш жараёнида электромагнит тўлқинлар зараридан сақланиш учун қуйидагиларга амал қилинг:

– Имконияти борича суюқ кристалл мониторли компьютер харид қилинг. Унинг сертификатига эътибор беринг.

– Тизимли блок ва мониторни мумкин қадар ўзингиздан узоқроқ жойлаштиринг.

– Ишламаган пайтда иложи бўлса компьютерни ўчириб қўйинг ва албатта ухловчи режими (тартибидан) унумли фойдаланинг. Мониторни имкон даражасида асосан офисларда девор бурчагига қаратиб қўйилса электромагнит тўлқинларни девор кўпроқ ўзига ютади.

– Таъкидлаганимиздек тез-тез танаффус қилиб ишланг.

– Компьютерингиз, шунингдек харид қилган бўлсангиз ҳимоя экрани ҳам махсус симлар ва қисқичлар орқали ерга уланиши керак.

Ибодулла АБДУЛЛАЕВ,

тиббиёт фанлари доктори, профессор

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: